Мақолалар

Мусулмоннинг ҳаёти ибодат ва ер унинг масжидидир

Чоп этилди Oktabr 7, 2019 Мусулмоннинг ҳаёти ибодат ва ер унинг масжидидирda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биздан кимлар: “Аллоҳ менинг зиммамга аҳлимни нафақа билан таъминлашни юклаган, шуни бажаришим керак. Қолаверса, одамларнинг мендаги ишга эҳтиёжлари бор, Аллоҳнинг ёрдами ила уларнинг ҳожатларини раво қилай, Аллоҳ бизнинг ҳожатларимизни раво қилиб қўяди” дея, уйидан ҳалол ризқ талабида чиқар экан, ибодатнинг такбирини айтибди. Ўзининг ва ўзгаларнинг эҳтиёжи учун нимаики ҳалол касб-ҳунарни ана шундай яхши ният ила, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб адо этар экан, у киши ибодат қиляпти экан.

Муслималаримиздан кимлар: “Туғруқхонада эркаклар кўпайиб кетди, ахир бу аёлларнинг иши-ку! Мен тиб илмини шу соҳа бўйича ўрганиб, етишмовчиликни биттага бўлса ҳам тўлдирай. Қаердадир яна биттаси менга ўхшаб ҳаракат қилаётгандир, биргалашиб фарзи кифояни адо этайлик!” деяётган бўлишса, ибодатни бошлаб юборишганидандир. Шу ният билан қилаётган ҳар бир хайрли хатти-ҳаракатлари Аллоҳга бандаликнинг бир кўринишидир.

Ота-онасининг хизматларига шай турган фарзанд ибодатга шай турибди экан. Ота-онасидан Аллоҳнинг амрига терс бўлмаган амр келганда, Аллоҳнинг розилигини уларнинг розилигидан истаб, айтганларини бажаришга киришдими, демак, у ибодатга киришибди.

“Бу – Аллоҳ Расулининг суннати. Бу қандай ҳам гўзал суннат” дея, аҳли аёли келтирган таомни аввал ўзига едириб, ичимлик бўлса ичириб, сўнгра ўзи аёли еган жойдан еб, у ичган жойдан ичиб, аҳлини хурсанд қилиб, ораларидаги муҳаббатни зиёда қилиш пайида бўлган киши ҳам ибодат қилибди экан.

“Аллоҳнинг изни ила эримни ҳаромдан тўсувчи бўлай” дея, фақат эри учун зийнатланувчи, эрини кўча-кўйдаги ярим-яланғочлардан “оғдириб олиш”нинг доимий ҳаракатида бўлувчи, кўчадаги ҳоли уйдаги ҳолидан афзал бўлмаган муслима аёлларимиз ибодатнинг жуда каттасини қилишяпти экан.

“Аллоҳим, мени аёлим билан, уни мен билан қаноатлантиргин, бизларга нафсимиз ва шайтон ёмонлигидан паноҳ бергин” дея, доимий дуода бўлиб, кўчага чиқар экан, нигоҳини қуйи солиб юрувчи биродарларимиз ҳам ибодатнинг жуда каттасига ёпишибди. Бундайлар Аллоҳ томон югуриб кетишаяпти экан.

Номаҳрам қўл узатганида “Сўрашмади, ўзини катта оларкан, бизни менсимади, дейди, хафа бўлади, ғалати бўлади, у бўлади, бу бўлади” кабилар хаёлининг чекка бир кўчасига ҳам келмаган, фақатгина “Аллоҳ бизни бундан қайтарган, Расулимиз бизга буни етказганлар” дея, ўзини тортган киши, батаҳқиқ, ибодат қилибди.

Футбол томошаларига, компьютер, телефон кабилардаги ҳар турли виртуал ўйинларга, интернетда, жумладан ижтимоий тармоқларда беҳуда кезишларга ружуъ қўйишни беҳуда вақт сарфлаш, кераксиз ишқибозлик билиб, умр ҳам неъмат эканлигини, ундан ҳам сўралишини англаб етган ва бундай нарсаларни тарк этган киши ибодат қилибди, беҳуда сарф бўлаётган вақтини ибодатга бўшатибди, Аллоҳ томон яна бир қадам ташлабди.

“Мен бандаларига енгиллик истай, Аллоҳ бизга енгиллик қилсин. Аллоҳнинг баракаси билангина сероб бўламиз” дея, нарх қўйишда инсоф қилган тожирнинг бу енгиллик исташини ҳам ибодат дейдилар.

Хуллас, мана шулар ва Аллоҳ Ўз динида мақтаган ҳар бир ишни Унинг розилини кўзлаб бажариш – бари ибодатдир. Шу йўлда босилган ҳар бир қадам Аллоҳнинг йўлида босилган қадамдир. Аллоҳнинг динини, ундаги одам боласи туғилганидан то вафот этгунича дуч келиши мумкин бўлган ҳар бир ҳолат учун келтирилган кўрсатмаларни қўлидан келганича ўрганиб, ҳаёти давомида қодир бўлганича ана шу ўрганганлари бўйича иш тутиб ўтказилган ҳаёт – ибодатдир ва ер – ана шундай ҳаёт соҳибининг масжидидир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Ислом тарихи» ва «Амаллар ниятга боғлиқдир» китоблари асосида Охунжон Охунов тайёрлади.

 islom.uz