Мақолалар

Жаннат нафасли фасл

Чоп этилди Oktabr 14, 2019 Жаннат нафасли фаслda fikr bildirishni o'chirish

Онаси бетоблигини эшитган Мунаввар эртасига – жума куни шом тушганда ота уйига ки-риб борди. Узоқнинг иши қурсин, касал­ликдан­ми ёки уч ойдан буён кўрмаганиданми, онанинг ранглари синиқиб, жуссаси ҳам кичрайиб қолгандай эди. Лекин жигарбандларнинг кўнгил тўлиқишлари ҳадемай сокин суҳбатга, шукроналарга алмашинди. Мезбонлар Мунавварнинг кичкинтойи – Бонунинг гап-сўзлари, қилиқлари ҳақида эшитаркан, ғойибдан уни тасаввур қилиб завқланишарди.

– Қизинг энди бир ёшга киради, шекилли, кўкракдан чиқардингми? – деб тўсатдан сўради онаси.

– Йўқ, – жавоб қайтарди Мунаввар. – Сутим номигагина. Ухлаш олдидан хуморбосдига эрмак қилади, холос.

– Йўқ деганингдаям гўдакнинг ризқига яраша сут бўлади, – деди онаси. – Катта бувинг сизларни икки ёшга тўлмагунларингча сутдан чиқаришимга рухсат бермасди. Эмизикли болани нимага ташлаб келдинг?

– Менга ёпишиб хархаша қилаверади, – тинчлантирмоқчи бўлди Мунаввар. Кейин кулиб қўшиб қўйди: – Дам олиш кунимда тез бориб-келинг. Бону сизни кўрмаса, жуда ақлли бўлиб юради, дедилар-ку дадаси.

– Балки шу пайтдан фойдаланиб, кўкракдан чиқариб қўя қоларсиз, – гапга аралашди келинойиси. – Мана, кўрасиз, янаям беозор бўлиб қолади.

Бу ўй ўзининг кўнглидан ҳам ўтганди. Келинойисининг гапи фикрини қатъийлаштирди: тўғри-да, икки кун онасини кўрмай, эммай  турса, кўникади.

Мунавварнинг наздида қизини кўкракдан ажратиш осон ўтадигандай эди: Бону уч ойлигидан қўшимча овқатларга ўрганган. Она сути йўқ ҳисобида эди-да.

Фарғонадан онасини кўриб қайтгач:

– Болалар билан қийналмадингизми? – деб сўраганди, эри:

– Юришди мўмингина бўлиб. Мана, келдингиз, яна эркаликлари бошланди, – дея она қучоғида ниманингдир илинжида ғингшиётган кичигига ишора қилди.

Мунаввар тушунди, қизи кўкрак сўраяпти. Лекин у қатъий қарорга келиб қўйганди, шунинг учун шарт ўрнидан турди:

– Юр, сени ҳўппа қиламан, миёвга борамиз, бобов кўрамиз…

Бола экан-да, кўз ўнгига дарров “миёв”, “бобов” келиб ташқарига интилди.

Ўша кунлари кундузлар шу тахлит алдаш, овутиш билан ўтар, лекин кечқурунги уйқу олдидан, ҳай, ҳай, ҳай… Қизчаси Мунавварнинг кўйлагини жон-жаҳди билан юлқилаб тортар, “беринг, бери-инг!” деб ёлборарди. Мунаввар “бижи, аччиқ”, дея боланинг қўлини қайтарар, лекин гўдаккинани ҳеч юпатолмасди. Болагина юзларини ёш ювиб йиғларди. Аламидан онасининг юзларини юмдаларди.

Бир куни уйқу тўла кўзлари қабоқлари қаърига ботиб кетган Бону сира ухлолмади, чинқириб йиғлай бошлади. Нима қиларини билмаган Мунаввар карахт ўтирарди. “Ётинг! Ёти-инг”, деб илтижо қилар, онасининг ўринга ётиб кўкрак беришини сўрарди болагина.

– Юр, шириним, оймомага чиқамиз! – деб қизини қўлига олди. Ўрнидан турмоқчийди, “Ётинг!” деб ўзини орқага ташлаган Бонунинг боши қарсиллаб деворга урилди. Қақшаб чириллай бошлади. Мунаввар бу сафар чидаб туролмади. Қизчанинг терлаганидан ҳўл бўлиб кетган сочларини силаб-силаб ўпаркан, кўзларига лимиллаб ёш келди. Титраб турган митти вужудни бағрига босди-ю, боланинг оғзига кўкрак тутди. Қизалоқ қалқиб тушгандай бўлди, йиғидан таққа тўхтади. Оҳ, маъсумгина! Уч-тўрт марта сўриши билан уйқу элитар, энтикиб бир-икки нафас олгач, чўчиб тушар, яна бор кучи билан сўра бошларди. Ажаб, она кўксига яна, яна ёпишиб келар, узун-узун нафас билан гўё уни тўйиб-тўйиб ҳидлардиям. Шунда Мунаввар қизининг бағрига юз босиб ухлаши боисини ҳам англагандек бўлди. Она сутининг ҳидиниям қўмсаркан-да! Ором, роҳат топаркан-да! Лекин шундан кейин бошқа эмизмади.

Учинчи ҳафтада қизалоқ она ёқасига тирмашмайдиган бўлиб қолди. Аммо аввалгидек бехархаша юрмасди. Илгарилари шишачадан сутли ошини ичиб, устидан она кўксини озгина сўргач, кўзлари юлдузчадек чақнаб ўйнаб кетарди. Энди эса бесабаб инжиқланаверади.

Мунавварнинг наздида қизи юзига катта болалар нуқси уриб борарди. Худди шу туйғу туфайлими ё бошқа сабабми, она қалбида таърифлаб бўлмас бир ўкинчми-ей… кундан-кунга каттаярди. Қизчасини маҳкам бағрига босиб ўтиргиси, илгаригидек эркалатиб эмизгиси келарди. Бундан ўн кунлар муқаддам қизи кўксига тирмашиб йиғлаганда чеккан қийноқлари ҳолва экан. Энди эса митти вужудидан нур таралаётган қизалоғининг бағридан, жону дилидан узоқлашиб бораётганидан кўксида нимадир ёнарди. Ўзини айбларди: “Биров мажбур қилдими? Кейинроқ ажратсам, каттароқ бўлиб бунчалар азоб тортмасмиди? Нега шошилдим? Ахир Бонучанинг менга ҳеч қандай оғирлиги туша­ётгани йўқ эди-ку!”

Қизчанинг кулча юзлари, қўлчалари, оёқчаларига қараб ҳайрати ортиб борарди – мунис вужуд худди поклик, муҳаббат рамзи эди. Ўн-ўн беш кунгина аввал Мунаввар бу жажжигина қизалоғини кунда бир неча бор бағрига босиб эмизарди. Бутун жону жисми, руҳи фароғат топаркан-у, қадрини билмаган экан. Ўша кунларни етиб бўлмас илоҳий туш каби соғина бошлади. Ажаб, бу туйғуни нега илгари ҳис этмаган?

Мунаввар қизчасига юраги эзилиб термулар ва айни дақиқада қалбида бир мунгнинг каттариб бораётганини эзилиб ҳис этарди. У она ва гўдаги  битта томирдан сув ичади, деганларининг мағзини англаётгандек эди. Гўё дарё сувини иккига бўлиб ташламоқ учун қўйилган тўғонни асов тўлқинлар оқи­зиб кетмоқчи бўлар, меҳр-муҳаббатнинг яхлит оқими иккига бўлинишни сира-сира истамасди. Мана энди ўша дарё – Мунавварнинг дилбандига нисбатан меҳру муҳаббати худди тошқўрғонга қамалган уммон каби она вужудига ўзини сиғдиролмас, интилган манзилига тўкис етолмас, таскину чора изларди. Айни шу ҳолат ичра Мунаввар қизалоғининг сўнгги кунлардаги қийналишлари сабабини ҳам англаётгандай эди. Йўқ, мурғаккина она кўксини эмиб фақатгина сутга эмас, беҳисоб меҳру муҳаббатга ҳам тўйиб келаётган экан. Эмаётган пайтида гўдак юзига бирданига ёйиладиган ҳузур, бармоқчалари билан она юзлари, бўйинларини авайлаб силашлари, оёқчаларини баланд кўтариб олиб у ёқдан-бу ёққа эркаланибгина тебранишлари Мунавварни соғинтирарди.

Ғойибдан иноят билан сўқирнинг кўзи ярақлаб очилгани каби, Мунаввар эгизакка ўхшаш, пой-пиёда кечаётган йиллар, кунлар ичра бехосдан қалбини таърифсиз ҳусну ҳароратга тўлдирган ниманидир топиб олгандай эди. Бал-ки у илгари Аллоҳ берган бу неъмат қадрини билмагандир? Икки ёшга тўлмаган ўғлини боғчага топшириб, уй – ишхона – боғча ўртасида зувиллаб юраркан, хаёли фақат навбат кутиб ётган ишларига чирмашиб, кунлари чувалашиб кечди. Ҳозир ҳарчанд эслашга уринмасин ёдига тушмади: ўғлининг илк қадами, дастлабки сўзлари қачон, қандай бошланганди?

Авваллари тонгдан кун ботгунга қадар битта умиди бўларди: болалари кўпроқ ухласа ёки хархаша қилмай ўйнашса, ишларини тинчитиб ола қолса! Балки ўшанда Мунаввар қалбида беқадр қолиб кетган туйғулар йиллар ўтиши билан янгидан бош кўтардими? Балки ўғлининг бўйи чўзилиб, қўлидан келганича онасига ёрдам берадиган, меҳрибонлик қиладиган бўла бошлагач, дунёдаги тенгсиз давлату қувончи фарзандлари эканини англаганидан туғилдими бу соғинч? Билмайди. Муҳими, мана шу ило-ҳий фасл насиб этди унга! Мунаввар ингичка қошларини майин сочлари тўсиб ухлаб ётган  қизчасига беозор эгилиб, юзларидан ўпди. “Ўзинг берган неъматинггаки қалбимизда шунчалар меҳр-муҳаббат уйғотдинг, ё Парвардигори олам, Сенинг муҳаббатингга тараф йўқ! Мана шу саодатдан аёл зотини бебаҳра этма! Бебаҳра қилмаганинг учун шукр, беадад шукр. Ўзинг паноҳингда асра, ноумид этмагин, ё Раб!”

Мунавварнинг дилидаги уммон кўзларига нурли ҳалқалар бўлиб тўла бошлади.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан