Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Тожикистон Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раисини қабул қилди

Чоп этилди Oktabr 8, 2019 Шавкат Мирзиёев Тожикистон Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раисини қабул қилдиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь, душанба куни Тожикистон Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари меҳмонларни қутлар экан, олий даражадаги ўзаро ишончга асосланган мунтазам мулоқот икки томонлама ҳамкорликни мисли кўрилмаган юксак даражага кўтаришга хизмат қилганини катта мамнуният билан қайд этди.

Шу муносабат билан Тожикистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин далилидир, дейилади Пезидент матбуот хизмати хабарида.

Олий мартабали меҳмон, ўз навбатида, Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда ўзаро алоқалар барча даражаларда фаоллашгани қайд этилди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида қўмиталар ва парламентлараро гуруҳлар даражасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув сўнгида Шукуржон Зуҳуров Тожикистон парламенти қардош икки мамлакат ва халқ манфаатлари йўлида дўстлик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Тожикистон Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон парламентига сайловлар муваффақиятли ўтишини тилади.