Мақолалар

Барчага бир хил стипeндия ёхуд хонликлар даврида талабалар қандай таъминланган?

Чоп этилди Sentabr 30, 2019 Барчага бир хил стипeндия ёхуд хонликлар даврида талабалар қандай таъминланган?da fikr bildirishni o'chirish

 

Лотинча «stipendium» — «тўлов» маъносини англатувчи сўз бугун барчанинг қулоғига таниш. Ўзбек тилида оммалашгунга қадар унинг ўрнида нафақа сўзидан фойдаланилган.
Ҳозирда олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг кундузги бўлимлари талаба ва ўқувчиларига, докторантларга, махсус курсларнинг тингловчиларига ҳар ойда бериб туриладиган бу турдаги ҳақ, маош ижтимоий ҳаётимизга яқинда кириб келгандек. Аслида ҳам шундайми? Албатта, йўқ.
Мусулмонларнинг ўрта ва олий ўқув юрти ҳисобланган мадрасалар ҳозирги университетларнинг ўтмишдоши экани барчага маълум. Номи араб тилидаги дараса – ўрганмоқ сўзидан олинган мадрасаларда минг йиллар давомида миллий зиёлилар тайёрланган. Мадраса талабалари эса муллаваччалар деб аталган.
Мадраса муассислари уни таъминлаш учун махсус мол-мулк – вақф ажратишган. Айнан ушбу мулклардан олинган фойда талабалар учун нафақа – стипендия тўлашга ҳам сарфланган. Қуйида тарихимизнинг XVIII–XX ​ асрларида стипендиялар билан боғлиқ айрим жиҳатларга эътибор қаратсак.

АМИР ОЛИМХОН ТАЛАБАЛАРНИ ТАЪМИНЛАБ ТУРГАН
XIX​ аср охири – ХХ аср бошларида Бухоро амирлиги мадрасаларида талабаларга бериладиган таъминот – нафақа миқдори мадрасанинг вақф мулки даромадига боғлиқ бўлган. Шунинг учун ҳам у турли мадрасаларда турлича миқдорда тўланган.
Амирлик мадрасаларида фақат нафақа – стипендия билан чекланмасдан талабаларга ўқиш учун маълум даражада минимал шароит ҳам яратилган: ҳужраларда ўқиш ва ёзиш учун шам, ерга тўшаш учун бўйра (тозаланган қамиш чўпидан тўқилган тўшама) берилган. Ҳаттоки қиш кунларида таҳорат қилиш учун ҳаммомлардан иссиқ сув келтирилган.
Мадраса талабалари учун ҳайит байрамларида катта зиёфат берилган, Рамазон ойида эса уларга кучли калорияга эга овқатлар бериб турилган. Бундан ташқари, талабалар ўзларининг сарф-харажатлари учун мадрасага бириктирилган вақф мулки даромадларидан ишлатишлари ҳам мумкин бўлган. Бироқ буни вақфнома (ҳужжат)да қайд этиш шарт бўлган.
Моддий жиҳатдан таъминланган оилаларнинг фарзандлари четдан маблағ олмасдан таҳсил олишган. Тарихчи Феруза Бобожонованинг қайд этишича, мадрасанинг баъзи талабалари амир ҳукумати стипендияси билан ҳам таъминланган. Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон (ҳукмронлиги: 1910–1920 йиллар) ўзи қурдирган мадраса талабаларини моддий жиҳатдан таъминлаб турган.

ТЎЛОВ-ШАРТНОМА БЎЛМАГАН
Ўз тадқиқот ишида Феруза Бобожонова, шунингдек, Бухоро амирлиги мадрасаларида таҳсил олган талабаларнинг тўрт манба асосида кун кечирганини таъкидлайди: биринчи – вақф даромади ҳисобидан; иккинчи – ёз ойларида ўзининг ўқитувчилик фаолияти ҳисобидан; учинчи – отасининг мол-мулки ҳисобидан; тўртинчи манба эса давлат таъминоти – стипендия ҳисобидан.
Бу ўринда амирлик мадрасаларидаги иқтидорли талабалар ҳам эътибордан четда қолмаган. Мадрасадаги фанларни ўзлаштиришда, шунингдек, таълим-тарбияда ўзини кўрсатган талабаларга давлат стипендиялари тўланган. Бундай стипендия – даҳяк, яъни ўндан бир деб аталган. Унга сазовор бўлган стипендиатларни эса даҳякхўрлар дейишган.
Ушбу стипендия ўз-ўзидан берилмаган. Унинг соҳибига айланиш учун даъвогарлар махсус имтиҳондан ўтишган. Даҳяк олиш учун араб тили ва шариат қоидаларидан имтиҳон топширилган. Унинг натижалари эса шахсан амирга тақдим этилган.
Буни қарангки, Бухоро амирлигидаги мадраса талабалари ўқиш учун, ҳужраларда яшаш учун, кутубхона китобларидан фойдаланиш учун пул тўлашмаган. Буларнинг барчаси талабалар учун текин бўлиб, мадрасага ажратилган вақф ҳисобидан амалга оширилган.

СТИПEНДИЯ ОЛИШДАН МАҲРУМ ЭТИЛГАНЛАР
Манбаларда қайд этилишича, 1776 йилда Бухоро амирлигида бунёд этилган 28 ҳужрали Ғозиён мадрасасида талабанинг дарсларни ўзлаштириш соҳасида таълим дастурининг бажарилмай қолган қисми аниқланиб турилган. Ушбу ҳолатда Бухоро амирлиги талабаларига қандай жазо қўлланган?
Бундай талабаларнинг ўқиш натижалари қониқарсиз деб баҳоланган. Ҳаттоки улар мадраса ҳужрасида яшаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳамда уларга нафақа – стипендия бериш тўхтатилган.
Бу каби ҳолат бошқа мадрасаларда ҳам бўлган. Яна бир жазо чораси сифатида агар талаба бир ҳафта давомида дарсларга узрли сабабларсиз қатнашмаса, унинг нафақаси тегишли миқдорда камайтирилган. Янада қатъий чоралар ҳам бўлган. Башарти талаба мадрасага олти ой давомида келмаса, у нафақа олиш ҳуқуқидан бутунлай маҳрум этилган.
Кўриниб турганидек, бу ҳолатда жазолар асосан моддий усулда қўлланилган. Манбаларда гуноҳкорларга моддий жазо билан бирга керакли ўринларда маъмурий жазо чоралари қўлланилгани ҳақида ҳам маълумотлар учрайди.

ҚЎҚОН ХОНЛИГИДА ТАЛАБАЛАР ТАЪМИНОТИ
Қўқон хонлигининг пойтахтида 1842 йилги маълумотларга кўра 15 та мадраса мавжуд бўлган. Қўқон хони Муҳаммад Алихон (ҳукмронлиги: 1821–1842)нинг вазири Маҳмуд дастурхончи томонидан 1839–1840 йилларда Андижонда қурилган мадрасанинг ўзи суғориладиган 384 гектар ерга эгалик қилган. Унинг таркибидаги 25 та ҳужрада мадраса таълими олиб борилган.
Бу ерда вақф мулкларидан, айниқса, ерлардан тушган даромад катта бўлгани учун мадраса мударриси, бошқа хизматчилар нисбатан юқори миқдорда маош олган, талабаларнинг нафақаси – стипендияси ҳам катта бўлган. Бу – мадраса ходимлари, талабаларнинг моддий жиҳатдан яхши таъминланиши, қўшимча даромад изламасдан, ўқишни яхши ташкил қилиши имконини берган.
Қўқондаги Норбўтахон мадрасасига 19 та савдо дўкони ва битта карвонсарой вақф қилинган. 57 ҳужрадан иборат мазкур мадрасада 120 га яқин киши таҳсил олиб, уларга етти нафар мударрис сабоқ берган. ХIХ асрда мадрасадаги юқори босқич талабалари 16 рубль, ўрта босқич талабалари 8 рубль, қуйи босқич талабалари эса 4 рублдан стипендия олганликлари архив ҳужжатларида қайд этилган.

ХИВА ХОНЛИГИДА ТАЛАБАГА ҒАЛЛА БEРИЛГАН
Совет давридаги тадқиқотларда мадрасаларда таҳсил олиш пуллик эди, камбағал кишиларнинг болалари саводсиз бўлиб қолиб кетишарди, деган маълумотлар кўп учрайди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Аслида ҳам шундай бўлганми?
Бугунги кундаги тадқиқотлар бунинг аксини кўрсатмоқда. А. Абдурасуловнинг маълумотларига кўра, мадрасалардаги аксари талабаларга ҳатто нафақа – стипендия ҳам тўланган, яъни ғалла тақсимлаб берилган. Хива хонлигидаги мадраса талабаларига берилган мазкур ғалла ҳам қўшни давлатлардаги каби вақф ерлари ҳисобидан берилган.

БАРЧАГА БИР ХИЛ СТИПEНДИЯ
Юқоридагилардан аён бўладики, Ўрта Осиёда Россия империяси босқинига қадар мадраса талабаларига сезиларли миқдордаги маблағлар тўланган. Бироқ 1865 йилдан сўнг нафақалар – стипендиялар йиллик 3–4 рублга тушиб қолди.
Бу шунчалик кам эдики, ўш пайтда ҳатто маҳбусларни сақлаб туриш учун ажратилган маблағдан-да ортда қоларди. Шунинг учун ҳам мустамлакачилик даврида мадрасаларда мусулмон илмини ўрганишни истовчилар тобора камайиб борди.
Мадраса таълимидаги ўзгаришлар бу билан тўхтаб қолмади, балки ўзгаришда давом этди. ХХ асрнинг 20 йилларига келиб, мадрасанинг барча хизматчилари белгиланган миқдорда ҳар ой вақф маблағидан хизмат ҳақи олиб, маош олганига имзо чекиши шарт бўлди.
Муллаваччалар – талабаларнинг барчаси ўқиш босқичи қандай бўлишидан қатъи назар, бир хил тақсимланадиган нафақа – стипендия ҳисобидан умумий қозондан озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминланадиган бўлди. Фақат нафақа – стипендиянинг қолдиғи (агар юқорида келтирилганлардан ортиб қолса) талабанинг қўлига бериларди, холос.

ШУ ЎРИНДА МАЪЛУМОТ
Стипендиялар умумий ўрта таълим ўқув юртлари – гимназияларда ҳам берилган. 1876 йили Тошкентда ўғил ва қиз болалар учун рус прогимназиялари (тўлиқсиз гимназиялар) очилиб, улар 1881 йилда гимназияга айлантирилди.
1882–1883-ўқув йилида Тошкент ўғил болалар гимназиясида аълочи ўқувчиларга Педагогик кенгаш томонидан моддий кўмак бериш тизими жорий этилди.
Россия императори Александр II (ҳукмронлиги: 1851–1881)нинг 1868 йил 13 март ва 26 декабрдаги қарорларига асосан, 1885 йили Тошкент қизлар гимназияси ўқувчиларидан 10 нафари махсус стипендия оладиган ва 15 нафари эса иккинчи йилга ўқиш учун тўланадиган ҳақлардан озод этиладиган бўлди.
Ўрта махсус ўқув юртларининг бир тури бўлган семинарияларда ҳам стипендия берилган. 1879 йилда Тошкентда ташкил этилган Туркистон ўқитувчилар семинарияси ўқувчилари учун давлат, хусусий ва жамоат стипендиялари жорий этилган.
Император Александр II номидаги стипендия, генерал-адютант Алексей Николаевич Куропаткин номидаги стипендиялар шулар жумласидан. Улар 190 рубль миқдорида тўланган.

КЎМАК УЧУН БEРИЛГАН СТИПEНДИЯЛАР
1902 йил 12 майда Тошкентда тузилган «Ёрдам» мусулмон жамияти ўрта ва олий ўқув юртларида таълим олишни давом эттираётган талабаларга стипендиялар таъсис этиш ишларини ҳам амалга оширган. Унга фақат эркаклар аъзо бўлса-да, исломдан бошқа дин вакиллари ҳам киритилган.
1923 йил туркистонлик жадидларнинг «Кўмак» ташкилоти орқали 13 нафар ёшлар Германияга ўқишга юборилган. Улар орасида биринчи ўзбек қизи Хайринисо Мажитхонова ҳам бор эди. Германияда таҳсил олаётган туркистонлик талабалар Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси томонидан стипендия билан таъминланган.
1936 йилда очилган Тошкент Давлат Консерваториясининг дастлабки ўқув йилида 64 нафар талаба таҳсил олди. Биринчи йилдаёқ уларнинг 20 нафарига 107 рублдан стипендия берилди.
Совет ҳукмронлиги даврида кўплаб йиллар давомида стипендиялар оширилмасдан келинди. У иккинчи даражали масалалар қаторидан жой олди. Мамлакат даромади ўсиб борган бўлса-да, стипендиялар миқдорлари кўп ҳолларда ўзгаришсиз қолдирилди.

ХУЛОСА ЎРНИДА
Тарихчи олим Абу Бакр Наршахий (яшаган йиллари: 899–959)нинг «Бухоро тарихи» асарида 937 йилги ёнғинда зарар кўргани тилга олинган «Фаржак» мадрасаси Ўрта Осиёдаги дастлабки мадрасалардан бири ҳисобланади. Демак, юртимиз олий таълимининг тарихи минг йилларга бориб тақалади.
Гарчи мазкур мадрасалар Европада кейинчалик урфга айланган университет номи билан аталмаган, уларда асосан диний билимлар берилган бўлса-да, уни битирганлар олий маълумотли мақомга эга бўлганлар. Уларнинг хон мадрасалари, эшон мадрасалари, хусусий мадрасалар каби турлари бўлган.
Мадрасалар моддий таъминотини кучайтириш мақсадида унинг муассислари бундай муассасага махсус мулк – вақф ажратишгани кўплаб мадрасаларнинг моддий жиҳатдан юксалишига сабаб бўлган. Натижада унда таҳсил олувчилар – муллаваччалар учун ҳам етарлича шароитлар яратилган.
Юқорида Бухоро амирлиги мисолида вақф ерларидан олинган даромаднинг талабаларга стипендия тарзида берилгани, бу каби тизим унга ёндош Хива ва Қўқон хонликларида ҳам мавжуд бўлгани ҳақида сўз юритилди. Ҳа, ўрта аср талабалари ҳам ўз иқтидорларига яраша стипендия олишган.
Мазкур нафақалар талабаларнинг илмдан бошқа нарса ҳақида бош қотирмасликларини таъминлаган. Ўзига хос рағбат ва эътироф вазифасини бажарган. Юқорироқ стипендия олиш илинжидаги талабалар ўз устида янада кучлироқ ишлаганлар.

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ, Ўзбекистон Миллий университети талабаси

zamin.uz