Мақолалар

Дадам

Чоп этилди Oktabr 13, 2019 Дадамda fikr bildirishni o'chirish

Таг чарми йиртилди этигимнинг ҳам,

Янги олиб беринг, дея йиғладим.

Сира тинчлик бермас ёшлик хотирам,

Дадам тоғ эканин кечроқ англадим.

 

Бир оғиз “Пулим йўқ”, демадингиз ҳеч,

Ҳалол меҳнат билан боқдингиз бизни.

Хижолат, узрлар бироз бўлди кеч,

Хизрга ўхшатдим, дадажон, сизни.

 

Офтобдан ҳимоя оппоқ чит дурра,

Чарчоқ томчилари қуйилар бошдан.

Меҳр сувин ичиб яшнади кўнглим,

Меҳр олиб ўсдим Меҳр – қуёшдан.

 

Саҳардан то хуфтон оқиб киргунча,

Иссиқми, аёзми меҳнатда ҳар дам.

Дарахтда қушларнинг саси тингунча

Турмуш камларини тўлдирар дадам.

 

Энди йиғламайман арз қилиб сизга,

Илиқ нурлар сочиб отган қуёшим.

Сиз тўрга, хизматлар ярашар бизга,

Йилларимга сабр, шукур йўлдошим.

 

Терингизни шимиб сарғайган дурра,

Дадажон, мен учун бўлсин жойнамоз.

Тушда сизни кўриб, йўл олдим зумда,

Пойингиз ўпсам-да кўринади оз.

 

Камимга, ғамимга бўлолди малҳам,

Ҳаёт, айт, розими мендан дадам ҳам?..

 

Дилфуза УСМОНОВА

Бўка тумани

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонидан