Мақолалар

Ҳаёсизлар зулмат аҳлидир

Чоп этилди Oktabr 11, 2019 Ҳаёсизлар зулмат аҳлидирda fikr bildirishni o'chirish

Яхши урф-одат ва анъаналаримизни тиклаш йўлида бир қанча ишлар амалга оширилди. Собиқ тузумдаги иллатлардан буткул қутулишимиз ва ўзлигимизни тўлиқ англаб етишимиз учун ибратли ишлар қилинди. Аммо ҳа­лигача янгидан барпо этилган жамиятнинг аъзолари учун жорий қилинган гўзал ахлоқларни ўзларига қабул қила олмаётган кимсалар учраб турибди. Бир пайтлар ўзлари хоҳлаган, нафслари ихтиёр этган ҳар бир ишни қилган кимсалар бугунги кунда турли ниқоблар остида қабиҳ мақсадларини амалга оширишмоқда. Надомат бўлсин, уларнинг бу ишлари баъзи ёшларимизни ҳам домига тортиб бормоқда. Бу тоифа инсонлар инсон зийнати ҳисобланмиш ҳаёни бой берган, орият, ҳамият ва рашкдан мосуво эркаклар ҳамда иффат пардасини улоқтириб ташлаган, номуссизлик ботқоғига ботган ва ҳаёсизликни ўзларига касб деб билувчи аёллардир. Улар жойларда жамланиб қилаётган жирканч ишлар инсоният ақлсиз ҳисоблайдиган ҳайвонларни ҳам ожиз қолдиради. Бундай жойлар ақлсизлик, тубанлик, нафсоний ва ҳайвоний шаҳватлар қондириладиган, лаънат ёғилган бир макон. У ҳою ҳаваслари ва нафсининг разил истак­лари қарши­сида ожиз қолган, машъум ахлоқсизлик гирдобига ғарқ бўлганларнинг ҳалокатли маконидир. У жой ҳаёсизлик саҳнаси моҳирларини бир неча сониялик нопок лаззат учун Яратганга исён қиладиган осийларни, зулумот босган қалб эгаларини жамлайдиган фалокат маконидир. У жой фаҳш ва шайтон йўлига тўхтовсиз ботиб кетаётганларни, қалб кўзлари кўр бўлган нотавонларни ўз домига тортган макондир.

Бу ўта зарарли иллат ғарб маданиятига жоҳиллик билан тақлид қилиб, уларнинг мавҳум ҳаётларига кўр-кўрона эргашишдан келиб чиқмоқда. Бу билан асли мусулмон бўлган инсон Яратганнинг қаҳру ғазабига дучор бўлмаяптими? Азиз  инсон ўзини-ўзи хорлик ва шарми­сорликка булғаб ташламаяптими? Бетакрор неъмат бўл­ган умр мазмунини, ҳар бир ўтган сонияси олтинларга топилмайдиган ёшлигини, қимматли вақтини беҳуда бой бериб қўймаяптими? Парвардигор инъом қилган риз­қини гуноҳ ва ҳаром ишларга сарфлаб, оиласига хиёнаткор бўлиб қолмаяптими? Турли юқумли дардларни юқтириб, ўз ҳаётини таҳлика исканжасида қолдириб, умрига зомин бўлмаяптими? Энг ачинарли томони, бундай тоифа кимсалар ўзларигина бу каби ҳолатларга тушиб қолмасдан, балки оиласидагилар ва атрофдагиларга ҳам катта зиён етказади.

Айниқса, улғайиб бораётган, турли таъсирга тез эгилувчан ёш йигит-қизларнинг ахлоқига ҳаёсизликнинг зарари жуда катта бўлмоқда. Чунки фоҳишалик дея аталмиш бу иллат шу қадар шайтоний нағма ва жилвага ўранганки, уни кўрган кўзлар бир муддат бўлса-да ўз нафсининг жиловини йўқотади ва беихтиёр исён қилади.

Бундай жойларни очиб, унинг орқасидан ҳаром даромад орттираётганлар покиза қизларни йўлдан уриб, бу йўлларга жалб қилади. Ҳатто оилали, бир уйнинг бекаси бўлган, кимнингдир жуфти ҳалоли, фарзандларнинг онаси бўлган нодон аёлларни ҳам йўлдан оздириб, қанчалаб оилаларни барбод қилади. Не-не алпқомат ва баҳодир йигитлар уларнинг домига тушиб, турли бедаво касалликларга чалиниб, қаддилари букилиб, бадном бўлиб қолмоқда. Булардан соғлом фарзанд ўрнига майиб, мажруҳ фарзандлар дунёга келмоқда. Қанчадан-қанча никоҳсиз фарзандлар туғилмоқда. Натижада меҳри­бонлик уйларида тирик етимлар кўпаймоқда. Ушбу ҳолат айрим вояга етмаганлар орасида ҳам рўй бераётгани жуда ачинарлидир.

Шу ўринда мактаб ўқувчи қизларининг бири билан боғ­лиқ воқеани келтириб ўтамиз: юқори синф ўқувчилари­га жисмоний тарбия дарси ўтилаётганида қизлар­дан бирининг боши айланиб йиқилди. Уни тезлик билан шифохонага олиб боришди. Тиббий кўрик ўтказилганида, қиз­нинг бир неча ойлик ҳомиласи борлиги аниқлан­ди. Қизни қистовга олиб сўрашди, синфдош қизлар билан шаҳардаги яширин фоҳишахонага бориб туришини айтди. Уйдагилар ва мактабдагилар буларнинг ишидан мутлақо бехабар эди. Маълум бўли­шича, қиз қўшни аёл­дан ўрнак олиб, яширин тарзда фоҳишахонага бориб тур­ган. Сўнгра мактабга келиб, дугоналарига фоҳишалик йў­лини безаб кўрсатиб, уларни ҳам қизиқтирган. Натижада беш нафар синфдош дугоналарини ўзига шерик қилиб, йўлдан уришга улгурган. Кўриб турибсиз, хулқи бузуқ бир аёлнинг салбий таъсири ёш қизларга ҳам ўтиб, уларнинг ота-оналарини ҳам шарманда қилди.

Шу ўринда яна бир воқеани айтиб ўтамиз. Шаҳва­тини қондириш ва бир лаҳзалик лаззат орқасидан қу­вишдан бошқа ғами йўқ, ахлоқсиз бир отанинг ҳай­воний истаги уни яширин фоҳишахоналарнинг бирига олиб киради. Қўшмачи аёл мижозга фоҳиша қизлар суратини кўрсата бошлайди. Ногаҳон отанинг кўзи ўз қизининг суратига тушади. Ота бир сония эсанкираб қолиб, кейин бу ҳақиқатан ўз қизими ёки англашилмовчиликми эканини аниқлашга қарор қилади. Қўшмачига: “Менга ушбу суратдаги ёқди”, деб қизини кўрсатади. Қўшмачи: “Фалон рақамли хонага киргин, тайёр бўлиб, сени кутиб турибди”, дейди. Ҳалиги киши хонага киради ва “мижозини” кутиб турган ўз қизини кўради… Нақадар даҳшатли манзара!..

Қиз ҳам ўз отасининг рўпарасида турганини кўриб, даҳшатдан бир муддат қотиб қолади, сўнг қўрқувдан қалтирай бошлайди. Бошида қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Унинг олдида фақатгина бир йўл, эшикдан чиқиб қочишдан бошқа чора йўқ эди. Ота эса буткул терга ботиб, онгсиз равишда худди ваҳший шердек ўлдириш учун қизига ташланади. Аммо бир зумда кўтарилган қий-чувдан тезлик билан бошқалар келиб, қизни қутқариб қолишади. Бу қизнинг бундан кейинги аҳволи нима бўлганини билмадик, бироқ қандай қилиб бу йўлга кириб қолганини воқеадан хабардор бўлганлар айтиб берди. Қиз фоҳишалик билан шуғулланиб юрадиган аёл билан дўстлашган. Оқибатда эса ўзи ҳам шу ишга қўшилиб қолган ва иффатини, ор-номусини шу фоҳишахонада кўмиб қўя қолган.

Коллеж ўқитувчиларидан бири ҳикоя қилади: “Бир куни шаҳар қаҳвахоналаридан бирига дўс­тимни излаб кирдим. Ногаҳон иккинчи қаватга кўтарилаётган талаба қиз-йигитларга кўзим тушди. Мен улар нима учун юқо­рига чиқаётганига қизиқдим. Иккинчи қаватга чиқиб, кўзим тушган манзарадан ҳайратда эсанкираб қолдим. Кўп­чилиги мен таниган талаба қиз-йигитлар эди. Улар бир-бирларини қучоқлаган, баланд мусиқа қўйилган, рақсга тушишар, қаҳқаҳа отиб кулишар, хуллас, шармандали бир ҳолат эди. Не бир алфозда бу жойни тарк этиб, уйга бориб ўйлай бошладим. Бу йигит-қизларнинг бу жойга тўпланишига сабаб нима? Нима уларни бир-бирларига бунчалик боғлаб қўйди? Қучоқлашаётганларнинг ота-онаси туппа-тузук инсонлар-ку ахир. Ота-­оналари фарзандларининг андишасиз бу қилмишидан хабардормикан?

Ёшлигимни хаёлимдан ўтказа бошладим. Асло тасаввуримга сиғдира олмадим. Чунки биз синфдош қизлар билан шу даражада масофа ушлардик, ҳатто қўл бериб сўрашишга ботинолмасдик. Ёнимизда ўтирган партадош қизга ножўя гап гапириш у ёқда турсин, ёмон хаёлга ҳам бормасдик.

Кўрганим бу ҳолатдаги қизларнинг бундай “эркинлиги”ни, йигитларга бўлган муомаладаги беҳаёликни бизнинг даврда мутлақо тасаввур қилиб бўлмасди. Раҳматли ота-онам бир гапни  кўп такрорларди: “Ўғлим, ўғрилик ва ҳаёсизликдан сақлангин”. Шунда отам ҳаёсизлик нима эка­нини тушунтириб, бундай деган: «Ҳаёсизлик бировнинг қизи ёки аёлига нисбатан ғаразли назар ва муомаладир. Бу эса оқибатда кишини шарманда қилиб, “зинокор” деган ўчмас тамғани босади».

Отамнинг бу ўгитлари бир умрга татигулик бўлиб эсимда қолган. Ҳозир эса ушбу насиҳатни фарзандла­римга уқ­тириб боряпман. Наҳотки, бу йигит-қизларнинг ота-оналари ҳам ёшликларида ушбу тарбияни ота-оналаридан олмаган бўлишса? Наҳотки, бугун бу даражага келиб қолган ўз нуридийдаларининг тақдирига ота-оналар шунча бепарво бўлишса? Наҳотки, орият, йигитлик шаънини жонидан ҳам устун қўйган боболаримиз авлоди бўлса бу йигитлар? Наҳотки, ҳаёлари устун келиб бошқалар тугул, оталари ва ака-укаларининг юзларига  тик боқолмаган муниса оналаримиз авлоди бўлса бу қизлар?

Бугунги ёшлар мактаб ва коллежларда олиб бори­лаётган таълим-тарбия тизимининг қатъий назорати­да бўлиб, барчаси кўнгилдагидек. Буни мен коллеж ўқи­тув­чиси бўлганим учун айтаётганим йўқ. Ҳақи­қатан, давлатимиз таълим тизимида жуда тўғри йўлдан бормоқда. Бу борада ҳеч бир муаммо йўқ. Бугун юртимиз Раҳбари миллийликка катта эътибор бериб турган бир маҳалда, ёшларимизнинг келажаги учун қайғураётган бир паллада, вақтларини бундай ножўя ишларга сарфлаётган ёшларнинг тарбиясига масъул бўлганлар нега эътиборсиз?

Хўш, ота-оналар қайси жиҳатларда эътиборсизлик ва лоқайдликка йўл қўйишмоқда? Фарзандлар қандай қи­либ бундай енгил-елпи ҳолатга тушишяпти?

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин. Бугунги кунда техника, ахборот воситалари ривожланди. Бунинг қулайлик томонлари жуда кўп, албатта. Аммо зарарли томонлари ҳам етарлича эканига баъзи ота-оналар эътибор беришмаяпти. Компьютер ёрдамида интернетдаги турли хил сайт­лардан фойдаланиш, ярим яланғоч суратлар таъсири, сунъий йўлдош узатмаси орқали турли ҳаёсиз фильмларни кўриш, бетайин чет эл мусиқаларини тинглаш… бу иллатларнинг барчаси жам бўлиб, айрим ёшларни бундай ҳаёсизликлар уммонига бошлаётганига амин бўлдим”.

Дарҳақиқат, бу устознинг жон куйдириб айтган гаплари жуда ўринли. Бугун тараққиёт замонаси, барча мамлакатлар ёшлари қатори бизнинг ёшларимиз ҳам барча жабҳаларда етук бўлиши учун замонавий техника ва ахборот воситаларидан тўғри маънода фойдаланишга ҳақлидир. Бироқ ота-она ўз фарзандларининг бу воситалардан ноўрин фойдаланишлари олдини олса, юқоридаги каби ёмон ҳолатлар юз бермайди. Халқимизда нақл бор: “Кейинги пушаймон – ўзингга душман”.

Кўпгина мактаб ва коллеж раҳбарлари айтиш­ларича, аксарият ўқувчи йигит-қизлар ўртасида яна бир иллат, хат ёки мобил телефон орқали “SMS” ёзиш авжига чиққан. Уларнинг мазмуни севги-муҳаббат ҳақидаги шеърлардан иборатлиги, уларни эса ўқувчи қиз-йигитлар чирой ва безак бериб ёзишлари, қўл телефонида бир-бирларига жўнатиб, дарсдан чалғишлари кўпайгани сир эмас.

Хўш, уларга мазкур ёшда телефондан фойдаланиш шунчалар муҳимми? Ахир улар ўзлари билмаган ҳолда дарс вақтини нималарга сарф қилишяпти? Бундай фарзандларнинг ота-оналари тарбия жараёнларида наҳотки болаларининг ибосига, ҳаёсига эътибор қаратмайди? Бу ҳолатлар қизлар орасида ҳам кўп учраётгани ота-оналари учун номусли ҳолат эмасми? Қайси бир ота-она қизининг синфдош дўстига ҳеч тап тортмасдан, уялмасдан севги хати ёзишини хотиржам қабул қилади? Бу нимадан далолат? Бунда кимнинг айби кўп? Эркагу аёл ўртасидаги ўзаро муносабатдаги одобу ҳаё асли ўзларида бўлмаган, бўлса-да, фарзандига беролмаган эътиборсиз ота-­она айбдорми? Ёки бўлмаса, ота-онасидан ўзаро жанжалларидаги ҳаёсиз сўзлардан бошқа нарсани ололмаган, қалби тарбияга муҳтож бўлган бир пайтда, уйдагиларидан одобу ахлоқ бобида бирор насиҳат эшитмай, атрофидаги хулқсизлар қалбини забт этган фарзанд айбдорми? Боланинг дарсларни ўзлаштиришини бир кунда, бир ҳафтада, лоақал бир ойда бир бора назорат қилишни унутган ҳафсаласиз ота-она айбдорми? Ёки назоратсиз қолган, эрки ўз қўлида бўлиб қолган, бунинг натижасида кўнгли тусаган ишни қиладиган ўғил ёки қиз айбдорми?

Хуллас, тарбия жараёнида бу борадаги эътибор беришимиз лозим бўлган жуда муҳим масъулиятли вазифаларимиз исталганча топилади. Зеро, давомчиларимиз бўлган азиз фарзандларимиз бу дунё ва охиратда раҳмат келтирадиган салоҳиятли инсонлар бўлиб вояга етишлари учун сизу бизнинг гўзал тарбиямизга жуда ҳам муҳтождир.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм