Мақолалар

Тошчаларнинг тасбеҳ айтиши

Чоп этилди Oktabr 14, 2019 Тошчаларнинг тасбеҳ айтишиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Мен Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ёлғиз, хилватда топсаму, у зотдан баъзи нарсаларни сўрасам, деб юрардим. Бир куни хизматчидан сўрасам Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйда эканларини айтди.

Уйга кирдим, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлғиз ўтирган эканлар, менимча, ваҳий ҳолатида эдилар. Салом бердим, алик олдилар ва нима учун келганимни сўрадилар. Мен Аллоҳ ва расули учун келганимни айтдим. Ўтиришга буюрдилар, ёнларига ўтирдим. Ўзлари бирор нарса демагунларича мен ҳам ҳеч нима демасдан сукут сақлаб турдим.

Кўп ўтмай Абу Бакр шошилиб келди ва салом берди. Алик олдилар ва нима учун келганини сўрадилар. У Аллоҳ ва расули учун келганини айтди. Қўллари билан ўтиришга ишора қилдилар, у ўзи ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўрталаридаги тепалик устига ўтирди. Абу Бакр жойлашиб ўтириб олгач, унга ишора қилдилар, у менинг ўнг томонимга келиб ўтирди.

Сўнг Умар келди ва у ҳам шундай қилди. Набий (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) унга ҳам, ўша тепа жой устига, Абу Бакрнинг ёнидан ўтиришига буюрдилар.

Сўнг Усмон келди ва салом берди. Саломига алик олгач, нима учун келганини сўрадилар. У Аллоҳ ва расули учун келганини айтди. Қўллари билан ўтиришга ишора қилдилар, у ҳам тепалик устига ўтирди. Сўнг яна ишора қилдилар, Умарнинг ёнига ўтиб ўтирди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзладилар, мен: “Оз қолдилар”, деганларидан олдинги сўзларни яхши тушунмай қолдим. Сўнг қўлларига саккиз-тўққиз ёки шунга яқин тошларни олдилар. Тошлар у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларида хурмонинг инграшига ўхшаш овоз чиқариб, тасбеҳ айтди[1].

Сўнг уларни мендан ўтказиб, Абу Бакрга узатдилар. Улар Абу Бакрнинг қўлида ҳам тасбеҳ айтди. Сўнг уларни унинг қўлидан олиб ерга қўйгандилар, яна овоз чиқармайдиган оддий тошга айланиб қолди.

Сўнг уларни олиб Умарга узатдилар. Улар Умарнинг қўлида ҳам Абу Бакрнинг қўлида тасбеҳ айтгандек тас­беҳ айтди.

Сўнг уларни унинг қўлидан олиб ерга қўйгандилар, яна овоз чиқармайдиган оддий тошга айланди.

Сўнг уларни олиб Усмонга узатдилар. Улар Усмоннинг қўлида ҳам Абу Бакр ва Умарнинг қўлларида тасбеҳ айтгандек тасбеҳ айтди.

Сўнг уларни унинг қўлидан олиб ерга қўйгандилар, яна овоз чиқармайдиган оддий тошга айланиб қолди»[2].

 

[1] Менимча ровий, дарахтнинг овоз чиқариш мўъжизасига ҳам гувоҳ бўлганлар (Тарж.).

[2] Имом Байҳақий ва Имом Суютий ривояти.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм