Мақолалар

Она тилим – олтин сандиғим

Чоп этилди Oktabr 10, 2019 Она тилим – олтин сандиғимda fikr bildirishni o'chirish

 

Ултонтознинг оти нега Ултонтоз?

Минг йилдан бери Ултонтознинг номи эл оғзида юради. Алпомишга душман бўлиб, ёмонотлиққа чиқ­қан. Оти ёмон Одина деб Ултонтозни айтса бўлади.

Дарвоқе, Ултонтознинг оти нега Ултонтоз?

“Ултон” сўзининг маъноси нима? Нега тилимизда бу сўзга эҳтиёж бор-у, лекин у тобора истеъмолдан чиқиб, ўлиб боряпти?

“Ултон” сўзи ҳам қадимий туркий сўз. Сўзларнинг ҳаммаси ҳам қадимий-ку, дейишингиз мумкин, лекин “ултон” жуда қадимий.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “ултон” сўзига шундай изоҳ берилади: “Ултон” шв. Қорамол терисидан тайёрланган, пишиқ, қалин чарм, тагчарм”.

Ултонтознинг оти нега Ултонтоз эканлигини юқо­­ридаги изоҳдан ҳам бироз илғаган бўлсангиз керак. Бахшилар севимли қаҳрамон Алпомишнинг душманига шундай ном топишлари керак эдики, то бу исм жисмига монанд бўлсин, асрлар бўйи қоралансин, унга паст назар билан қарасинлар, ҳатто тилга олганларида ҳам ижирғаниб қўйсинлар. Шу мақсадда бу одамчага улар Ултонтоз деб от қўйиб, муродига етдилар. Ултонтоз ултонга ўхшаган дегани, яъни у ҳатто оёқ кийими ҳам эмас, оёқ кийимининг ҳам ости, таг қисми, шунчалар паст, шунчалар тубан.

Ултонтознинг оти Ултонтоз бўлиб қолаверсин-­да, энди биз бошқа мулоҳазамизни баён қилайлик.

Одатда, “Этигимнинг таги ейилиб кетибди”, “Туфлимнинг подошваси кетиб қоляпти” деган гапларни эшитиб қоламиз, ўзимиз айтамиз ҳам. Туфли, этик, маҳси, калиш, хуллас, пойабзалларнинг таг қисми маъносини ифодалайдиган тайёр сўз тилимизда бор-ку. Нега ундан фойдаланмаймиз? “Подошва”га келган тилимиз “ултон”га келмайдими? Ҳар битта сўз ўз тилининг фуқароси. У яшаши учун ишлаши керак. Сўз эса одамлар тилида ишлайди. Сўзнинг ҳаёти учун ҳаммамиз бурчли. Чунки тилимиздаги ҳар бир сўз бизнинг сўзимиз. Ёмон бўлса, Ултонтоз ёмон бўлгандир, лекин “ултон” деган сўз ёмон эмас-ку. Қолаверса, “Яхши уста терини ултон қилур, яхши хотин эрини султон қилур”.

Ойбарчиним, ёр-ёр,

Гулбарчиним, ёр-ёр,

Ултонтозга теккунча,

Ўл, Барчиним, ёр-ёр.

* * *

Мен туғилиб ўсган жойларда “Оти ёмон Одина”даги Одинадан кўра Ултонтозни яхши билишарди. Ёмон­отлиққа чиққаннинг яна бир отини Ултонтоз қўйишарди.

Беш-олти яшарлик пайтларим… Қишнинг совуқ, қорли кечаларидан бири. Иторқа томли, уч хонали уйимизнинг бир хонасида отам, онам, мен ва опам сандалга ёпилган кўрпага белимизгача бурканиб, гурунглашиб ўтирардик. Ҳовлида безовталаниб, ит ҳурди. Кимдир товуш берди. Отам ўрнидан ирғиб туриб, ташқарига юрди. Келган одам биздан беш уй наридаги Улаш ака экан. У ичкарига кираётиб, устидаги қорни қоқди-да: “Ээ, қуриб кетсин бу”,– деди. Ҳаммамиз гап нимадалигига қизиқиб турардик. “Бир ёмонни қувиб келаяпман. Ҳамсоянгиз Болта акамни…” – деб гапида давом этди. Болта ака Улаш аканинг туғишган акаси эди. Отам ундан нима бўлганини сўради. Улаш ака куйиниб гапирди: “Бизникидан хашак ўғирлаб келаётганда ушлаб олдим. Қочиб кетди. Орсиз”.

Ўша йили қиш қаттиқ келиб, хашак кўп танқис бўлиб қолганди. Болта ака ўз укасининг уйига хашак ўғирлагани тушибди. Шунда онам:

– Ўлсин, бу Ултонтоз одам бўлмади, – деди.

Кейин Болта акани қаерда кўрсам, у менга Ултонтоз бўлиб кўринадиган бўлди.

И з о ҳ: Мақола эълон қилингач, Жаббор Эшонқул телефон қилиб, “Ултонтоз” манқурт дегани бўлиши мумкин деган фикрни айтди. Бу сўздаги “тоз” – “кал” дегани, маълумки, манқуртлар бошига тери қопланиб қуритилган ва улар кал ҳолида юрганлар деди.

Бироқ мен кейинроқ “таз” сўзи туркий тиллардан бири қарачай малкар тилида “лаган” деган маънони англатишини ўқиб қолдим. Шунингдек, “Қадимги туркий тил” китобида “тоз” – “чанг” маъносини анг­латиши ҳам айтиб ўтилган ва “тозғақ” (“тўзғоқ”) сўзи шундан келиб чиққан дейилган. Маҳмуд Кошғарий “таз” сўзини “кал” деб изоҳлаган ва “Таз келиги бўркчига” (“Калнинг борадиган жойи дўппифурушнинг дўконидир”) деган мақолни келтирган.

  1. “Йўқла” сўзини йўқлаб

Йўқла – “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, бу сўз қадимги тилимизда “мавжуд эмас” маъносини англатувчи “йоқ” сўзидан келиб чиқиб, “ўлган кишини хотирлаш” мазмунини билдирган. Демак, “йўқлаш” “йўқ бўлди” маъносини англатган. “Сўзла”даги каби “йўқла” “йўқ деб қайта-қайта айт” дегани. Қарангки, кейинги даврларда бу сўзнинг маъноси кенгайган. Чунки у тирик одамга нисбатан ҳам ишлатилади. Масалан, “Мени бирор марта ҳам йўқлаб келмади”. Шу билан бирга бу сўзнинг ўлган одамга нисбатан қўлланилиши ҳам тўлиқ сақланиб қолган. Масалан, “У отасини йўқлаб-йўқлаб йиғлади”. Қизиғи шундаки, бу сўзни биз тирик одамга нисбатан ишлатаётганимизда, унинг туб маъноси ўлган киши билан боғланишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Бу сўзнинг “йўқлов” шакли фақат бир маънони – аза маросимидаги марсияни ифодалайди. Қолаверса, тирик одамга “борла” эмас-да, “йўқла”нинг қўлланилиши, “бормисан-йўқмисан” деб излаш маъносида келади. Шунинг учун ҳам тирикни йўқлаш, ҳар куни кўрадиган одамга эмас-да, онда-сонда кўринадиган одамга нисбатан қўлланилади.

Хуллас, “йўқла” сўзининг тилимизда иккинчи маъ­носи пайдо бўлиб, шаклланиб улгурган.

Беқасам тўн кийган “чўт”

Тилимизда “хомчўт” деган сўз тез-тез ишлатилади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида изоҳланишича, бу сўзда “хом” – форсча бўлиб, чала ишланган, хомаки маъноларини англатади, “чўт” сўзи эса рус тилидаги “счёт” сўзининг ўзгарган шакли бўлиб, ҳисоб-китоб дегани. Демак, “хомчўт” – хомаки ҳисоб-китоб деган маънони билдиради. Шунингдек, тилимизда “чўтинг­га тўғри келса”, “чўт бермайди” деган иборалар ҳам борки, унда ҳам “счёт” ўзгарган. Қизиғи шундаки, “чўт” сўзи бутунлай ўзбекчалашиб кетган, ҳатто унинг русча эканлиги ҳам эсимиздан чиққан. Қачон қараманг, “чўт”, “хомчўт” сўзларини эгнида беқасам тўн, бошида дўппи билан кўрасиз. Худди япон бобо – Като бобога ўхшаб. Бу сўз жонли тилда жуда кўп қўлланади. Эҳтимол, бунинг сабаби ҳисоб-китоб билан боғлиқлигидадир.

Бундан ташқари, тилимизда қадимдан “теша” маъносини англатган “чўт” сўзи ҳам борки, бу бошқа мавзу.

Эшқобил ШУКУР,

шоир