Мақолалар

Тоҳо ибн Муҳаммад Байқуний

Чоп этилди Oktabr 10, 2019 Тоҳо ибн Муҳаммад Байқунийda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадис ва унга тегишли илмларни ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Чунончи, салафи солиҳ уламоларимиз ҳадисларни турли бузғунчилар таъсиридан асраш мақсадида ўзига хос қоидаларни ишлаб чиқдилар.

Кейинчалик шу қоида­лар асосида “Ҳадис ис­тилоҳлари” вужудга келди. Мазкур фан борасида кўплаб асарлар ёзилди. Баъзилари асрлар ўтса-да, ўзининг фойдалилиги ва қулайлиги билан китобхонлар қўлидан тушмайди. Албатта, бу ўринда китоб соҳибларининг ихлоси катта ўрин тутган. Мана шундай китоблардан бири “Манзуматул Байқуния” асаридир.

Асар муаллифи Тоҳо (Умар) ибн Муҳаммад ибн Футуҳ Байқуний бўлиб, Озарбай­жоннинг Байқун қишлоғида таваллуд топган (Абдулазиз ибн Аҳмад. “Ал-Мадхал ила манзуматил-байқуния”, 5-бет. Кувайт, 2010). Тах­минан, 1669 йили вафот этган. У киши ҳақида тўлиқ маълумотлар учрамайди. “Тарожим” китобларида у ҳақда қисқа сатрларга кўзингиз тушиши мумкин, холос. Хусусан, Ризо Каҳоланинг “Муъжамул муаллифийн” асарида қуйи­даги сўзлар мавжуд: «Тоҳо Байқуний милодий 1669, ҳижрий 1080 йилларда ҳаёт кечиргани айтилган. У муҳаддис, усул олими эди. Унинг ҳадис ис­тилоҳлари борасида “Байқуния” асари машҳур» (Ризо Каҳола. “Муъжамул муаллифийн”. – Байрут, 1957. Ж. 2. 288-бет).

Тоҳо ибн Муҳаммад ибн Футуҳ Байқуний ҳақида изланишларимиз чоғида замондош уламоларимиздан Юсуф ибн Жавда Ясин Довудийнинг қуйидаги эъти­рофларига дуч келдик: “Инсофли инсон биладики, Байқуний ўзи маш­ҳур бўлмасдан, унинг ҳаёти, шайхлари, шогирдлари, ҳатто шу китобдан бошқа асарлари маълум бўлмай туриб, Аллоҳ таоло унинг “Манзума”сига шу қадар ривож бердики, ундан кўпчилик фойда олиб келмоқда. Унинг шу жиҳати саҳобийларга қиёсланади. Зеро, кибор саҳобийлар илмлари кўп, лекин гаплари кам бўлган”.

Ибн Ҳажар Асқалоний бундай дейди: “Абу Бакр, Умар, Муоз, Ибн Масъуд, Зайд ибн Собит каби катта ва илмли саҳобаларга эътибор қара­тинг. Уларнинг сўзлари Ибн Аббоснинг сўзларидан кам бўлишига қара­масдан, улар Ибн Аббосдан илмли саналадилар. Шунингдек, тобеиннинг сўзлари саҳобийникидан кўп бўлса-да, саҳобалар илмли ҳисобланади. Демак, илм ривоятнинг кўплиги билан эмас, балки илмни Аллоҳ хоҳлаган бандасининг қалбига ато айлайди. Шу орқали у ҳақни идрок этади” (Юсуф ибн Жавда Ясин Довудий – Шарҳул манзуматул байқуния. Дорул Андалус. 2015 й. Б. 13).

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Тоҳо ибн Муҳаммад ибн Футуҳ Байқуний ҳақида манбаларда тўлиқ маълумотлар кам учрайди. Лекин унинг “Манзуматул Байқуния” асарини йиллар мобайнида ҳадис илми уламолари ва то­либи илмларнинг асосий қўл­ланмаларидан бири сифатида эътироф этиш мумкин.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси мустақил тадқиқотчиси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан