Мақолалар

Касалнинг ҳақига дуо қилиб, дам солиш

Чоп этилди Oktabr 16, 2019 Касалнинг ҳақига дуо қилиб, дам солишda fikr bildirishni o'chirish

Касалнинг ҳузурига кирилганда унга соғлик тилаб, дуо қилинади. Собит розияллоҳу анҳу Анас розияллоҳу анҳуга:

– Эй Абу Ҳамза, бетоб бўлиб қолдим, дедилар. Анас розияллоҳу анҳу:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган дуони ўқиб, дам солиб қўяйми? – дедилар.

– Майли, – дедилар Собит розияллоҳу анҳу. Анас розияллоҳу анҳу:

اللهمَّ ربَ النَّاسِ اذْهب البّأْسِ اشْفِ أنتَ الشَّافي، لاَ شفاءَ إلاَّ شفاءُك شِفَائًا لا يُغَادِرُ سقماً

«Аллоҳумма роббан наси азҳибин баъса, ишфи анташ шафий, ла шифаа илла шифаука шифаан ла юғодиру сақома» – яъни, «Ё Аллоҳ, Сен инсонлар Раб­бисан, қийинчи­ликларни кетказ, шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан бошқа шифо йўқ. Сен берган шифо бирорта ҳам касаллик қолдирмай­ди” дуосини ўқидилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)[1].

Дам солиш учун қуйидаги уч нарса шарт қили­нади:

  1. Ўқиладиган дуо Аллоҳнинг каломи ёки исмлари, ёхуд сифатлари бўлиши керак.
  2. У араб тилида ёки тушунадиган луғатда бўлиши керак.
  3. Дам солишнинг ўзи таъсир ўтказа олмайди, балки Аллоҳнинг тақдири билан фойда беради, деган эъти­қодда бўлиши керак. Энди юқоридаги ҳадисда келган лафз ила дам солиш маҳбуброқдир.

Касал зиёратига борган киши қуйидаги дуони етти марта ўқиши мустаҳаб:

أسألُ اللهَ العظيمَ ربَ العرشِ العظيمِ أنْ يَشْفِيكَ

«Асъалуллоҳал ъазим роббал аршил азийм ай яшфика». Яъни: «Буюк Арш Раббиси бўлган Улуғ Аллоҳ­дан сенга шифо беришини сўрайман». Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ عَادَ مَرِيضًا لَمْ يَحْضُرْهُ أَجَلُهُ، فَقَالَ عِنْدَهُ سَبْعَ مَرَّاتٍ: أَسْأَلُ اللهَ الْعَظِيمَ رَبَّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ أَنْ يَشْفِيَكَ: إِلاَّ عَافَاهُ اللهُ مِنْ ذَلِكَ الْمَرَضِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِرْمِذِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким касал кўргани борганида, агар ажали етмаган бўлса, унинг ҳузурида етти марта:

أسألُ اللهَ العظيمَ ربَ العرشِ العظيمِ أنْ يَشْفِيك

(Асалуллоҳал ъазима Роббал ъаршил ъазими ай-йашфика) деса, Аллоҳ таоло уни касалидан халос қилади», дедилар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ جِبْرِيلَ أَتَي النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فقَالَ: يَا مُحَمَّدُ اشْتَكَيْتَ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: بِسْمِ اللهِ أَرْقِيكَ، مِنْ كُلِّ شَيْءٍ يُؤْذِيكَ، مِنْ شَرِ كُلِّ نَفْسٍ أَوْ عَيْنٍ حاسِدٍ، اللهُ يَشْفِيكَ، بِسْمِ اللهِ أَرْقِيكَ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, тобин­гиз йўқми?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», деб жавоб берганларида, Жаброил алайҳиссалом:

بِسْمِ اللهِ أَرْقِيكَ، مِنْ كُلِّ شَيْءٍ يُؤْذِيكَ، مِنْ شَرِ كُلِّ نَفْسٍ أَوْ عَيْنٍ حاسِدٍ، اللهُ يَشْفِيكَ، بِسْمِ اللهِ أَرْقِيكَ

«Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзика мин шарри кулли нафсин ав ъайнин ҳаасидин, Аллоҳу яшфийка, бисмиллаҳи арқийка», яъни: «Аллоҳнинг исми ила дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳар бир нафснинг ёмонлигидан ёки ҳасад қилувчи кўздан Аллоҳ сизга шифо берсин. Аллоҳнинг исми билан сизга дам соламан», деб айтиб, дам солдилар (Имомлар Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилишган)[2].

Бемор киши даво излаши суннат.

عَنْ أبِي دَرْدَاء رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ تَعَالَي أَنْزَلَ الدَّاءَ والدَّوَاءَ، وَجَعَلَ لَكُمْ دَاءَ دَوَاءٍ، فَتَدَاوُوا وَلاَ تَدَاوُوا بِالْحَرَامِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло касалликни ҳам, (унинг) давосини ҳам нозил қилган. Ҳар бир касалликнинг давоси бор. Даволанинглар, ҳаром қилинган нарсалардан даво изламанглар» (Имом Абу Довуд ривояти)[3].

Касал киши оятлар, Аллоҳнинг исм ва сифатлари ёзилган туморларни тақиши ҳанафий, моликий, шо­фиъий ва ҳанбалий мазҳаблари уламолари наздида жоиз саналган. Бу тўғрида тақиқ келган ҳадис ширк ёзилган туморларга оид, деб таъвил қилганлар[4]. Ҳар хил бўлар-бўлмас нарсаларни тақиш тақиқланган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу амалдан қаттиқ қайтариб, бундай деганлар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يزِيدُكَ إِلَّا وهنًا انبَذَهَا عَنْكَ وَلَوْ مُتَّ وَهِيَ عَلَيْكَ مَا أَفْلَحْتَ أَبَدًا. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَغَيْرُهُ وَالْإِسْنَادُ حَسَنٌ.

«У фақат сенинг заифлигингни зиёда қилади. Агар сен уни таққан ҳолда вафот этсанг, ҳеч қачон нажот топмайсан» Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти, исноди саҳиҳ. Шунингдек, бемор киши оҳ-воҳ солиб, инграши ҳам макруҳ. Оҳ-воҳ солиш шикоят қилиш, бесабрлик аломатидир. Бесабрлик – бу Холиққа бўлган норозилик демакдир[5].

 

[1] Ўша манба, 447-бет.

[2] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Риёзус-солиҳийн». Тошкент: «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. 2015, 420–421-бетлар.

[3] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980. 2-жуз, 449-бет.

[4] Шамсиддинхон ибн Зиёвуддин, Шайх Абдулазиз Мансур. “Минг бир фатво”. Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2014, 148-бет.

[5] Абдулазиз Муҳаммад Салмон. «Ал-асъилату вал-ажвибатул-фиққҳийя». 1425-ҳ.й, 1-ж, 249-бет.

 

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан