Мақолалар

Иброҳим (алайҳиссалом)

Чоп этилди Oktabr 12, 2019 Иброҳим (алайҳиссалом)da fikr bildirishni o'chirish

Қуръони карим сураларининг йигирма бештасида олтмиш тўққиз марта Иброҳим (алайҳиссалом) ҳақида зикр қилинган. Та­рихий манбаларнинг хабар беришича, Нуҳ (алайҳиссалом) тўфонидан бир минг саксон йил кейин Бобил (ҳозирги Ироқ) мамлакатининг Фаддомором шаҳрида асли касби ҳайкалтарош бўлган Озар хонадонида янги чақалоқ дунёга келади, исмини яхши тилаклар билан Иброҳим деб қўйишади (М.Жодул Мавло. “Қуръони карим қиссалари”. Байрут, Лубнон, 2000 й. 37-б.).

Иброҳим (алайҳиссалом) насаблари Нуҳ (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Ибн Касир у зотнинг насабларини қуйидагича кел­тиради: Иброҳим ибн Таруҳ ибн Ноҳур ибн Саруҳ ибн Роъав ибн Шолих ибн Обир … ибн Сом ибн Нуҳ (алайҳиссалом) (“Ал-бидоя ван ниҳоя”, 1-жилд, 159-бет).

Иброҳим (алайҳиссалом) билан Нуҳ (алайҳиссалом) орасида минг йилдан зиёдроқ вақт ўтган. Эътибор бериб қаралса, Аллоҳ таоло пайғамбарлари насл-насаби жиҳатидан покиза ва улуғ зот­лар силсиласидан келиб чиқиши аён бўлади. Бу ҳам пайғамбар­лар келтирган йўлнинг илоҳий эканига далолатдир.

Ибн Касирнинг айтишича, Иброҳим (алайҳиссалом) куня­си “Абу зойфан”, яъни “Икки меҳмон отаси” бўлгани ривоят қилинади.

Иброҳим (алайҳиссалом) туғилган вақти Намруд ибн Канъон ибн Кўш подшоҳлик даврига тўғри келади. Намруд ўша пайтда бутун ер юзига подшоҳ бўлган эди.

Иброҳим (алайҳиссалом) отаси Озарнинг иккинчи исми Таруҳ бўлган. Баъзи тарихчилар унинг лақаби, дейди. Озар Куфа­нинг Кусо деган қишлоғидан бўлиб, буттарошлик билан шуғул­лан­ган. Халилуллоҳ ўз отасини бутпарастликдан қайтаришга кўп ҳаракат қилган, лекин у қайтмаган.

Алусий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Иброҳимнинг отаси Озар Куфа атрофидаги қишлоқларнинг бирида туғилган. Айтиш­ла­рича, Озар Иброҳим (алайҳиссалом) отасининг лақаби бўлиб, ҳақи­қий исми Таруҳ бўлган”(“Алусий тафсири”, 7-жилд. 149-бет).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу), Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ва бошқа саҳобалардан ривоят қилинишича, ер юзида биринчи бў­либ бутун инсониятга подшоҳ бўлган шахс Намруд ибн Канъон ибн Кўш ибн Сом ибн Нуҳдир. Уларнинг айтишларича, дунёда бутун оламга подшоҳлик қилган кишилар тўртта бўлган: Улар Намруд ибн Канъон, Сулаймон ибн Довуд, Зулқарнайн ва Бухтуннаср­дир (“Тарихи Табарий”, 1-ж, 163-б.).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ва Ибн Масъуд (розияллоҳу ан­ҳу)­дан ривоят қилинади: “Нуҳ (алайҳиссалом) пайғамбар билан Иброҳим (алайҳиссалом) ораларидаги муддатда Ҳуд ва Солиҳ (алайҳимассалом)дан бошқа пайғамбар юборилмаган эди. Ибро­ҳим (алайҳиссалом) замонлари яқинлашганида Намруд ҳузу­рига мунажжимлар келиб: “Сизни хабардор қилиб қўйишни бурчи­миз, деб биламиз. Бизга маълум бўлишича, фалон муддатда қишло­ғи­нгизда Иброҳим исмли бир бола туғилади. У динингизни йўқ қилади, бутларингизни синдиради”, деб хабар беришди.

Мунажжимлар огоҳ қилган йил келганида, Намруд қишлоқ­ма-қишлоқ юриб, ҳар бир ҳомиладор аёлни қишлоғида қўриқлаш, агар қиз туғса, озод қилиш, ўғил туғса, чақалоқни дарҳол ўлдириш­га фармон беради.

Бир куни подшоҳнинг шаҳарда зарур иши чиқиб қолади. Аммо қаттиқ бандлигидан, ўз ўрнига маслаҳатчиси Озарни юборади ва унга хотини билан учрашмай, қайтиб келишни буюради. Озар шаҳарга бориб подшоҳ буюрган ишни бажаради, уйига кириб, ўзини тутолмай хотинига яқинлик қилади. Озарнинг уйи Ор шаҳрида эди, вақти-соати келиб, Иброҳим туғилади. Озар уни бир гўшага яширади. Иброҳим бу гўшада Аллоҳнинг инояти билан бир кунда бир ҳафталик, бир ҳафтада бир ойлик, бир ойда бир йиллик чақалоқдек улғаяди.

Озар бир куни яқинларига: “Менинг бир ўғлим бор, уни под­шоҳ ҳузурига олиб келсам, подшоҳ ғазабланмасмикин?” деди. Яқин­ла­ри унга: “Подшоҳ сенга ишонади, олиб келавер!” дейди.

Озар Иброҳимни етаклаб олиб кетаётганида, йўлда боланинг кўзи турли ҳайвонларга тушади, ҳар бирини кўрганида қизиқиш билан: “Бу нима?” деб сўрайверади. Озар Иброҳимга барча мах­луқотлар номини айтиб бера бошлади. Иброҳим отасига: “Бу мах­луқларнинг албатта Рабби бўлиши керак”, дейди.

Кечки пайт Иброҳим бошини кўтариб, осмонга қараган эди, кўзига Муштарий юлдузи жуда чиройли кўринди. Ҳаяжон би­лан: “Мана шу бўлса керак!” деди. Аммо озгина фурсатдан кейин юл­дуз ғойиб бўлди. Буни кўрган Иброҳим: “Мен ғойиб бўлувчи­лар­ни яхши кўрмайман”, деди ва ундан юз ўгирди.

Кечанинг охирида кўзи ойга тушди ва: “Мана шу Раббим бўлса керак!” деб унга тикилди. Ой ҳам кўздан ғойиб бўлиб, кўринмай қолгач: “Агар Раббимнинг Ўзи ҳидоят килиб, Ўзини танитмаса, мен адашувчилардан бўлиб қоламан”, деди.

Тонг отганда, ҳамма ёқни мунаввар қилиб, Қуёш чиқди. Ибро­ҳим уни кўриб: “Ҳаммасидан энг каттаси ва нури ўткири экан, шу менинг Раббим бўлса керак”, деди. Аммо Қуёшнинг хам ботгани­ни кўриб, ҳафсаласи пир бўлди ва: “Мен оламлар Парвардиго­рига итоат этаман”, деди (“Тарихи Табарий”, 1-ж. 166-б.).

Бу қисса Қуръони каримда чиройли баён этилган:

«Иброҳим отаси Озарга: “Санамларни илоҳ қилиб ола­сизми? Мен Сизни ва қавмингизни залолатда кўряпман”, де­ганини эсланг! Шу тарзда Иброҳимга осмонлар ва Ернинг мулкини (ажойиботларини) кўрсатурмиз. Чинакам ишонув­чилардан бўлиши учун (шундай қилдик). Тун зулмати уни қоплаганда юлдузни кўриб: “Мана шуРаббим”, деди. (У) ботиб кетганда эса: “Ботиб кетувчиларни ёқтирмайман”, деди. Чиқаётган Ойни кўриб: “Мана шуРаббим”, деди. Бо­тиб кетганда эса: “Агарда Раббим мени ҳидоятга солмаса, албатта, адашганлар қавмидан бўлиб қолурман”, деди. Чиқа­ётган Қуёшни кўриб: “Мана шуРаббим. Шу каттароқку!” деди. Ботиб кетганда эса: “Эй қавмим, албатта, мен сизлар келтираётган ширкдан безорман. Мен тўғри йўлни танлаган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим. Мен мушриклардан эмасман”, деди. Қавми у би­лан баҳслашди. (Шунда) у деди: “Мен билан Аллоҳ ҳақида баҳслашасизми? Ахир, (У) мени ҳидоятга йўллаган бўлса?! Мен сизлар келтирган ширкдан қўрқмайман. Илло, Раббим би­рор нарсани хоҳласа (ўша бўлур). Раббим илм жиҳатидан ҳар нарсани қамраб олган. (Буни) эслаб кўрмайсизларми? Сиз­лар келтирган ширкдан қандай ҳам қўрқайин, сизларга бирор ҳужжат қилиб туширмаган нарсани Аллоҳга шерик қилиш­дан қўрқмаётган бўлсангиз?!” (Бу) икки гуруҳнинг қайсиниси (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқдир? Биладиган бўл­сангиз (айтинг!) Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганларайнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир. Иброҳимга қав­ми устидан берган ҳужжатимиз ана шудир. Хоҳлаган ки­ши­мизни даражаларга кўтарурмиз. Албатта, Раббингиз ҳикмат ва илм соҳибидир. Унга (Иброҳимга) Исҳоқ ва Яъқубни ато этдик. Ҳаммасини ҳидоятга йўлладик. Олдин Нуҳни ҳам ҳи­доятга йўллаган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам йўлладик). Чиройли иш қи­лувчиларни мана шундай тақдирлаймиз. Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаси солиҳлардандир. Исмоил, алЯсаъ, Юнус ва Лутни ҳам (ҳидоятга йўлладик). Ҳам­маларини оламлар узра афзал қилдик. Шунингдек, уларнинг отабоболаридан, зурриётларидан ва акаукаларидан (баъзиларини ҳам афзал қилдик). Уларни танлаб олиб, тўғри йўлга (ҳақ динга) бошладик» (Анъом, 74–87).

Ояти каримада баён этилгани каби Иброҳим (алайҳиссалом) улуғ пайғамбарлардан бўла туриб нечун Қуёш, Ой, юлдузларни Раббим деди, деган савол туғилиши табиий. Бунга муфассирлар бундай жавоб беради: «Халилуллоҳ бу сўзларни чин дили билан эътиқоддан айтгани йўқ, балки уларга сиғинадиган мушрикларни масхара қилиб: “Шу ҳам илоҳ бўлдими, ботиб кетишини қаранг”, демоқчи бўлганлар».

Юқорида ўн саккиз нафар пайғамбарнинг исмлари келти­рил­ди. Лекин яшаган даврларига хос тартиб билан эмас, балки уларга ато этилган фазилат ва неъматларга қараб зикр этилди. Масалан, Нуҳ, Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб (алайҳимуссалом) қол­ган пайғамбарларнинг бобокалонлари ҳисобланади. Сўнгра под­шоҳлик, қудрат ва салтанат эътибори билан Довуд ва Сулаймон (алайҳимассалом) зикр этилди. Сабр-бардош бўйича Айюб ва Юсуф (алайҳимассалом), сўнгра кўп мўъжиза соҳиблари Мусо ва Ҳорун (алайҳимассалом), сўнгра зоҳидлик эътибори билан Закариё, Яҳё, Исо, Илёс (алайҳимуссалом), улардан сўнг издош ва тобелари ҳам, алоҳида шариатлари ҳам бўлмаган Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус, Лут (алайҳимуссалом) зикр этилди.

Иброҳим (алайҳиссалом) Еру осмонлардаги ажойиботлар кўр­сатилган пайтда ер юзида бир кишини фаҳш устида кўриб, уни дуойибад қилганларида у ўлиб қолади. Яна икки киши ҳам худди шундай дуойибадлари билан ҳалок бўлади. Шунда Аллоҳ: “Эй Иб­ро­ҳим, сенинг дуойинг мустажоб. Бандаларимни дуойибад қил­ма! Улар уч хил: бири тавба қилади, қабул қиламан. Бошқасидан мен­га ибо­дат қилувчи насл чиқараман. Учинчисини охиратда хоҳ­ла­сам, ке­чи­раман, хоҳласам, азоблайман”, деган.

Иброҳим (алайҳиссалом) ТАВҲИДга, яъни якка Худога сиғи­нишга даъват этган улуғ пайғамбардир.

У киши отасини ҳидоятга чақира олмаганидан кейин қавм­ларини очиқ даъват қилишга ўтди. Ҳар бир гуруҳ ўз бутларини мақтар экан, Иброҳим (алайҳиссалом) уларга: “Бу бутлар инсон­нинг бирор оғирини енгил қила олмайди, мусибатини даф қила ол­майди, ҳатто “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб беришга қодир эмас-у, не­чун унга сиғинасизлар” деса, улар: “Оталаримизни шу бутга си­ғи­нишганини кўрганмиз, шунинг учун уларга тақлид қиламиз”, деб жавоб берарди.

Қуръони каримда бундай дейилади:

«Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: “Сизлар доимо сиғинадиган бу ҳайкаллар нима?!” деди. (Улар) айтдилар: “Биз­лар отабоболаримизни уларга сиғинган ҳолда топганмиз”. (У) деди: “Дарҳақиқат, сизлар ҳам, отабоболарингиз ҳам очиқ залолатда экансиз”. (Улар) айтдилар: “Бизга ҳақ нарса­ни кел­тирдингми ёки сен ўйин қилувчиларданмисан?” (У) де­ди: “Йўқ! Сизларнинг Раббингиз (бутлар эмас, балки) осмонлар ва Ернинг Парвардигори, уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик берувчилардандирман. Аллоҳ номига қасам, сиз­лар ўгирилиб (байрамга) кетганларингиздан кейин бут­ла­рингизга макр (ҳужум) қилурман”. Бас, у (бутларни) парча­лаб ташлади. Фақат, “(мушриклар бутларнинг) каттасига муро­жа­ат қилсинлар(деб) ўшанигина (қолдирди). Улар (қайтиб ке­либ): “Бизнинг илоҳларимизни ким бундай қилди? (Ким бўлса ҳам) у золимлардан экан”, деди. Улар (айримлари) айт­ди: “Улар­ни гапириб (айблаб) юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик”. (Шунда уларнинг катталари): “Уни одамлар олдига келтирингиз, шояд, улар гувоҳ бўлишса”, дейиш­ди. (Уни келтиришгач): “Илоҳларимизни сен шундай қилдинг­ми, эй Иброҳим?” дейишди. (Иброҳим) айтди: “Йўқ, бу ишни улар­нинг каттаси — мана бу (ҳайкал) қилди. Бас, улардан сўрангиз, башарти гапира олсалар”» (Анбиё, 52–63).

Ниҳоят, Иброҳим (алайҳиссалом) бошқача йўл тутмоқчи бўл­ди. Бобилликлар одатига кўра, ҳар йили катта зиёфатлар уюштири­лар ва бу иш бутхоналарда нишонланар эди. Бобил шаҳрининг ҳар бир қишлоғида биттадан бут бўлиб, инсонлар уларга ибодат қили­шар эди. Уларнинг энг каттаси “Мардак” эди, байрам кунлари бут­па­раст қавм унинг олдига ҳам дастурхон безашар ва шаҳар таш­қа­рисига чиқиб, ўйин-кулги қилиб қайтганидан кейин бут ол­ди­да зиёфат тановул қилишарди.

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг отаси Озар ўғли билан ўзи ора­сидаги совуқчиликка барҳам бериш мақсадида: “Эй Иброҳим! Бугун байрамимиз, биз билан борсанг, байрамда иштирок этсанг, хурсанд бўласан ва ҳар хил хаёлларни унутасан”, деди.

Иброҳим (алайҳиссалом) ташқарига чиқиб, чароғон осмонга қаради ва хаёлига бир фикр келди ва уни амалга ошириш учун қулай фурсат келганини англаб етди ва отасига: “Мен беморман, байрамга боролмайман”, деди.

Қавм шоду хуррамлик билан байрамга кетгач, Иброҳим (алай­ҳиссалом) бутларни кўздан кечириб, уларга нафрат ва ғазаби қў­зиди. Қўлга болта олиб барча бутни синдириб ташлади ва болтани энг катта бут “Мардак”нинг бўйнига осиб қўйди.

Қавм байрамдан қайтиб келиб, бутхонага кирди. У ерда ҳамма бутларнинг пачоқланиб ётганини кўриб, ҳушлари бошидан учди. Бир-бирларидан гумонсираб, буни ким қилди, деб сўрай бош­лаш­ди. Баъзилари: “Иброҳим деган йигит бизни айблаб, бутлари­миз­ни ҳақоратлаб юрар эди, байрамга ҳам чиқмаган эди”, деди.

Ҳамма Иброҳимни қидиришга тушди, қавми ундан қасос олишга шошилди. Иброҳим (алайҳиссалом) эса кўпдан бери қавм бир жойга тўпланишини, уларга эътиқодларининг ботил эканини айтиб, ҳидоятга чақиришни орзу қилиб юрар эди. Ҳамма жам бўлган жойга Иброҳим (алайҳиссалом)ни келтиришди ва бу иш­ни ким қилганини сўрашди: “Илоҳларимизни сен шундай қил­динг­ми, эй Иброҳим!”

Иброҳим (алайҳиссалом): “Балки бу ишни қилган энг кат­та­си­дир, агар у гапира олса, ўзидан сўраб кўринглар”, деб жавоб берди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбари­миз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Иброҳим (алай­ҳис­са­лом) ҳеч қачон бўлмаган нарсани бўлган, демаган эди, фақат уч бор шундай дейишга мажбур бўлган: ўзи касал бўлмаса-да, “мен беморман”, деган; бутларни ўзи синдирган бўлса-да, “балки бу ишни қилган энг каттасидир, агар у гапира олса, ўзидан сўраб кўринглар!” деган; Фиръавн Соранинг кимлигини сўраганида, хотини бўлса-да, уни “синглим”, деб айтган”, дедилар» (Имом Бу­хорий ва Имом Муслим).

Қавмнинг баъзилари бир-бирини айблаб, нега олиҳаларни қа­ровсиз қолдирдингиз, деса, баъзилар ҳақиқатни тушуниб ботил йўлда юрганларини эътироф қилди. Кўпчиликка ғулғула туш­га­нини кўрган қабила катталари Иброҳим (алайҳиссалом)ни ўтда куйдириб, йўқ қилишга буюрди.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

«(Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: “Уни ёқиб юборинглар! Агар (бирор нарса) қилувчи бўлсангиз (шу иш билан) илоҳларингизга ёрдам қилинглар(Анбиё, 68)

Иброҳим (алайҳиссалом) “Аллоҳ ягона” дегани учун уни ўтда куйдирмоқчи бўлдилар. Катта миқдорда ўтин тўплатиб, ёқиб қиз­дирилгандан кейин Иброҳимни палахмон (манжаниқ)га солиб оловга отишди.

Шуъайб ибн Жуббоийнинг ривоят қилишича, Иброҳим (алай­ҳиссалом) оловга отилганида ўн олти ёшда бўлган.

Иброҳим (алайҳиссалом) оловга отилган лаҳзада Жаброил (алайҳиссалом) келиб: “Мендан бирор тилагинг борми?” деб сўра­ди. Иброҳим: “Менинг Аллоҳдан ўзга бирор кимсага эҳтиёжим йўқ. У менинг ҳолимни билувчи, кўрувчидир”, деб жавоб берди. Шун­да Аллоҳ таоло оловга буюрди:

«Биз айтдик: “Эй олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!”» (Анбиё, 69)

Аллоҳнинг марҳамати билан улкан оловга тушган Иброҳим (алайҳиссалом) ҳеч қандай зарар кўрмасдан, ўт ўчгандан кейин қайтиб чиқди.

Баъзи тарихчиларнинг айтишича, Иброҳим (алайҳиссалом) оловга отилган жой ҳозирги Туркия давлатининг Урфа шаҳрида бўлган. У жой ҳозир ҳам машҳур.

Иброҳим (алайҳиссалом)дан бизга хатна қилиш, соқол ва мўйлабни қисқартиб юриш, қурбонлик қилиш каби кўплаб суннат ва вожиб амаллар етиб келган.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм