Мақолалар

Ҳалол туризм: Мусулмонлар қайси давлатларга кўпроқ саёҳат қилади?

Чоп этилди Oktabr 2, 2019 Ҳалол туризм: Мусулмонлар қайси давлатларга кўпроқ саёҳат қилади?da fikr bildirishni o'chirish

 

Мусулмонлар қайси давлатларга кўпроқ саёҳат қилади? Улар фақат Ислом мамлакатларига боради деган тушунча тўғрими? Мазкур саволларга жавоб топиш учун “Web In Travel” ташкилоти туризм статистикасини таҳлил қилди ва ҳалол туризм ҳақида қизиқарли маълумотларни нашр этди.

“Pew Research Centre” тадқиқот марказининг маълумотларига кўра, 2060 йилга келиб мусулмонлар сони 3 миллиардга етади. Бу эса ер юзидаги ҳар учинчи киши мусулмон бўлади деганидир.

Мутахассисларнинг айтишича, 2017-2020 йилларда ҳалол туризмнинг глобал ўсиш даражаси 32 фоиздан 70 фоизгача кўтарилиши кутилмоқда.

Ислом дини қоидаларига асосланган меҳмонхоналарга буюртма бериш бўйича веб-портал бош директори ҳамда Salam Standard ва Tripfez асосчиси Фаиз Фозилнинг сўзларига кўра, ҳалол сайёҳлик бизнесини очиш энг сердаромод соҳалардан бирига айланади. У миллий сайёҳлик ташкилотларига ўз бизнес стратегияларини ишлаб чиқишда ҳалол туризм сегментини кўриб чиқишни маслаҳат беради. Шунингдек, у стартапларни ишга туширишда ушбу соҳанинг устунликларидан фойдаланишни тавсия қилади.

«Мусулмонлар ҳар жиҳатдан покиза ва ҳалол талабларга жавоб берадиган саёҳат турларини қидирмоқда», – дейди Фаиз. Унинг фикрича, бу чипталарни сотишдан тортиб ўтказиладиган тадбирларни ҳам ўз ичига олиши лозим.

Фаиз бугунги кунда мусулмонлар орасида аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил этмайдиган мамлакатларга саёҳат қилиш тенденцияси кучайиб бораётганини айтади. Тажрибаларга кўра, бундай минтақаларга тақводор мусулмонларнинг саёҳат қилишлари қийинроқ кечади.

Ҳалол туризмда энг катта улуш Осиё мамлакатларига тўғри келади. 2020 йилга келиб уларнинг туризмдаги умумий харажатлари 29,6 миллиард долларни ташкил этади, шу билан бирга Индонезия, Хитой ва Малайзия мусулмонлари сайёҳликда фаолликни сақлаб қолади. Уларнинг харажатлари мусулмон мамлакатлари орасида туристик харажатларнинг 17 фоизини ташкил қилади. Бу эса барча Европа давлатлари сарф қиладиган туризм харажатларига тенгдир.

Яна бир қизиқ факт: дунё мусулмон сайёҳлик бозорининг 80 фоизи 19 мамлакатга тўғри келади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мусулмонлар кўп борадиган мамлакатларда ЯИМ даражаси сезиларли даражада ошган ва кўплаб янги иш жойлари яратилган.

Ўтган йили мусулмон сайёҳлиги туфайли ушбу мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти 148 миллиард долларни ташкил қилди, аҳолининг ушбу соҳада бандлиги эса 4,7 миллион кишини ташкил этди. Прогнозларга кўра, 2020 йилга келиб бу рақам 183 миллиард долларга кўтарилади ва 5,6 миллион киши ҳалол туризм саноатига жалб қилинади.

Қизиғи шундаки, ҳукумати мусулмонларга унчалик дўстона бўлмаган AҚШ исломий туризм соҳасида юқори кўрсаткичларга эга. Aмерика Қўшма Штатлари бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳаларда етакчилик қилмоқда. Масалан, АҚШда 300 минг киши мусулмон сайёҳлиги соҳасида иш олиб боради ва ушбу соҳадан тушган умумий даромад 43 миллиард долларни ташкил этади.

 

Манба: Исламосфера.ру
Ҳамид Содиқ таржимаси