Мақолалар

Ўзбекистон ҳудудидаги энг кичик мақбара ҳақида нима биламиз?

Чоп этилди Oktabr 14, 2019 Ўзбекистон ҳудудидаги энг кичик мақбара ҳақида нима биламиз?da fikr bildirishni o'chirish

Кармана шаҳридаги ушбу ёдгорлик Ўрта Осиё архитектураси тарихида муҳим аҳамиятга эга. Зеро, кичик иншоотни эслатадиган бу мўъжаз мақбара ўн асрдан бери тарихнинг жонли гувоҳи сифатида қад ростлаб турибди. Мақбарада бир неча марта турли тарихий экспедициялар текшириш ўтказгани қайд этилмоқда. Жумладан, 1934 йилда Зарафшон археология экспедицияси олимлари тадқиқот олиб бориб, мақбара ташқи кўринишининг ён томонидан схемали расмларини тушириб олган. 1942 йилга келиб, мақбара қурилишида бажарилган услубларни ўрганишга ҳаракатлар бўлган, аммо бу ишлар охирига етиб бормаган, тадқиқотлар чала қолиб кетаверган.
– Мир Саид Баҳром мақбараси ноёб қурилма бўлиб, Ўзбекистон ҳудудидаги энг кичик мақбара ҳисобланади, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жавлон Ҳасанов.– У Х-ХII асрларга хос бўлиб, Республика муҳофазасига олинган ноёб ёдгорликлар сирасига киради. Мақбара бир гумбазли, тўртбурчак шаклида қурилган. Ёдгорлик бир неча бор таъмирланиб дастлабки кўринишини йўқотган. Унинг бош фасади 6х6 метр квадрат шаклида бўлиб, жуда усталик билан безатилган, ғиштни турли усулда терилиб, ҳар хил геометрик шаклдаги нақш безаклари, тимсоллар ва куфий усулидаги битиклар билан бойитилган.
Тарихни варақлайдиган бўлсак, Мир Саид Баҳромнинг туғилган ва вафот этган вақти маълум эмас. Бу зукко, ақлли, билимли ва ўз навбатида, кароматли шахсни маҳаллий аҳоли жуда ардоқлаган. Мир Саид Баҳром ҳақидаги дастлабки маълумотлар XVIII-XIX асрларда яшаган тарихчининг “Самария” асарида келтирилган. Унда Мир Саид Баҳром етук уламо, дин арбоби, тақводор, кароматлар соҳиби, комилликка эришган авлиё бўлиб, силсиласи бўйича пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга бориб тақалади, дейилган.
Шунингдек, Мир Саид Баҳром Карманадан ўтган Буюк Ипак йўли орқали Афғонистон, Эрон ҳамда араб давлатларига қатнаб савдо-сотиқ билан шуғулланган. Мол-дунёсидан кўплаб хайр-эҳсонлар бериб, обрў-эътиборга сазовор бўлган. У Ислом илмий асослари – фиқҳ, тарих илмини пухта билган. Умрининг охирларида тасаввуф йўлига ўтиб, соҳиби кароматга айланган. Шу йўл билан авлиёлик даражасига етишган.
– Маълумотларга кўра, мақбара ёнида қурилган масжид 1960 йилларда бузиб ташланган, – дейди Ж.Ҳасанов. – Унинг сурати айрим чизмаларда сақланиб қолган. Қадимий манбаларга асосланиб, 2012-2013-йилларда ёдгорлик ёнида ўтмишда мавжуд бўлган кейинчалик бузилиб кетган масжид қайта тикланган ва ҳозирда зиёратгоҳ сифатида фойдаланилмоқда.
Ҳозирда юртимиздаги ноёб маданий мерос объектларидан бири сифатида Мир Саид Баҳром мақбараси Буюк ипак йўли бўйидаги трансчегаравий маданият ёдгорликлари номинацияси бўйича ЮНЕСКОнинг рўйхатига киритилиши кутилмоқда.

 

Сайёра ШОЕВА, Ўз