Мақолалар

Саодат асри Фотималари

Чоп этилди Oktabr 13, 2019 Саодат асри Фотималариda fikr bildirishni o'chirish

Отасининг она қизи

Фотима бинти Муҳаммад. Инсониятнинг энг саодатли хонадонида туғилган гўдак. Отаси – Муҳаммад мустафо сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам. Онаси – аёллар тоҳираси, Макка афифаси Хадичаи Кубро. Набий алайҳиссалом чақалоққа Фотима деб исм қўйдилар ва айтдилар: “Уни Фотима атадим. Чунки Аллоҳ таоло уни ва авлодларини дўзахдан ажратди” (Имом Табарий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом қизларига жуда меҳрибон эдилар. Қизларининг ўз­лари етим қолган ёшда онасидан айрилгани раҳмат Пайғамба­рининг қайғусини яна ҳам орттирди. Ўксимасин дея қўлларидан келганча тасалли беришга ҳаракат қилдилар. Шу сабаблидир, балки, кўпинча уни ўзлари билан олиб юрардилар. Бир куни Фотимани бағирларига босиб, ўпдилар ва: “Фотима мендан бир парчадир. Уни ранжитган мени ранжитган бўлади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Яна бир сафар эса бундай марҳамат қилдилар: “Жаннат аёлларининг энг улуғи Хадича бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон ва Осиё бинти Музоҳимдир” (Имом Термизий ривояти).

Фотима бинти Муҳаммад – отасини фақат яхши кўрибгина қолмай, жуда кичиклигидаёқ имон қуввати ила Пайғамбар алайҳиссалом ҳимоясига чиққан қизалоқ.

Ҳарами шарифда намоз ўқиётган Расулуллоҳнинг елкаларига Уқба ибн Абу Муайт туя қорнини ташлади. Юк оғирлигидан Пайғамбар алайҳиссалом саждага борганча туравердилар. Мушриклар қаҳ-қаҳ отиб кулишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Қанийди қавмим, қабилам Маккада бўлганида, бу расво ишни қилганларнинг кунини кўрсатардим”, деб турганида Фотима югуриб келди. Ҳеч чўчимай, отасининг муборак елкаларини тозалади ва бор овози билан мушрикларни баддуо қилди. “Йиғлама, қизим, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. – Аллоҳ динини
камолга етказади”. Шундан кейин Фотимани “Умму Абиҳа” – “Отасининг онаси” дейдиган бўлишди.

Фотима бинти Муҳаммад – отасининг Заҳроси, яъни оқ, ойдин юзли қизи, Инсон сурасида тақвоси, саховатини Ҳақ таоло мақтаган аёл.

Кичкинтой Ҳасан ва Ҳусайн қаттиқ оғриди. Ҳазрат Али ва ҳазрат Фотима болаларига Аллоҳдан шифо сўраб, уч кун рўза тутишни ният қилишди. Ўғиллари тузалди. Ота-она биринчи кун саҳарликка туришди. Ейишга нарса топмай, сув ичиб оғиз ёпишди. Ифторга ҳам ҳеч вақо йўқлигидан ҳазрат Али Шамъун исмли яҳудийдан қарзга уч соъ арпа олди. Ҳазрат Фотима ундан нон қилди. Айни ифтор
пайти бир фақир Аллоҳ розилиги учун хайр-эҳсон сўради ва: “Аллоҳ сизларни жаннат дастурхонида меҳмон қилсин”, деди. Бу оила шундай гапдан кейин “ўзимиз очмиз” дермиди? Дарҳол нонни олиб чиқиб беришди. Ифторга ҳам, кейинги кун саҳарлигига ҳам яна сув қолди. Эртасига ҳазрат Али озми-кўпми егулик топиб келди. Бу сафар садақа сўраб етим келди. Учинчи куни эса асир киши…

Шу тарзда борларини бошқаларга бериб, уч кун оч-наҳор рўза тутишди. Кўп ўтмай Инсон сурасининг 8–12-оятлари тушди: «Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ “юзи” учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз. Бизлар Раббимиз (то­мони)дан бўладиган, (азобдан юзлар) тири­шиб, буришиб қолувчи бир кундан (қиёматдан) қўрқармиз”. Бас, Аллоҳ уларни ўша куннинг ёмонлигидан сақлар ва улар(нинг юзлари)га тароват, (дилларига) сурур бахш этар. Яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар» (Фахруддин Розий, Замахшарий).

Ҳазрат Фотиманинг мушриклар қаршисидаги қатъияти сингари жасоратга, фақирлар қошидаги жўмардлиги каби саховатига ҳар бир муслима аёл эга бўлсин, Илоҳим!

Паҳлавоннинг жасур синглиси

Фотима бинти Хаттоб. Ҳазрат Пайғамбар жонига қасд қилишдек машъум мақсадда кетаётган акаси Умарнинг йўлини тўсиб чиққан қўрқмас саҳобия.

Мушриклар Дорун Надвада тўпланиб, Расули акрамни ўлдиришга қарор қилишди ва бу вазифани ораларидаги энг баҳодир киши – Умар ибн Хаттобга топширишди. Ишни бажариш учун кетаркан, мусулмонлигини махфий тутиб юрган Нуайм ибн Абдуллоҳни кўрди. Нуайм сўраб билса, Умар Муҳаммадни ўлдириш учун бораётган экан. «Валлоҳи, алданибсан. Агар уни ўлдирсанг, Бану Абдуманоф сени соғ қўяди деб ўйлайсанми? Олдин хонадонингни “ислоҳ” қилганинг маъқул эмасми?» Ҳазрат Нуаймдан ҳақиқатни – синглиси Фотима билан куёви Саид ибн Зайд имон келтирганини билган Умар ғазаб отига миниб “жиноятчилар” уйига бурилди. Бу пайтда эр-хотин Ҳаббоб ибн Аратдан Қуръони карим ўрганаётган эди. Умарнинг шарпасини сезиб, Ҳаббоб ибн Аратни, саҳифани ҳам беркитишди.
Кутилмаган меҳмон ичкарига шиддат ила кириб: “Бу қандай овоз?” деб сўради.
Саволига етарли жавоб ололмагач, “Ҳаммасидан хабарим бор”, дея Саидга ташланди. Ўртага тушган синглисини ҳам аямади. Шунда юзи қонаётган Фотима
акасига тик боқди:

– Қўлингиздан келганини қилинг! Хоҳласангиз, ўлдиринг, бироқ биз Исломдан қайтмаймиз!

Синглисидан бундай гапни кутмаган Умар шошиб қолди. Урганидан пушаймон бўлди:

– Ўша ўқиётган нарсангизни беринг, бир кўрай.

Фотима акасининг имонга келишига умид боғлаб, Тоҳо сураси оятлари кўчирилган саҳифани узатди. «То, ҳо. (Эй Муҳаммад!) Биз сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун эслатма сифатида нозил қилдик. (У) Ерни ва юксак осмонларни яратган Зот (Аллоҳ томони)дан нозил қилингандир. (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир. Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда замин остидаги бор нарса Уникидир…»

Оятларни ўқиб Умар узоқ ўйланиб қолди. “Қандай ажойиб сўзлар!” деган гапини эшитиб ҳазрат Ҳаббоб яширинган жойидан чиқди:

– Расулуллоҳ дуолари сенга насиб бўлишидан умидим бор. У зот кеча: “Раббим, Исломга Амр ибн Ҳишом ёки Умар ибн Хаттоб билан қувват бер”, деб сўрадилар. Эй Умар, Аллоҳдан қўрқ!

– Эй Ҳаббоб, мени Муҳаммад ҳузурига бошла, мусулмон бўлай.

Шу тарзда Хаттоб ўғлининг улуғ саҳобийликка, абадий саодатга эриштирувчи йўли синглисининг остонасидан бошланди. Ўша куни Фотима Ислом дини ва Қуръони каримни шу қадар қатъий ҳимоя қилдики, дийдаси қаттиқ аканинг кўнгли эриди. Кўзи ёшли, Ҳақ йўлида қадди эгик ҳазрат Умарга айланди. Жасур сингил: “Умарнинг улови имон кел­тирса ҳам, ўзи имонга келмайди”, деганларга бармоқ тишлатди.

Жигарларимизга насиҳатимиз кор қилмаётган бўлса, Фотима бинти Хаттобни эслайлик. “Менда бир камчилик борлиги аниқ”, дея ўзимизни тўғрилайлик. Зеро, ўзимиз амал қилсаккина, бошқаларга сўзимиз ўтади.

Расулуллоҳнинг она ўрнида оналари

Фотима бинти Асад. Абу Толибнинг завжаси, ҳазрат Алининг онаси. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни саккиз ёшларидан бошлаб оналик муҳаббати, шафқати ила бағрига олган фидойи аёл. Илк имон келтирган ва Мадинага ҳижрат қилган саҳобийлардан.

Фотима бинти Асад вафот этганида Пайғамбар алайҳиссалом кўзларида ёш билан: “Бугун онам вафот этди”, дедилар. Кейин кўйлакларини кафанлик учун бердилар. Жаноза намозини ўқигач, бир муддат қабрга узандилар. Сабабини сўраганларга: “Абу Толибдан кейин менга ҳеч ким шу аёлчалик яхшилик қилмади. Охиратда жаннат либосларидан кийишини хоҳлаб, кўйлагимни кафан қилдим”, деб жавоб бердилар. Бунчалик қайғу чекаётганларидан ҳайрон бўлганларга айтдилар:

“У онамдан кейин онам эди. Ўз болалари оч туриб, олдин менинг қорнимни тўйдирарди. Сочларимни тарарди”.

Кейин бундай дуо қилдилар: “Аллоҳ сизни кечирсин, яхшилик билан  мукофотласин. Менга онамдан кейин она бўлдингиз. Ўзингиз емай едирдингиз, киймай кийдирдингиз. Энг яхши нарсаларни менга илиндингиз. Буларни фақат Аллоҳ розилиги ва охират ободлиги умиди билан қилардингиз” (Имом Ҳоким, Ҳайсамий ривояти).

Фотима бинти Асад – мусулмон аёлларга етимга қандай муомала қилиш бўйича энг яхши сабоқ берган муаллима. Ўксик болага шунчаки “энага” эмас, ҳақиқий онадек муносабат кўрсатишни ўргатган мурувватли қалб эгаси.

Раббимиз бу муборак аёлларнинг ўрнак тўла ҳаёти, тақвога йўғрилган умридан намуна олиш бахтини барчамизга насиб этсин!

Зумрад Фозилжон қизи тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан