Мақолалар

Илмсизликнинг давоси сўрашдир

Чоп этилди Oktabr 9, 2019 Илмсизликнинг давоси сўрашдирda fikr bildirishni o'chirish

Савол: – Хотин эрнинг фамилиясига ўтиши шартми? Бунда хотинни мажбурлаб бўладими?

Жавоб: – Аёл бу масалада ихтиёрий бўлиб, уни бунга мажбурлаб бўлмайди.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, аёлнинг эри фамилияси (оиласи номи)га ўтиши бизга ўзга халқлардан кириб келган ва ота-боболаримиз даврида урф бўлмаган. Исломдаги асл қоида ҳамма ўз отасининг номи билан чақирилиши керак. Ҳатто асраб олинган фарзандлар ҳам. Қуръони каримда: “У (асранди фарзанд)ларни ўз ота­ларининг исми билан чақиринг…” дейилган (Аҳзоб сураси, 5-оят).

Эрнинг фамилиясига ўтиш фалон оилага келин бўлиш маъно­сидадир. Валлоҳу аълам.

Савол: – Аёл ҳайз кўрган вақтда Қуръон ёдласа бўладими?

Жавоб: – Ҳайз кўрган аёл Қуръони каримни ушлаши ва оятларни ёддан ўқиши жоиз эмас. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳайз кўрган аёл ва жунуб Қуръондан бирор оят (ҳам) ўқимасин”, деганлар (Имом Термизий).

Ҳайз ёки нифосдаги аёл қироатни эшитиши, шунингдек, зикр, тасбеҳ, истиғ-фор, салавотларни айтиб юриши, дуоларни ўқиши ва азонга жавоб бериши ҳам мумкин.

Ҳайз ёки нифосда бўлган аёл намоз ўқимайди, сўнг қазосини ҳам ўқимайди; Рамазон рўзасини тутмайди, аммо тоза бўлганидан сўнг қазосини тутиб беради; масжидга кирмайди; Байтуллоҳни тавоф қилмайди; агар муаллима бўлса, калима-калима қилиб Қуръонни таълим бериши мумкин; Қуръонни ушлай олмайди; эри билан яқинлик қилмайди; ҳайз тугагач, ғусл қилиш вожиб (“Ал-Мухтор”, “Фатовойи Ҳиндия”). Валлоҳу аълам.

Савол: – Аёллар қош териши, юз шаклини сунъий ўз­гартириши – “татуаж”, “растушовка” қилдириши мумкинми?

Жавоб: – Шариатимизда аёлларнинг қош териши ёки тердириши, сунъий тарзда ҳуснини ўзгартириши гуноҳ саналади. Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танасига сурат чиздирувчи, қош терувчи, қош тердирув-чи, Аллоҳ яратган ҳуснни ўзгартириб, сунъий гўзал-ликка ҳаракат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар.

Бунга ҳозирда аёллар орасида кенг оммалашган кўз, қош ва лаблар шаклини сунъий тарзда ўзгартириш – татуаж, растушовка ва ботекс қилдириш кабилар ҳам киради.

Динимизда қатъиян қайтарилган ишни қилиб юрган муслима опа-сингилларимиз дарҳол бундан тўхтаб, тавба қилиб, солиҳ амалларга ўтишлари лозим.

Аёлга чиққан соқол ёки мўйлабга ўхшаш тукларни олиб ташлашни жумҳур уламолар мустаҳаб, деганлар (“Раддул Муҳтор”).

Савол: – Намоз ўқишда аёлларга хос қандай масалалар бор?

Жавоб: – Ҳанафий мазҳабининг мўътабар китобларида кўр­сатилган намозда аёлларга хос бўлган масалалар булардир:

– Таҳрима такбирини айтишда қўлларини елка баро­бари миқдорича кўтаради;

– икки қўлини кўкраклари устига қўяди;

– рукуда бироз энгашади, тиззаларини чангалламайди, балки қўл бармоқларини жипс қилиб тиззаларига қўя­ди; тирсакла­рини биқинларига теккизиб туради, тиззалари бироз букилади, бели билан бошини бир текис қилмайди;

– саждада қоринини сонларига, билакларини ерга текки­зади;

– қаъдада икки оёғини ўнг томонга чиқариб, чап думбасига ўтиради;

– намозни овоз чиқариб ўқимайди (“Мухтасарул виқоя”, “Фатовойи Ҳиндия”).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аёл киши намозда оёқларини ўнг тарафдан чиқариб ўтиради.

Қачон сажда қилса, имкони борича қорнини сонига теккизади. Чунки Аллоҳ таоло унга назар солади ва “Ҳой, фаришталарим! Сизларни гувоҳ қиламанки, уни мағфират этдим”, дейди» (Ибн Адий, “Комил” китоби, Байҳақий, “Сунан” китоби). Валлоҳу аълам.

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими

Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади