Мақолалар

Рабиъ ибн Хусайм (раҳимаҳуллоҳ)

Чоп этилди Oktabr 16, 2019 Рабиъ ибн Хусайм (раҳимаҳуллоҳ)da fikr bildirishni o'chirish

Рабиъ ибн Хусайм Саврий, Куфий. Куняси: Абу Язид. Насаби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг икки боболари Илёс ва Музорда туташади. Набий алайҳиссалом билан замондош бўлган бўлса-да, бевосита ҳадис ривоят қилмаган. Шунинг учун у тобеъинлардан саналади.

Улғайиб қолган ўғлининг кечалари намоз ва истиғфор билан Аллоҳга муножот қилаётганини онаси кўрарди. Тунларнинг бирида Рабиънинг кўп йиғлаши уни хавотирга солди. Ҳатто ёмон гумонга бориб: “Сенга нима бўлди, гуноҳ иш қилдингми ёки одам ўлдирдингми?” деб сўради ўғлидан. Рабиъ: “Онажон, мен бир жонни ўлдирдим”, деди. Она бетоқат бўлиб: “Ўғлим, ўлган ким, оиласига бориб ёлворамиз. Шояд сени кечиришса. Аллоҳга қасам, агар ўлганнинг уйидагилар сенинг бу пушаймонингни, йиғидан тўхтамаётганингни билишса, албатта кечиб юборишади”, деди. Рабиъ: “Йўқ, онажон, буни бировга айтиш фойдасиз, мен ўзимни, нафсимни гуноҳлар билан ўлдирдим”, деди.

***

Рабиъ ибн Хусайм кўзга кўринган олимлардан бўлиб етишди.  Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан таълим олди. Устоз-шогирд ўзаро ота-боладек самимий муносабатда эдилар. Абу Убайда ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг айтишича Рабиънинг кўнгли поклиги, тақвоси, ибодатдаги хушусини кўриб, Абдуллоҳ ин Масъуд: “Сени кўришим билан Парвардигордан қўрқувчиларни эслайман”, дерди.

***

Абдураҳмон ибн Ажлон бундай эслайди: “Рабиънинг уйида бер кеча тунаб қолдим. У киши мени ухлаб қолди деб ишонч ҳосил қилганидан сўнг, туриб намоз ўқиди. Тинимсиз ёш тўкди”.

Ҳилол ибн Ясор раҳимаҳуллоҳ айтади: “Рабиъ ибн Хусайм билан ўтирсангиз, агар бирор нарса сўрамасангиз, сизга ҳеч нарса демайди. Унинг сўзи зикр, сукути эса тафаккур қилаётганидан дарак”.

Бир куни Рабиъ ибн Хусайм раҳимаҳуллоҳ Ҳилол ибн Яссорга бундай насиҳат қилди: “Эй Ҳилол, инсонларнинг кўп мақташи сени алдаб қўймасин. Чунки одамлар фақат ташқи кўринишингни билишади. Зеро, амалинг сенга ҳамроҳдир. Аллоҳ розилиги йўлида қилинган ҳеч бир амал йўқ бўлиб кетмайди”.

Шайх Мунзир раҳимаҳуллоҳ Абу Язиднинг бундай насиҳатини эслайди: “Доим Аллоҳга тақво қил. Ақлинг етмаган нарсани эгасига топшир. Агар бирортангиз: “Ё Аллоҳ, Сенга тавба қиламан”, деб сўнг тавба қилмаса, ёлғончи бўлади. Бунинг ўрнига: “Ё Аллоҳ, тавбаларимни қабул эт”, десин. Аллоҳга ҳамд айтиш, яхшилик сўраш, ёмонликдан паноҳ тилашда, шунингдек, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ва Қуръон ўқишда кўп яхшилик бор”.

Рабиъ ибн Хусайм раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Айюб Ансорий, Амр ибн Маймун розияллоҳу анҳумдан ҳадис ривоят қилди. Ундан эса Шаъбий, Иброҳим Нахаий, Ҳилол ибн Ясор, Мунзир, Саврий, Ҳубайра ибн Ҳузайма ва бошқалар ривоят қилишди.

Рабиъ ибн Хусайм ҳижрий олтмиш бешинчи йили Куфада вафот этди.

Омина ҲАЙДАРОВА таржимаси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонидан