Мақолалар

Овқатланиш дуолари

Чоп этилди Oktabr 11, 2019 Овқатланиш дуолариda fikr bildirishni o'chirish

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз овқат емоқчи бўлса, “Бисмиллаҳ”, десин. Агар айтиш хаёлидан кўтарилиб қолса, эсига тушган пайт “Бисмиллаҳи фи аввалиҳи ва ахириҳи”, десин», деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий).

Дастурхонга ўтирилгач “Басмала” айтилса, шайтон қочиб, таомга барака киради. Ов­қатланиш олдидан ушбу дуо ўқилади:

اَللّٰهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِيهِ وَاَطْعِمْنَا خَيْرًا مِنْهُ

“Аллоҳумма барик ланаа фийҳи ва атъимнаа хойран минҳу” (Маъноси: Ё Аллоҳ, буни бизга муборак ва баракотли қил ва бундан хайрлироғини ҳам насиб эт).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомланиб бўлгач, бундай дуо қилганларини ривоят қилади:

اَلْحَمْدُ لِلهِ الَّذِي اَطْعَمَنَا وَسَقَانَا وَجَعَلَنَا مِنَ الْمُسْلِمِين

“Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманаа ва сақонаа ва жаъаланаа минал муслимин” (Маъноси: Бизларни едириб, ичирган, ва мусулмонлардан қилган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа).

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини меҳмон қилган киши ҳақига бундай дуо қилардилар:

اَللّٰهُمَّ بَارِكْ لَهُمْ فِيمَا رَزَقْتَهُمْ واغْفرْ لَهُمْ وَارْحَمْهُمْ

“Аллоҳумма барик лаҳум фиймаа розақтаҳум вағфир лаҳум варҳамҳум” (Маъноси: Ё Аллоҳ, бу хонадон аҳлининг ризқига барака бер, гуноҳларини мағфират қил ва уларга раҳм айла!) (Имом Муслим ривояти).

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан