Мақолалар

Мана шу одатларни деб одам кўп касал бўлади

Чоп этилди Oktabr 11, 2019 Мана шу одатларни деб одам кўп касал бўладиda fikr bildirishni o'chirish

Одамларнинг миясига кузда ҳар қандай киши албатта шамоллаб қолади, ёзда эса мева-сабзавотлардан инфекция юқтириб олиш осон деган фикр ўрнашиб қолган. Бироқ айрим одатлардан воз кечиб, кўпгина касалликларнинг олдини олиш хаёлга ҳам келмайди, деб ёзади «Xabar.uz».

Одам жамоат транспортидан фойдаланганда беихтиёр кафти билан тутқич, суянчиқдаги микробларни тўплайди. Шундан сўнг у шу қўли билан юзини, оғзини ушлайди. Тоза қўл қоидаси болаликдан барчага уқтириб келинса-да, уни ҳамма ҳам бажаравермайди.

Шуни таъкидлаш керакки, метро вагонлари, автобуслар ҳар куни тозаланса-да, микробларни юқтириб олиш эҳтимоли барибир юқори бўлиб қолаверади.

Бу жамоат ҳожатхоналари, банкоматлар, катта-катта идоралардаги эшикларга ҳам тааллуқли. Қўлдаги микроблар сонини камайтириш учун уларни тез-тез ювиб туриш керак.

Шунингдек, ҳаво-томчи йўли орқали тарқалувчи касалликларни ҳам эътиборсиз қолдириш ярамайди. Ишхонада ҳамкасбингиз шамоллаганидан шикоят қилса, ундан касалликнинг юқиш хавфи юқорилигини унутмаслик зарур. Аммо бу ҳамкасб билан гаплашмаслик кераклигини англатмайди.

Фақат сал узоқлашсангиз ва мулоқотдан сўнг қўлларни ювсангиз бас. Шифокорлар шунчаки оқар сувга қўлларни тутиб туриш кифоя қилмаслигини, чунки микробларнинг бир қисми терида қолиб кетишини таъкидлашади.

Қўлни яхшилаб ювиб, сўнг чайиш талаб этилади. Бактериялардан тўлиқ қутулиш учун қўл ювишга камида йигирма сония вақт ажратиш керак.

Британиялик олимларнинг таъкидлашича, одам соатига 16 марта юзини: қаншар, лаб, бурнини ушлайди. Бундай вазиятда вируслар қўлдан оғиз ва бурун шиллиқ қаватларига ўтиб кетади. Шу билан бирга, юзни ушлайвериш терини ёғлантириб юборади.

Касаллик юқтириб олмайин десангиз, қўлларни юзга камроқ олиб боринг. Бемор аксирганда оғзини қўли билан ёпиш тавсия этилмайди. Чунки бактериялар кафтларга ўрнашиб олиб, сўнгра оғизга тушиши мумкин. Бундан ташқари, кафтларда юқумли микроблар бўлганда улар умумий фойдаланиш буюмлари орқали бошқа одамларга тарқалади.