Мақолалар

Уч ёшли пайғамбар

Чоп этилди Oktabr 13, 2019 Уч ёшли пайғамбарda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбарлик буюк неъмат бўлиб, Аллоҳ танлаган энг улуғ инсонларгагина насиб этган. Шу билан бирга, ўта масъулиятли вазифа ҳамдир. Пайғамбар Аллоҳ билан бандалар орасидаги воситачи ҳисобланади. Шу боис бу вазифа инсондан катта салоҳият ва юксак иқтидор талаб этади. Аксарият олимлар иттифоқига кўра, ҳеч ким қирқ ёшдан олдин пайғамбар бўлмаган. Фақат Яҳё ва Исо алайҳимуссалом бундан мустасно.

Чунки Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссалом­ни уч ёш­лигида, Исо алайҳисса­лом­ни эса бе­шикдалик чо­ғида­ёқ пай­ғамбар қилиб юборган. Бу ҳам Аллоҳнинг мўъ­­жизаси. Шу ўринда са­вол туғилиши мумкин: “Ёш пайғамбарлар қандай хусу­сиятга эга бў­лиш­ган? Уларнинг бошқа пайғам­барлардан фарқи нимада?” Бу ўринда уч ёши­да пайғамбарлик шарафи­га муяссар бўлган Яҳё алай­ҳиссалом мисолида мазкур саволга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Аллоҳ таоло Қуръони ка­римда мазкур пайғамбар ҳақида бундай марҳамат қилган: «(Биз Яҳё алайҳис­саломга): “Эй Яҳё! Китобни (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!” (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик. Яна унга Ўз даргоҳимиздан меҳр ҳамда поклик (ато этдик) ва у тақволи бўлди. У ота-онасига меҳрибон бўлди, жабр қилувчи, ито­атсиз бўлмади. Унга ту­ғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам салом (омонлик) бўлур» (Марям сураси, 12-15-оятлар).

Ҳикмат

Аллоҳ таоло Яҳё алай­ҳиссаломга гўдаклигида­ёқ ҳикмат ато этди. “Ҳик­­мат”дан мурод пайғам­барликдир. Олим­лар­нинг таъ­кидлашича, ҳикмат Аллоҳ­нинг Китобини ўқиб-тушуниш, ақл ва илм демакдир. Мазкур оят Яҳё алайҳиссаломнинг бола­лик давридаёқ пайғамбар мақомига эришганидан да­рак беради. Бу вақтда Яҳё алайҳиссалом уч ёш бўл­ган. Аллоҳ таоло билан ва­ҳий орқали мулоқот қил­ган, Тавротни қийналмай ўқиган, ундаги таълимотлар мо­ҳиятини тўлиқ англаб етган, мукаммал ақл ва етук илм соҳиби бўлган. Яҳё алай­ҳиссаломнинг тенгдошлари: “Юр, бирга ўйнаймиз” деган­да, у зот: “Мен ўйин учун ярал­маганман!” дер эдилар.

Мазкур оятда Аллоҳ Яҳё алайҳиссаломга Тавротни маҳкам ушлаб, пайғамбар­лик ишларига сабр ва жиддият билан ёндашишга, Тавротдаги буйруқларни сабр ила бажаришга буюрмоқда. Аллоҳ мазкур оятда Яҳё алайҳиссаломга Тавротни ёдлашни буюрган.

Фарзандингиз ҳикмат ва илм соҳиби бўлишини ис­тай­сизми? Унда Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қуйи­даги сўзларига қулоқ тутинг: “Балоғатга етма­ган бола Қуръон ўқишни ўрган­са, у ҳам Яҳё алайҳиссалом­дек ҳикмат нури ато қилинганлар қа­торида бўлади”.

Меҳр, поклик ва тақво

Аллоҳ таоло Яҳё алай­ҳис­саломга меҳр-шаф­қат, му­ҳаббат, поклик, барча яхши­лик ва баракаларни ато қилган. Яъни, Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломни инсонларни ҳидоятга бошловчи муборак зот қилиб қўйди. Демак, раҳм-шафқат ва поклик ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилар экан. Фарзандлари меҳрсиз ва тошбағир бўлиб ўсаётганидан ёки ножўя ишларга қўл уришга одатланиб қолганидан шикоят қилган ота-оналар ўзларига бир савол берсинлар: “Мен Аллоҳдан фарзандларимга меҳр-шафқат ва пок­лик сўраб дуо қилдимми?! Уларга шундай дуо қилишни ўргатдимми?!”

Ота-онага меҳрибон, жабр ва гуноҳдан йироқ

Яҳё алайҳиссалом ёш­­лик чоғиданоқ тақво­дор, ота-онасига меҳрибон, Аллоҳга итоаткор ва хоксор бўлган. Жабрнинг асл маъноси ғазаб вақтида бировни уриш ёки ўлдириб қўйишни англатади. Шунингдек, жабр қаҳр қилувчи маъносига ҳам эга. Яҳё алайҳиссалом ўзга­ларга қўпол муомала қилув­чи ва одамларни гуноҳ-маъ­сиятга чорлагувчи бўл­маган, ғазаб туфайли ноқулай ҳо­латларга тушиб қолмаган, осийлик қилмаган, яъни гу­ноҳга қўл урмаган ва гуноҳ ишга рағбат ҳам қилмаган.

Омонлик

Аллоҳ таоло Яҳё алай­ҳиссаломга туғилган чоғида, вафот этганида ва Қиёмат куни қайта тирилганида ҳам салом йўллаган. Имом Мотури­дийнинг таъкидлашича, мазкур оятдаги салом уч хил маъ­нони ифодалаши мумкин:

Биринчиси, яхшиликдир. Яъни, Аллоҳ таоло мазкур уч ҳолатда Яҳё алайҳиссалом­га бутун яхшиликларни раво кўрмоқда. .

Иккинчи маъноси, сано ва мақтов. Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга ҳаётининг бошидан охиригача ва охират кунида ҳам сано ва мақтов айтмоқда.

Учинчи маъноси, шайтондан омонликдир. Яъни, Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломни туғилиш ва вафот этиш чо­ғида шайтоннинг васвасасидан асрашини айтмоқда. Зеро, мазкур ҳолатларда шайтон инсоннинг қалбига ғулғула солишга астойдил ҳаракат қилади. Чақалоқ туғилаётганда шайтон унинг йўлига тўғаноқ бўлиб, иложи борича болага зарар етказишга ҳаракат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ушбу ҳадис бунга яққол далил бўла олади: “Ҳар бир янги туғилган чақалоқни шайтон, албатта, ушлайди. Шунда чақалоқ чинқириб йиғлаб юборади”.

Демак, Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломни шайтоннинг бу зарарларидан омондан сақлаган. Баъзилар­нинг хаёлидан: “Ҳа энди, Яҳё алайҳиссалом пайғамбар бўлганлар. Шунинг учун у зотга мазкур афзалликлар ато қилинган. Биз эса оддий одамлармиз. Пайғамбар­ларга хос бундай имтиёзларни фақат орзу қилишимиз мумкин, холос”, деган фикр ўтиши мумкин. Ваҳоланки, олдинги пайғамбарларга берилган имтиёзлар бизга, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига ҳам ато қилинган!

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима ро­зияллоҳу анҳонинг туғилиш вақ­ти яқинлашганда Умму Салама ва Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳумони унинг ҳу­зурига юбориб, Оятул Кур­сий (Бақара сураси, 255-оят), Аъроф сураси, 54-оят ва Фа­лақ ҳамда Нос сураларини ўқишга буюрганлар. Бир ҳа­дисда бундай дейилган: “Ким фарзанд кўрса ва ўнг қулоғига азон ҳамда чап қулоғига такбир айтса, болага Умму сибён (ча­қа­лоқ­ларга зарар берувчи ­жин) за­рар бермайди” (Имом Бай-

ҳақий ривояти).

Яҳё алайҳиссаломнинг болаликдаги ўзига хос хусусиятлари ҳам биз учун ҳам катта мактаб вазифасини ўтайди. У зотнинг ҳаёт тарзидан фарзандга илм ва маърифат ўр­гатиш, уни меҳрибон ва итоат­кор қилиб тарбиялаш ҳамда соғлом ва баркамол бўлиб воя­га етишида ўзимизга яраша хуло­са чиқарамиз.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ходими

Абдуллоҳ АБДУЛМАЖИД ўғли тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан