Дунё янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси билан учрашди

Чоп этилди Oktabr 15, 2019 Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси билан учрашдиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябрь, душанба куни Боку шаҳрида Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, конфессиялараро мулоқотни кенгайтириш, таълим ва ёшларнинг маънавий тарбияси масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари бу борадаги халқаро ҳамкорлик даражаси тобора юксалиб бораётганини қайд этди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар замонавий хатар ва таҳдидларга қарши самарали курашиш, муқаддас ислом динининг соф қадриятлари ва чинакам инсонпарварлик мақсадларини халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилиши таъкидланди.

 Фото: Президент матбуот хизмати

Кавказ мусулмонлари идораси раиси, ўз навбатида, Ўзбекистон Президентининг ислом оламининг бой меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш бўйича ташаббусларини ва бу борада қабул қилинаётган чоралар самарали эканини қайд этди.

Оллоҳшукур Пошшозода мамлакатлар ва бутун минтақада тинчлик, тотувлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш йўлида фаол мулоқот ва ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.