Ўзбекистон янгиликлари

Юртимизда илк вақф меҳмонхонаси очилди

Чоп этилди Oktabr 14, 2019 Юртимизда илк вақф меҳмонхонаси очилдиda fikr bildirishni o'chirish

Зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Сурхондарё вилояти Ҳаким Термизий зиёратгоҳи атрофида вақф меҳмонхонаси очилди. Бу ҳақда «Вақф» хайрия жамоат фонди матбуот хизмати хабар беради. Ушбу маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов ва вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддиновлар иштирок этди.

Янги меҳмонхонада зиёратчилар учун барча қулайликларга эга шарт-шароитлар яратилган бўлиб, замонавий услубда жиҳозланганлиги қайд этилди. Мазкур меҳмонхона 70 ўринга эга бўлиб юқори хизмат кўрсатувчи қулайликларга эга люкс ҳамда ярим люкс хоналарни ўз ичига олади. Меҳмонхона ҳудудида 1 та чойхона ва 1 та ресторан мавжуд. Бу эса дам олувчи ва йўловчилар учун хоҳлаган вақтда келиб танаввул қилиш имкониятини беради.

Яна бир жиҳати меҳмонхонанинг Тошкент-Термиз халқаро магистрал йўлининг ёнида эканлиги Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа ҳамда Ҳаким Термизий зиёратгоҳ ва тарихий ёдгорликларига тез фурсатда етиб олиш имконини беради.

Шунингдек очилиш маросимида вилоятдаги 30 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди.

Меҳмонхонада мусулмон сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир хонага Қуръони карим, жойнамоз қўйилиши ва Қибла кўрсатгичи ўрнатилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, истиқболда меҳмонхонани ҳалол стандартига мос ҳолатга келтириш кўзда тутилган.

Меҳмонхона фаолиятидан келиб тушган маблағлар вақф мулкларини тасарруф этиш ҳамда хайрия мақсадлари учун ишлатилади.

«Вақф» хайрия жамоат фонди ушбу меҳмонхонанинг ташкил этилиши ва фаолиятининг йўлга қўйилишида кўмак кўрсатган саховатпеша ҳомийларга ўз миннатдорчилигини билдиради.

“ВАҚФ” хайрия жамоат фонди