Мақолалар

Оилалар бузилмасин,  қариндошлик узилмасин…

Чоп этилди Oktabr 17, 2019 Оилалар бузилмасин,  қариндошлик узилмасин…da fikr bildirishni o'chirish

Динимиз таълимотида оилага, уни барпо этишга, айниқса, никоҳга кирувчи йигит-қизларнинг қай жиҳатлардан ўзаро муносиблигига эътибор қаратиш хайрли оқибатларга олиб ке­лиши кўрсатиб, изоҳлаб берилган. Қуръони каримда маҳрам киму номаҳрам кимлиги зикр қилинган. Шунга кўра, холавачча, амакиваччалар орасида никоҳ шаръан ҳалолдир. Аммо уламолар бу даражада яқин қариндошлар қуда-анда бўлмасдан, бегоналардан келин қилиши ёки бегоналарга қиз бериши афзаллигини таъкидлайдилар.

Яқин қон-қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган фарзандларда жисмоний, ақлий, руҳий ноқисликлар учраш эҳтимоли юқорилиги ҳақида тиббиёт бонг урмоқда. Лекин, шунга қарамай, баъзилар: “Ана, фалончи-писмадончи қариндо­шидан келин олди, яхши яшашяпти, болалари ҳам бир чиройли”, дейишади. Лекин инсон вужудининг сирлари, ўзига хосликлари қачон, қандай ҳолатда намоён бўлишини ҳеч ким билмайди. Мовардий “Адабуд дунё вад дин” китобида, Ибн Қутайба “Ғарибул ҳадис” китобида: “Фарзандларингиз заиф бўлиб қолмаслиги учун бегоналарга уйланинглар”, деган мазмундаги ҳадисларни келтирганлар.

Қишлоқ хонадонларидан бирига ташриф буюрганимизда, палосда уч опа-сингил ўрмалаб юришарди: каттаси 21 ёш, ўртанчаси 19 ва кичкинаси 17 ёшда экан. “Биз амакиваччалар оила қурганмиз, – деди хонадон соҳибаси. – Уч қиз, бир ўғил кўрдик. Жуда бахтли эдик. Лекин қизларимиз балоғатга етиб, ҳайз кўришлари билан бирин-кетин оёқдан қолишди, юриш бахтидан маҳрум бўлишди. Олиб бормаган шифокор, таби­бимиз қолмади. Бу ҳолатга ҳаммаси мен билан эримнинг яқин қариндош эканимиз­ни сабаб, деб айтишди”.

– Тоғасининг ўғли билан никоҳ қурган қўшнимизнинг тўрт фарзандидан бири ақли заиф, иккитаси кар-соқов, биттаси соғлом, – дейди маҳалла фаоли кекса аёл. – Шу аёл маҳалла-кўйга қўшилишга ҳам тортинади. Доим тушкун кайфиятда, маъюс, асаблари таранг, жаҳлдор, эрта қариб қолган…

– Онам билан холам топган-тутганларимиз ўзимизникига қолсин, дея бизни никоҳлаб қўйишди, – деб ҳикоя қилади Ш. исмли йигит. – 12 йил бир оила бўлдик. Ногирон туғилган фарзандларимизни кетма-кет ерга қўйдик. Онам холамга: “Қизинг фақат ногирон туғади”, дея жаҳл қилса, холам: “Ўғлингиз айбдор, ҳар ким экканини ўради”, дея жазавага тушарди. Ниҳоят, аж­рашдик. Энди қариндошлар юзкўрмас бўлиб кетишди.

– Аёллар ҳомиласининг ҳолати, ривожланишини ультратовуш ёрдамида текширилганда, нуқсонларнинг кўпчилиги яқин қариндошлар никоҳидан тузилган оилаларда учраётгани аниқланди, – дейди Самарқанд вилояти репродуктив саломатлик маркази директори Умида Бобораҳимова. – Опа ўн етти ёшли ўғлини синглисининг ўн олти ёшли қизига уйлантирган. Келиннинг учта ҳомиласи ультратовуш текширувидан кейин тўхтатилди. Чунки биринчи ҳомила қўл ва оёқсиз, иккинчисида буйрак ўсмаси  борлиги, учинчи ҳомилада қулоқлар бир ерда жойлашиб, кўзнинг битталиги маълум бўлди; амакивачча эр-хотинларнинг уч қизи соғлом, бир ўғли ақли заиф; яна бошқа амакивачча келин-куёвларнинг икки боласи юрак пороги билан дунёга келди…

Афсуски, бундай мисоллар жуда кўп. Қариндош эру хотинлар ўртасидаги келиш­мовчиликлар жигарларнинг бир-биридан но­розилигига, икки тарафга бўлиниб кетиш­ларига олиб келаётгани – яна бир жиддий ижтимоий муаммо. Баъзан шундай бўладики, ёшлигидан бирга катта бўлган, вояга етган холаваччалар, амакиваччалар ака-сингилдай бўлиб қолишади. Қаранг, опа яккаю ягона эрка қизини бегонага узатишга кўзи қиймай, ишонмай, синглисининг ўғлига ўзи ташаббускор бўлиб беради. Лекин қиз икки ойда қайтиб келган. Сабаби: “Ёшлигимиздан ака-сингилдек катта бўлганимиз учун уни сира эр ўрнида қабул қилолмадим. Ичимдаги хижолатлик, уят туйғусини ҳеч енголмасдим. Шунинг учун ярим кечагача ошхонада куймаланаверардим, теле­визор кўриб ўтираверардим, уйга киргим келмасди…”

Аммасига келин бўл­ган қиз уч фарзанд кўрган, лекин қайнота-қайнонани менсимаган, “сизлардан қачон қутуламан”, деб кўп жанжал қилган. Жияни келинининг бу қилмишларидан норози бўлиб гапирган опасини ука туҳматчи, золимга чиқариб, фақат ўз қизини оқлаган. Оила бузилиб, қариндошлик ҳам узилган.

“Синглимга қуда бўлдим, – деб ёзади яна бир аёл. – Келиним ва ўғлим кели­шолмай, тез-тез жанжал чиқарди. Беш фарзанд кўришсаям тинчишмади. Биз, катталарга жуда оғир бўлди: қайси бармоғингни тишласанг, оғрийди. Опа-сингиллар бир-биримизга тик қарамадик, лекин эрка ўғил ўстирганим учун мен, қизининг бундай тақдири учун синглим, ғамда қоврилдик”.

“Ўзимники, сирпўшим, яхшимни ошириб, ёмонимни яширади, бору йўғимга кўниб, гапимни кўтаради”, деган яхши ниятлар билан қўйилган жиддий қадам, яъни яқин қариндошларнинг қуда тутиниши билан боғлиқ муаммолар ҳамма жойда учраяпти. Тўғри, оилавий келишмовчиликлар, аж­римлар бегоналардан қиз олиб, ўғил уй­лантирганлар орасида ҳам оз эмас. Аммо қариндош эру хотин оила­сининг нотинч­лиги, бузилиши яқинларнинг жанжаллашиб, мол-мулк талашиб, судлашиб юришига, соғлигини йўқотишига, эл-юртда обрўйи тўкилиши, ҳатто юзкўрмас бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, силаи раҳм, қариндошлик ришталарини узмаслик динимизда қатъий таъкидланган.

Нозима ТЕМИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакилининг

хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан