Мақолалар

БЕМОР ЗИЁРАТИДАГИ ОДОБЛАР

Чоп этилди Oktabr 9, 2019 БЕМОР ЗИЁРАТИДАГИ ОДОБЛАРda fikr bildirishni o'chirish

Исломда барча ишларнинг ўз одоби бўлганидек, беморларни зиёрат қилишнинг ҳам одоблари бор. Улардан бири бемор олдида у малол оладиган даражада узоқ қолмаслик. Чунки ҳадисда бундай дейилган: «Касални зиёрат қилишнинг энг афзали унинг ёнидан тезроқ туриб кетишдир». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам енгил бўлган касалларни ҳам бориб кўрганлар ва биз умматларига шу йўллар билан ҳам улкан сабоқ бериб кетганлар.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам мени икки кўзим оғриб қол­ганида кўргани келганлар», – деб ривоят қилганлар. Афсуски, ҳозирги кунда шунинг гувоҳи бўламизки, баъзи кишилар вақт йўқлигини баҳона қилиб, кексайиб қолган ота-оналари ва яқин қариндошлари, маҳалла­дошлари, касб­дош­лари, дўстларини бориб кўриш, зиёрат қилишга, дуоларини олишга бормайдилар. Бу билан кўп савоблардан бенасиб қоладилар.

Касалнинг зиёратига эрталаб ё кечки пайт бориш динимизда хуш кўрилган. Бунга далил:

عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِمًا غُدْوَةً إّلاَّ صَلَّي عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّي يُمْسِيَ، وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلاَّ صَلَّي عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّي يُصْبِحَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ قَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Агар мўмин бир мўминни эрта тонгда зиёрат қилса, етмиш минг фаришта то кечга қадар унинг ҳақига салавот айтади. Агар кечқурун касални кўргани борса, албатта, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади». Имом Термизий: Бу ҳадис ҳасан ғариб ҳадисдир, деганлар[1].

Касалнинг зиёратига келганлар ундан дуо қилишини сўрашлари керак.

عَنْ عُمَرَ ابْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا دَخَلْتَ عَلَي مَرِيضٍ فَمُرْهُ يَدْعُو لَكَ، فَإِنَّ دُعَاءَهُ كَدُعَاءِ الْمَلاَئِكَةِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَه.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар касал­нинг олдига кирсанг, ҳақингга дуо қилишини сўра. Чунки унинг дуолари худди фаришталарнинг дуоларига ўхшайди», дедилар» (Имом Ибн Можа ва Ибн Сунний ривоят қилишган).[2]

Касални кўргани борган киши уни шод қиладиган сўзлар айтиши мустаҳабдир.

عَنْ سَعِيدٍ الْخُدْرِيُّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا دَخَلْتُمْ عَلَي الْمَرِيضِ فَنَفِّسُوا لَهُ فِي الْأَجَلِ، فَإِنَّهُ لاَ يَرُدُّ مِنْ قَضَاءِ اللهِ شَيْئًا، وَإِنَّهُ يطِيبُ نَفْسَ الْمَرِيضِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَه بإِسْنَادٍ ضَعِيفٍ.

Абу Саид алХудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Касал ҳузу­рига кирсанглар, унинг ажали ҳақида таскин берувчи гапларни айтинглар. Ўша сўз ажалини қайтара олмаса ҳам, нафсига хотиржамлик бериб, уни хурсанд қилади», дедилар (Имом Ибн Можа заиф иснод билан ривоят қилган).[3]

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг “Исломда жаноза” китобидан

 

[1] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Риёзус-солиҳийн». Тошкент: «Шарқ» нашриёт- матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. 2015, 418-бет.

[2] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Ал-азкор мин каломи саййидил аброр». Тошкент: «Мовароуннаҳр» нашриёти, 2014, 191-бет.

[3] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз, 448-бет.