Мақолалар

Дабдабали тўйлар ҳақида «ихчам» ўйлар…

Чоп этилди Oktabr 8, 2019 Дабдабали тўйлар ҳақида «ихчам» ўйлар…da fikr bildirishni o'chirish

 

Кексаларимиз ҳар доим дуога қўл очганида «Топган-тутганинг тўйга буюрсин, ҳар кимни тўйларга етказсин», дея ният қилишади. Бунинг замирида халқимизнинг энг ширин орзу-умидлари, миллий қадриятларимиз мужассам. Энг яхши неъматларни тўй дастурхонига қўямиз, энг чиройли либосларимизни ҳам шу куни — тўйда киямиз.

Тўйда жонлиқ сўйилиб, ширин таомлар пиширилади, шу қутлуғ кунга атаб янги жиҳозлар сотиб олинади, уйларимизга янги гиламлар тўшалади. Хуллас, тўй куни жамики эзгу орзу-ҳавасларимиз тантана қилади.

Лекин, тан олиш керакки, кейинги пайтларда тўйларимизда янги-янги “одатлар” кўпайиб бормоқда. Яқин-яқинларгача ортиқча дабдабаларсиз, овоз кучайтиргичларсиз, қудаларнинг келишуви асосида ўтган тўйлардан олам-олам таассурот қоларди қалбимизда. Айниқса тўйдан бир кун олдин ўтказиладиган қиз йиғинлари Абдулла Қодирий тасвирлаган Кумушбибининг қиз йиғинига монанд бўларди. Келиннинг дугоналари йиғилиб, қўлларига хина қўйишарди, рақсга тушиб, қўшиқ ва лапарлар айтиб, шеърхонлик қилишарди. Бундай тўйларни катталаримиз ҳамон соғинч билан эслайди. Бугунги тўйларимиз-чи? Бугунги тўйларимиз отчопарда от сураётган чавандозларнинг пойгасини эслатмайдими? Афсуски, бугун кўпчиликнинг дилини хуфтон қилиб, асабини эговлайдиган ҳолатлар одат тусига кирмоқда.

Барчамиз учун оддий нарсадек туюладиган тўйга санъаткор чорлаш аслида бугунги тўйларимиздаги энг долзарб масалалардан бири саналади. Нега десангиз, бир неча йиллаб тўйга тайёргарлик кўрган одам ўз хонадонида ўтказиладиган тантанани ўзига маъқул кунга белгилаш имкониятидан маҳрум. Ҳа, худди шундай! Тўй кунини тўйга таклиф қилинадиган санъаткор белгилайди. Таассуфки, баъзан санъаткорнинг жавобини, тўғрироғи, “бўш куни”ни кутиб, режа қилинган тўй бир-икки кунга, ҳатто бир ҳафтага сурилиб кетади. Тўй эгаси ундан кечиб, бошқа санъаткорни чорлай олмайди. Чунки бошқалари ҳам банд бўлади ёки ёшлар “элда юриб тургани”дан бошқасини хоҳлашмайди.

Бу ҳам майли, фалон минг сўм эвазига хизматга бел боғлаган санъаткорнинг ҳеч жонини қийнамай, “тоққа чиқмай дўлана териб” кетишига нима дейсиз? Қўшиқларни бемалол фонограмма орқали “ижро этиб”, даврани “қасир-қусур”, “банг-бунг”, “гуп-гуп”ларга тўлдириб берган санъаткорнинг аудиотасмадан нима фар­қи бор?

Тўйларимиздаги кўнгилни хира қиладиган яна бир нарса — ёшларимизнинг “тўй сайри” маросимидир. Аввало таъкидлаш жоизки, ёшларимиз томонидан “гулянка” деб аталаётган бу маросим ҳаётимизга қандай кириб келгани ҳа­қида ҳеч ким аниқ бир фикр айта олмайди.

Кекса авлод вакилларининг эътироф этишича, бундай маросим аввал ҳам бўлган, лекин яқин-яқинларда ҳам бу чиройли удум никоҳ тўйларимизга ўзгача файз, ёшу қарига бирдай хушнудлик бағишлаган. Бу маросим ҳозирги кўринишдан мутлақо бошқача, миллий урф-одатларга мос равишда бўлган. Яъни, авваллари келин аравада, кейинчалик машинада янгалари ва дугоналари қуршовида узатиб борилган. Йўл  бўйи бахт ва муҳаббатни, гўзал ҳаётни мадҳ этувчи қўшиқ ва лапарлар куйланган.

Афсуски, бугунги “гулянка”нинг турган-битгани ғалва. Чунки мана шу сайр учун куёв томон келин томонни камида уч-тўртта сўнгги русумдаги машина билан таъминлаши шарт. Агар куёв машина гаплашиб беролмаса, янги ҳаёт остонасида турган келин-куёвнинг машмашаси овоза бўлиб кетади. Мазкур “одат”нинг ҳар бир дақиқаси учун тўй эгаси анча харажат қилмоқда. Йўқ жойдан ўзига муаммо яратиб олиш, исрофгарчиликнинг типик намунаси бу.

Роза Нуниёзова, 70 ёшда, меҳнат фахрийси:

— Доно халқимизда “Эр — шоҳ, аёл — вазир” деган ажо­йиб нақл бор. Ҳар бир оилада ўтадиган тўйнинг ихчам, миллий маънавиятимизга мос тарз­да бўлиши ана шу шоҳ ва вазирнинг донолик билан иш тутишига боғлиқ. Агар улар ўзини бировлардан устун қўйиб, ўзбошимчалик билан тўй қилса, бу исрофгарчиликка олиб келади. Исрофгарчилик ношукурликдан келиб чиқади. Бу эса оиладаги баракани йўқотади. Аслида инсоннинг бахтини бир кунлик тўй белгилаб бермайди. Бахт сохта шуҳратга интилмасликда, эр-хотиннинг аҳиллиги, меҳр-оқибатидадир. Оила бошлиқлари бу борада оқсоқоллар, кўпни кўрган ёши улуғ инсонлар билан маслаҳатлашиб иш қилишлари лозим.

Табассум Маликова, 72 ёшда, фахрий ўқитувчи:

— Айрим тўйларимизда замонавий ва ҳашамдор машиналарнинг тўйхонага шовқин билан келаётганини кўриб, ажабланасан киши. Уларнинг сони 10-15 тагача етаяпти. Эшитишимча, бу машиналарнинг ҳар бирига икки-уч соатлик хизмати учун тўй эгаси 100-150 долларгача пул тўлар экан. Бу дабдаба учун беш-олти одамдан қарз олиб, сўнг уни узаман дегунча кўнгилсиз ҳолатларга тушаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Бундан ташқари, айрим тўй­ларда келиннинг очиқ-сочиқ кийим билан даврага чиқиб келиши кўпчиликнинг ғашини келтиради. Келиннинг бундай кийинишига унинг жуфти ҳалоли бўл­миш куёвтўра нега эътиборсиз қарар экан? Минг афсуски, айрим ота-оналар ҳам умри давомида кафтида авайлаб ўстирган қизининг тўй куни шундай “замонавий” ҳолда даврага чиқишига йўл очиб бермоқда. Бунинг натижасида миллийлигимизга мос келмайдиган келин либосларининг бозори чаққонлашган…

Бугун Хоразмнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам замонавий тўйхоналарни кўриб кўзимиз қувнайди. Ёзда иссиқдан, қишда совуқдан қийналмасдан бемалол элга дастурхон ёзиш мумкин. Лекин барпо этилаётган тўйхоналарнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида эмас. Уларда акустика, шов­қинга чидамлилиги, овоз ютиш хусусияти каби асосий талаблар эътибордан четда қолмоқда. Бундай эътиборсизлик оқибатида санъаткорларнинг катта-катта овоз кучайтиргич мосламалари билан хоҳлаганча баланд овозда қўшиқ куйлаши меҳмонларнинг дилини хира қилмоқда. 

Ҳар нарса меъёрида бўлгани маъқул. Бугун йиллар давомида тўй қиламан деб орзу-ҳавас билан йиғиб-терганларимизни ортиқча ташвишу кўнгилхираликларга сарфламаяпмизми?.. Исрофгарчилик туфайли тўй эгасининг хонадонидан барака қочиши, уй ғурбатхонага айланиши бир муаммо. Тўйхонадаги ортиқча шовқин туфайли қулоқда оғриқ пайдо бўлиши, организмнинг эшитиш функция­си вақтинчалик ёки доимий бузилиши яна бир муаммо.

Юқорида тилга олинган муаммоларнинг олдини олиш учун маҳалла раислари, уларнинг маслаҳатчилари тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари керак деган фикрларни кўп эшитамиз. Бизнинг­ча, аввало тўй эгаларининг қийшиқ дунёқарашини тўғрилашимиз шарт. Шунда эл орасида дабдабабозлик камайиб, тўйлар қарз, етишмовчилик, ғурбат келтирувчи ташвишга эмас, қариндошлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи, хурсандчилик келтирувчи маросимга айланади.

Дилрабо ҚУРЯЗОВА,

журналист

 “Ҳуқуқ” журнали сайти