Дунё янгиликлари

ОАВ: Саудия Арабистони ва БАА Ашраф Ғанининг ёнини олмоқда

Чоп этилди Oktabr 3, 2019 ОАВ: Саудия Арабистони ва БАА Ашраф Ғанининг ёнини олмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

Форс кўрфази мамлакатларининг минтақавий рақобати Афғонистонда ҳам ўз аксини топмоқда. Бу ҳақда Афғонистонни қутқариш бўйича бирлашган ислом фронти «Шимолий альянс» асосчиси Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг акаси Аҳмад Вали Маъсуд Independent нашрига маълум қилди, деб ёзмоқда «Afghanistan.ru». Афғонистоннинг Лондондаги собиқ элчиси томонидан маълум қилинишича, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари президентлик сайловида Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғанини қўллаб-қувватламоқда.

Қатарнинг дипломатик воситачилигига изоҳ берган ҳолда, Аҳмад Вали Маъсуднинг айтишича, Саудия Арабистони ва БАА Қатарнинг соядаги ҳукумат бўлишини истамаяпти. Унинг қайд этишича, мазкур икки мамлакат тинчлик жараёнида асосий ролни ўйнашни хоҳламоқда. «Баъзи хорижий кучлар доктор Ғанининг муваффақиятга эришишини жуда хоҳламоқда ва бунинг устида ишламоқда», — деб таъкидлаган у. Маъсуд БАА ва Саудия Арабистони «Толибон» ҳаракатини ривожлантириш учун кўп маблағ сарфлагани ва ҳаракат кейинчалик Қатар таъсири остига тушиб қолганига эътибор қаратган.

АҚШ шафелиги остида Қатар тинчлик жараёнлари бошланганидан сўнг, бу музокараларни Саудия томонга ўтказишга уринилган, бироқ «Толибон» ҳаракати бир неча марта бунга нисбатан уларнинг музокара ҳолатини ва расмий Қобул билан мулоқот бошлаш жараёнини кучсизлантириш усули сифатида шикоят қилган. «Толибон» манбаларидан бирининг Reuters’га маълум қилишича, Саудия Арабистони ва Қатар ўртасидаги келишмовчилик амалда тинчлик жараёнига путур етказган. Унинг сўзларига кўра, Саудия томони ўт очишни тўхтатиш мақсадида сиёсий офис делегатларига кучли босим ўтказмоқда, ҳатто америкалик музокарачилар ҳам буни талаб қилмаган эди.

Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлиги кенгашининг етакчи мамлакатлари ва Қатар сиёсатидаги қарама-қаршилик 2017 йилда намоён бўлган эди. Ўшанда мустақил ташқи сиёсат сабабли Қатар иқтисодий ва дипломатик характердаги қаттиқ чеклов чораларига дучор бўлган. Араб мамлакатларига Қатар ўзининг Эрон раҳбарияти билан илиқ муносабатлари сабабли ҳамкорлик кенгашининг ҳамжиҳатлигига путур етказаётгани ёқмаган.

Аввалроқ Афғонистон президентлик сайловида кураш олиб бораётган мамлакатнинг амалдаги бош вазири Абдулла Абдулла овоз бериш натижалари номаълум бўлса ҳам, ўзини сайловда ғолиб деб эълон қилган эди.

Афғонистонда 28 сентябрда бўлиб ўтган президентлик сайловида учта асосий сиёсий гуруҳ кураш олиб борди. МСКнинг қайд этишича, овоз бериш куни Афғонистондаги 98 фоиз сайлов участкаси очиқ бўлган. Президент сайловлари кунида уюштирилган ҳужумларда 32 нафар одам ҳалок бўлди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати сайловларда 8 нафар кузатувчини ўғирлаб кетди.

Дарё.уз