Ўзбекистон янгиликлари

Ёнғиндан жабр кўрганларга 100 млн. сўмдан зиёд ёрдам берилди

Чоп этилди Oktabr 7, 2019 Ёнғиндан жабр кўрганларга 100 млн. сўмдан зиёд ёрдам берилдиda fikr bildirishni o'chirish

5 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ходимлари ва Тошкент шаҳар имом-хатиблари пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласида ёнғиндан жабр кўрган тўртта хонадон аҳлидан хабар олди.
Уламолар ва имом-домлалар азият чекканларга тасалли бериб, бундай талофатда қилган сабрлари ажру савобларга ноил бўлишини сўзлаб бердилар. Ёнғиндан жабр чеккан хонадон аҳлларига 100 миллион сўмдан зиёд пул маблағлари топширилди.
Шунингдек, ушбу хонадонларга маҳалла аҳли астойдил ёрдам кўрсатаётгани, ёнғин бўлган хонадонларни қайта қуриш ишлари ҳашар йўли билан бажарилишига эътибор қаратиш ва ана шундай оғир дамларда маҳалла аҳлининг иттифоқлиги жуда ҳам катта олий фазилат экани алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Зотан, бу ҳаётнинг ўзи имтиҳон дунёсидир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай хабар қилинади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар(ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” (Бақара, 155).
Банда гоҳида яхшилик билан, баъзида қийинчилик билан синалади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров ва Шайхонтоҳур тумани “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳмонов, “Оқлон” жоме масжиди имом-хатиби Собир қори Рустамов шундай дамларда ҳамжиҳат бўлиш ҳақиқий мўмин кишининг сифати эканини алоҳида таъкидладилар.
Уламоларнинг ҳол-аҳвол сўраб келганидан таскин топган маҳалла аҳли ва хонадон эгалари шундай оғир дамларда ташриф буюрганлари ва кўнгилларини кўтарганлари учун миннатдорлик билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати