Мақолалар

Арзимас сабабларда ҳам катта хавф бор

Чоп этилди Oktabr 2, 2019 Арзимас сабабларда ҳам катта хавф борda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Миллат маънавиятини юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг ўрни муҳим. Зеро, жамиятда мавжуд қайси бир муаммога назар ташламанг, илдизи оила ва унинг моддий, маънавий-маърифий ҳолатига бориб тақалаверади. Шу боис ҳам мамлакат келажаги оиланинг мустаҳкамлиги билан чамбарчас боғлиқлигини мутлақо инкор этиб бўлмайди.

Афсуски, ҳаётимизда эрта ва қариндошлар ўртасида тузилаётган никоҳлар, ёш оилалардаги ажримлар, аёллар жиноятчилиги, вояга етмаганлар орасида безорилик ва ҳуқуқбузарликлар учраб турибди. Демак, оилалардаги салбий ҳолатларнинг сабабини ўрганиш ва уларни бартараф этиш, оилаларни мураккаб ҳаётий вазиятлардан олиб чиқишда янгича механизмларни жорий этиш талаб этилмоқда.

Тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, бунинг учун биринчи навбатда, оила масалаларига оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарур. Шу мақсадда марказимиз томонидан Оила, Фуқаролик процессуал, Маъмурий жавобгарлик, Меҳнат, Уй-жой, Жиноят кодекслари таҳлил қилинди. Улар асосида оила мустаҳкамлигини таъминловчи 50 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилди.

Аввал уқиб, сўнг оила қуриш

Мамлакатимиздаги 8,3 миллиондан зиёд оиланинг 2 миллиондан кўпи ёш оила саналади. Ўрганиш натижалари ёш оилалардаги ажрашиш сабаблари аксарият ҳолларда йигит-қизларнинг оилавий ҳаёт ҳақида билим-кўникмаси етарли эмаслиги билан боғлиқлигини кўрсатди. Ҳа, агар бўлғуси ёш оила соҳиблари қўша-қўша дипломли, олий маълумотли бўлсаю ҳаёт бобида уқувсиз бўлса, у оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлиши амримаҳол.

Шу боис давлатимиз раҳбари 2018 йил Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида “Оила” илмий-амалий маркази зиммасига “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолиятини йўлга қўйиш вазифасини юклаган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда дастлаб “Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлашнинг ижтимоий-психологик масалалари“ мавзусида 2000 дан зиёд йигит-қиз ўртасида ижтимоий сўров ва тегишли тадқиқотлар ўтказдик. Унинг натижаларига асосланган ҳолда ҳозирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда 116 туман марказида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”ни ташкил этдик. Уларда оила қуриш маданияти, оилавий муносабатларнинг маънавий-ахлоқий асослари, оила иқтисодиёти ва бюджетини юритиш, репродуктив саломатлик ва оила психологияси бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. Мазкур мактаблар фаолиятига 400 дан ортиқ мутахассис жалб этилди. Шу пайтгача уларда 6000 дан зиёд бўлғуси келин-куёв ўқитилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси талабларини бажариш, ёшларни оилавий ҳаётга мақсадли тайёрлаш борасида “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича инновацион мактабларни ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда инновацион мактаблар фаолиятининг асосий вазифалари белгиланмоқда. Савол туғилади: ушбу ҳужжат қабул қилинишининг аҳамияти нимада?

Гап шундаки, мазкур қарор орқали аввало, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги мавжуд камчиликлар, жойларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишга кенг йўл очилади. Оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизими яратилади. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ажримлар, оиладаги можаро ва зўравонликларнинг олдини олиш ишлари янада кенгайтирилади.

“…агар ўз вақтида ёрдам берилганида ажрашмаган бўлар эдик”

Тан олиш керак, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида муаммолармиз ҳали кўп. Хусусан, жойлардаги ўрганиш ва таҳлилларимизда ёшларнинг оилавий турмушга тайёр эмаслиги, келинга қайнона ёки оиланинг бошқа аъзолари турли кўринишда зуғумлар ўтказиши, хотиннинг эр томонидан камситилиши, арзимас олди-бердилар ҳам ёш оилаларни ажратиб юбораётгани, шунинг ортидан бошқа жиддий муаммолар юзага келаётгани ойдинлашмоқда.

Илмий-амалий тадқиқот натижаларига кўра, ажрашган оила вакилларининг 40 фоиздан ортиғи агар ўз вақтида ёрдам берилганида ажрашмаган бўлар эдик, деган фикрда.

Бу кичик рақам эмас

Ҳа, оилалардаги ажрашишлар жамиятимиздаги оғриқли нуқталардан бири. Марказимиз оилавий низоларнинг туб моҳияти, ажримларни илдизини аниқлаш, шу асосда муаммонинг ечимини топишга катта аҳамият қаратиб келмоқда. Биргина жорий йилнинг олти ойи мобайнида республика миқёсидаги ҳамкор ташкилотлар ёрдамида Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ва судга ажрашиш учун ариза берган 900 га яқин оилани яраштиришга эришдик. Саъй-ҳаракатларимиз самарасида ажрашиш ёқасида турган 13,5 мингга яқин оила фикридан қайтди. Натижада 21 мингдан ортиқ бола етимлик қисматидан сақлаб қолинди.

Айни йўналишда оилавий келишмовчиликларни бевосита маҳаллаларнинг ўзида муҳокама қилиш ва эр-хотин муносабатларини жамоатчилик кўмагида мўътадиллаштириш тизими йўлга қўйилгани қўл келмоқда. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 19 мингга яқин оилавий низо шу усулда ўрганилди.

Ажримларнинг сабаби…

Таҳлиллардан маълум бўлдики, оилаларнинг 50,2 фоизи эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, 17,7 фоизи оилавий ҳаётга қайнона-қайнота ва бошқа учинчи шахслар аралашуви, 7,7 фоиз бефарзандлик, 3,3 фоиз хиёнат, 4 фоиз моддий етишмовчилик ва ишсизлик, 5,8 фоиз ичкиликбозлик, 3,8 фоиз ташқи ва ички миграция, 1,5 фоиз оила аъзоларидан бирининг касаллиги, 1,7 фоиз уй-жойнинг йўқлиги ва 5,8 фоиз бошқа омиллар туфайли ажрашиш ажрашиш ёқасига келиб қолган. Эътибор беринг, сабаблар арзимас, жуда жўн ва оддий. Лекин уларнинг ҳар бирида гулдай оиладаги ришталарни барбод қилгудек куч бор, фарзандни ота ёки онасидан айиришга қодир қудрат бор. Бундай пайтда инсоннинг қадри, бой берилган меҳр, ишончга ачинасан киши. Минг афсус…

Бизнингча, бу каби салбий жиҳатларни бартараф этиш учун ажрашиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, жумладан, Оила кодексини инвентаризациядан ўтказиш фурсати етди. Ҳозирда олий ўқув юртларида оилавий психологлар тайёрлашни йўлга қўйишга жуда катта эҳтиёж бор.

Бундан ташқари, оила институти билан ишлайдиган мутахассисларнинг низоли ҳолатларни бартараф этишда медиация хизматидан фойдаланишини йўлга қўйиш, бу бўйича билим ва кўникмаларини такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Оилавий ажримларнинг олдини олиш борасидаги муҳим вазифаларимиздан яна бири замонавий оила моделини тарғиб қилишдан иборат.

Мазкур масалада ҳам сўровлар ўтказдик. Аксарият респондентлар фикрича, замонавий намунали оила – бу соғлом ва муайян маълумотга эга бўлган оила аъзоларига, моддий фаровонлик ва қулай психологик муҳитга эга бўлган, фарзандларни анъанавий миллий қадриятлар асосида тарбияловчи, ФҲДЁда расмий рўйхатдан ўтказилган тўлиқ (ота-онаси бор) оиладир.

Бундай фикр ва қарашлар бизга оиланинг устувор мезонларини аниқлаш ва уларни умумлаштириш имконини берди. Шу асосда анъанавий оила қадриятларини сақлаб қолган ҳолда замонавий оила моделини шакллантириш учун тарихий, маданий шарт-шароитларни комплекс тадқиқ қилиб, уларни ҳаётга жорий этиш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрладик.

Асл ҳолатни ҳаққоний баҳолаш керак

Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатлар малакали кадрларга эҳтиёжни кучайтириши ҳам табиий. Шуни эътиборга олган ҳолда Президентимизнинг ташаббуси билан “Оила” илмий-амалий марказининг ҳудудий бошқармалари қошида ташкил этилган Махсус ўқув курсларида оила билан ишловчи кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган ўқув курслари иш юритаяпти. Уларда оиладаги низоли ҳолатларни ҳал этишнинг ҳуқуқий, психологик асослари ўргатиляпти. Ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва бошқа масалалар юзасидан замонавий услубларда машғулотлар олиб борилмоқда.

Курсларда “Оила” илмий-амалий марказининг раҳбар-ходимлари, фуқаролар йиғинларининг яраштириш комиссияси раислари ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, психологлар, ФҲДЁ органлари ходимлари, патронаж ҳамширалар, профилактика инспекторлари малака ошираяпти, ўзаро тажриба алмашаяпти.

Ҳозирга қадар оила билан ишловчи жами 10 мингга яқин мутахассис ушбу курсларда сабоқ олди. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида яна 5 минг 703 мутахассис тегишли малака сертификатига эга бўлди.

Одамлар ўзи англаб етмаса, бари бефойда

Гап рақамларда эмас, албатта. Энг асосийси, оила институтини мустаҳкамлаш учун реал ҳолатни ҳаққоний баҳолаш керак. Одамларимиз ўз тафаккури билан оиланинг муқаддаслигини англаб етмас экан, уринишларимиз, ундовларимиз бефойда. Шунинг учун аҳоли, айниқса, ёшлар орасида оилани мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот ишларини шунчаки ҳисобот учун эмас, балки халқчил, тўғри ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш зарур. Бизни ўйлантираётган, қийнаётган муаммоларга ечим ҳам, биз кутган натижа ҳам шундагина бўй кўрсатади.

 

Фарида АБДУРАҲИМОВА, 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази 

Тошкент шаҳар бошқармаси ўқув бўлими раҳбари