Мақолалар

Мексикада Ислом

Чоп этилди Oktabr 10, 2019 Мексикада Исломda fikr bildirishni o'chirish

Мексика Қўшма Штатлари аҳоли сони бўйича дунёнинг йирик мамлакатлари қаторига киради. Кўҳна тамаддунлар ватани бўлмиш бу ўлкада бугун 133 миллиондан ортиқ киши яшайди. Мусулмонлар бу тупроқларга анча илгари, Мексикани европаликлар ишғол қилган пайтлардаёқ келган. XIX аср охири – XX аср бошларида Яқин Шарқдан кўплаб муҳожирлар кўчиб келди, уларнинг орасида мусулмонлар ҳам кўп эди.

Мексикада Ислом динига эътиқод қилувчилар бошқа дин вакилларига нисбатан сезиларли кам. Лекин мусулмонлар сони тобора ўсиб боряпти. Улар орасида сосил, майя каби қадимий маҳаллий халқларнинг вакиллари ҳам бор. Мексика мусулмонлари асосан суннийлардан иборат. Вашингтондаги “Pew Forum on Religion and Public Life” тадқиқот маркази ҳисоб-китобларига кўра, Мексикада 2010 йили 111 минг мусулмон яшаган. Уларнинг адади 2030 йилга бориб 126 мингга етиши кутиляпти.

Мексикадаги илк масжид – “Сурайё” жомеси (Mezquita Suraya) 1986-1989 йиллари Коауила штатининг Торреон шаҳрида қурилган. 1995 йили инглиз миллатига мансуб мусулмон Умар (Марк) Уестон Мексика исломий маданият марказига асос солди. Бу марказ намозхоналар қуриш, исломий таълим, адабиётларни таржима қилиш ва чоп этиш, ҳалол туризмни ривожлантириш билан шуғулланяпти. Бундай бирлашмалар ҳозир Нуэво Леон, Коауила, Халиско, Чиапас каби штатларда ҳам фаолият юритяпти. Бугун мамлакатда 15 та масжид бор, уларнинг аксарияти Чиапас штатида.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 16-сонидан