Мақолалар

МИЛЛАТИМИЗГА ХОС, ЗАМОНАГА МОС БЎЛСИН

Чоп этилди Oktabr 9, 2019 МИЛЛАТИМИЗГА ХОС, ЗАМОНАГА МОС БЎЛСИНda fikr bildirishni o'chirish

Аёл – мўътабар зот, беназир хилқат. Унинг латофати, ҳаё-ибоси, иффати, меҳри ҳар қанча мақтовга лойиқ. Чунки у дуру гавҳарга ўхшайди. Гавҳар шунинг учун ҳам эъзозга лойиқки, у ерга тушса синади, қадри пасаяди, зийнатини йўқотади. Шу боис у эҳтиёткорлик билан авайлаб асралади. Аёл ҳам шундай. Эҳтиёткорлик билан  муносабатда бўлинмаса, гулдек нозик қалбига озор етиб қолиши мумкин.

Дунёда ҳеч бир дин аёлларга Ислом динидек катта эътибор билан қараган эмас. Ислом дини аёлларга муносабатни кишиларга бўлган яхшилик ва эзгулик мезони қилиб, аёлни бокира қиз, опа-сингил, жуфти ҳалол ва мўътабар она сифатида юксак эъзозлайди. Уларга ҳурмат билан моддий таъминотларини эркаклар зиммасига юклайди.

Тарихдан маълум, жоҳилият даврида аёллар барча инсоний ҳуқуқлардан маҳрум эдилар. Уларга ниҳоятда паст назар билан қараларди. Ҳатто аҳвол шу даражага етгандики, баъзи араб қабилаларида қиз фарзанд ту­ғи­лишидан жоҳил оталар ор-номус қилиб, қизларини тириклай қаро ерга кўмиб юборарди. Ислом дини бундай мудҳиш одатларга  барҳам берди. Ер юзида ўзининг адолатли кўрсатмалари билан ҳамиша устувор бўлган Ислом дини наинки комил, эзгу қалбларнинг, балки катта-кичик ҳар бир инсоннинг ирқи, миллати ва эътиқодидан қатъи назар, ўзгалар тарафидан таҳқирланиши, хўрланиши ва хорланишига асло йўл қўймайди. Айниқса, аёл зотини доимо улуғлаб, авайлаб-асраш ҳаракатида бўлади.

«Жаннат оналарнинг оёғи остидадир», дейдилар Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Ана шу ҳадиси шарифнинг ўзи ҳам мусулмон оламида аёлнинг нечоғли ­эъзозланганига ёрқин далилдир. Аёлнинг бу қадар қадрланиши, аввало, унинг тўғри эътиқоди, яхши ахлоқ-одоби, ички дунёсининг гўзаллигига боғлиқдир. Шу билан бирга, унинг ўзини тутиши, туриш-турмуши, ҳатто кийиниш маданиятига ҳам тааллуқлидир. Чунки кийган либоси унинг ички дунёсидан, ҳаё-ибосидан далолат беради, иффат ва виқорини белгилайди.

Исломда кийинишга ҳамиша катта эътибор берилган. Кийимнинг  доимий озода, кишига мос, ярашиқли ва иқлим шароити учун қулай бўлиши уқтирилган. Либослар очиқ-сочиқлиги билан бегоналар диққатини жалб қиладиган, шаҳвоний ҳисларни қўзғатадиган бўлмаслиги лозим. Ҳозир бозорларда сотилаётган, айниқса, “мода” деб тарғиб қилинаётган баъзи чет эл кийимларини гапирмай илож йўқ. Улар адабсизлик, ҳаёсизликни тарғиб қилади, десак муболаға бўлмайди.

Қизларнинг ниҳоятда ғалати тикилган шимлар кийиши, киндикларини очиб юриши, қулоқларига керагидан ортиқча сирғалар, ҳатто баданларига ғалати тақинчоқлар тақиб юриши катта гуноҳдир. Баданига суратлар чиздириш эса мутлақо мумкин эмас ишдир.

Замонамизнинг баъзи йигитлари ҳам қизлардан қолишмайди. Уларнинг шимлари шундай ғалатики, кийим баъзи аъзоларимизни ёпиш учун хизмат қилиши кераклиги унутилгандек гўё. Турли ёрқин бўёқли, ажи-бужи расм ва ёзувлар солинган футболка, гоҳида ички кийим ҳисобланган майка кийиб олади. Бош кийим ўрнига ғалати шапкалар, ҳаммаси чет эл “мода”си ва намуналари асосида тикилган. Бундай кийинган боланинг кўринишидан қайси миллатга мансуб эканини аниқлаш имкони бўлмайди.

Баъзан кўчада сал ғайритабиий кўринишдаги йигитларга дуч келамиз. Ҳар икки қулоғида зираклар, деярли ҳар бир бармоғида узук, билаги ва тирсаги билан елка оралиғида ҳам тилла занжир. Бу кийим, тақинчоқлар қандай маданиятни, қайси маънавиятни тарғиб қилади? Ахир шифокорлар бу ишларнинг барчаси инсон соғлиғига катта зарар етказишини ҳар томонлама исботлаб беряптилар-ку?

Мутахассисларнинг тадқиқотлари хулосасига кўра, барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки баданимиз, аъзоларимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилар экан. Ёки дўппиларни олайлик. Ҳар вилоятнинг ўзига хос дўпписи бўлиб, уларга солинган нақшлар чуқур маъно, диний ва миллий қад­рият ҳикматларини ифодалайди.

Энг ачинарлиси, баъзан миллий кийимлар кийиб кў­чага чиққан кишига ажабланиб нигоҳ ташлайдиганлар кўп. Баъзида эса дўппили одам олдига келиб, ҳатто таъзия билдирган бўлишади. Жаҳон афкор оммаси наздида ҳурмат-эҳтиромга эга халқимиз ўз миллий-диний қадриятларини йўқотмаган, уларни ҳимоя қила олган ва мумкин бўлса, замон талабларига мос равишда ривожлантирилган либослар ва бошқа санъат турларига эга халқдир.

Баъзи мўътабар манбаларда либосларнинг саломатликка таъсири тўғрисида бундай маслаҳат-тавсиялар берилган: либоснинг ранги кишининг ёшига, кайфиятига, муайян жамиятда тутган мақомига мос бўлиши керак. Гулдор, қизил ранг аралашган либослар эркак­ларга дуруст бўлмаса-да, аёлларга ярашади.

Либоснинг кенглиги борасида ўртачалик – меъёрга ри­оя қилиниши керак. Аъзолар сиқиладиган даражада тор, жисмга ноқулайлик келтирадиган ва ҳаракатланишга халал берадиган даражада кенг бўлмаслиги лозим. Ниҳоятда тор кийимлар танада қон айланиш тизими бузилишига олиб келади. Эркаклар ички кийимларининг жуда торлиги аянчли ҳолатларга олиб бориши аниқланган. Кўйлак ёқаси, камар ёки белбоғлар баданни сиқадиган даражада маҳкам боғланмайди. Акс ҳолда, бу эркин ҳаракатланишга халал бериши билан тезда чарчашга олиб келади. Гоҳида эса ички ва ташқи касалликларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Хуллас, либос замон ва миллий қадриятлар талабларига жавоб берсин. Илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз каби, миллий кийимларимиз билан ҳам ифтихор туйишимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм