Мақолалар

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир…

Чоп этилди Oktabr 14, 2019 Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир…da fikr bildirishni o'chirish

ҲАҚИҚАТ

Ҳикмат тўла замин, сир тўла осмон,

Инсон – унутувчи, билгувчи – Раҳмон.

Фавқул-башар истаб инграган жаҳон,

Бир боқ, қандай хушҳол имон-ла инсон –

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир.

Қалбидан зеҳнига зиё таратган,

Жумлаи оламни ўзга қаратган.

Қаттоллиги ёлғон, ёвузлиги – лоф,

Яратган уларни мушфиқ яратган –

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир.

Чумолига озор бермаган филлар,

Арслон келбатлару ҳалим кўнгиллар,

Илдизи самога туташган гуллар,

Ботил хаёллардан озода диллар –

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир.

Гувоҳлик бергайдир ҳар ҳадис, оят,

Саодат асридан қанча ривоят!..

Бағоят гўзалдир, бағоят гўзал –

Фикрат кўзи ила боқсалар, шояд,

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир.

Рад этар ҳаддидан ошган ҳар жонни,

Зулм ила тўкилган ҳар томчи қонни.

Миллат сўрамагай, ирқ ажратмагай,

Инсонни улуғланг, дейди – Инсонни –

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир.

Башарнинг эртаси мавҳумдир ҳануз,

Шу ўй ичра кун-тун маҳзундир ҳануз.

Муқаррар нусратдан умид узмас ҳеч,

Гарчи бечораҳол, мазлумдир ҳануз –

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир.

Қалблардан зулматни аритмасларми?

Жаҳолат уруғин қуритмасларми?

Яратганнинг Сўзи кор этмас наҳот:

“Ахир, улар ақл юритмасларми?”

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир!

Айт, нега таҳқирлаб тинмайсан, Дунё,

У сенинг дардингга топгуси даво.

Фитнакор ҳар тўда макрига учма,

Адашма, ҳукмга шошилма, илло –

Мусулмон гўзалдир, Ислом гўзалдир!

* * *

Тасбеҳ айтаверсам, зикр этаверсам,

Ёдингга кўмилиб кетса баётим.

Берсангу бермасанг – шукр этаверсам,

Ибодатга дўнса бутун ҳаётим;

Ҳар гапим сўзларнинг сараси бўлса,

Катта кетмасам ҳам майдалашмасам.

Маконим маънолар ораси бўлса,

Дунё талашмасам, жоҳ талашмасам;

Мадор бериб турсанг, ҳолсизлатмасанг,

Юрак тўхтамаса севишдан бир он.

Ўзимга қўймасанг, ёлғизлатмасанг,

Сенинг дўстларингга дўст тутинса жон;

Буюк таскин ила кўнглим шодласанг,

Давлатманд айласанг қаноат билан.

Фақат, фақат Ўзинг мукофотласанг

Икки дунёда ҳам саодат билан…

* * *

Нега қўрқай – қўрқинч бермас қулларинг бор,

Зулматларда башарсиймо нурларинг бор,

Йўл йўқотсам, йўлга бошлар йўлларинг бор –

Нега қўрқай?

Ғурбатларда юрганимда номинг айтсам,

Ҳар балони кўрганимда номинг айтсам,

Қил устида турганимда номинг айтсам –

Нега қўрқай?

Узун, яна, маҳзун бўлди қалб сафари,

Муножотга тўлиб кетди ишқ дафтари,

Ҳақ деганлар – икки дунё музаффари,

Нега қўрқай?

Кўксим ичра гоҳ офтоб, гоҳ юлдуз тунар,

Кўзим ёнар, сўзим ёнар, умрим ёнар…

Сендан қўрқиб турибман-ку, энди яна

Нега қўрқай?!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН