Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Германия элчисини қабул қилдилар

Чоп этилди Oktabr 10, 2019 Муфтий ҳазратлари Германия элчисини қабул қилдиларda fikr bildirishni o'chirish

 

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Германия давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд билан мулоқот ўтказдилар. Учрашувда муфтий ҳазратлари Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётгани, муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида юртимиздаги хайрли ислоҳотлар, илғор ташаббуслар, ҳаж ва умра зиёратчилари ва охирги уч йилда диний-маърифий соҳада жуда катта ишлар қилинганини сўзлаб бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Диний идоранинг халқаро алоқалари ривожланиб бораётгани, диний соҳа ходимлари АҚШ, Россия, Украина давлатларидаги тадбирларида фаол қатнашаётгани ва Россиянинг бир қатор ҳудудларида меҳнат мигрантлари билан учрашувлар ташкил этиб келинаётганини алоҳида қайд этдилар. Бундан ташқари, нуфузли ташкилотлар, хорижий давлатлар мусулмонлари идоралари ва элчихоналари билан алоқалар тараққий этаётганига катта урғу қаратдилар.
Элчи Гюнтер Оверфельд жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди:
– Ҳақиқатан, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда. Элчихона вазифаларига диний ташкилотлар ва етакчилар билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини яхшилаш ҳам киради. Шу мақсадда, биз Ўзбекистондаги диний ташкилотлар билан муносабатларни ўрнатишдан манфаатдормиз.
Айни пайтда Ўзбекистонда 400 минг киши немис тилини ўрганмоқда, 50 дан ортиқ турли йўналишларда келишувларга эришилган. Иқтисодий алоқалар 20 фоизга, савдо айланмаси 56 фоизга кўтарилган. Табиийки икки давлат раҳбарларининг ҳамкорликда олиб борган ишлари мана шундай муваффақиятларга замин бўлди.
Ўзбекистонлик диний соҳа ходимлари меҳнат мигрантларининг имон-эътиқоди мустаҳкамлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайман. Биз ҳам бундай ишларда яқиндан ёрдам беришга тайёрмиз. Германияда ҳам ўзбек маданий марказлари, миллий меросига оид асори атиқалар жуда кўп. Бу йил Ўзбекистондаги фаолиятимга икки йил тўлди. Шу давр ичида мамлакатингиз жуда катта натижаларга эришганига гувоҳ бўлдим. Хусусан, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Ислом дини маърифатини ўргатиш ва ривожлантириш борасида жуда катта ишлар қилинди. Ташкил этилаётган турли халқаро марказлар ва илмий-тадқиқот муассасалари фикримни тасдиқлайди.
Элчи ўзининг қизиқтирган саволларига муфтий ҳазратларидан тўлиқ жавоб олди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати