Ўзбекистон янгиликлари

16 минг 739 қонуний никоҳ бекор қилинди

Чоп этилди Oktabr 16, 2019 16 минг 739 қонуний никоҳ бекор қилиндиda fikr bildirishni o'chirish

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида судларда ишларни ўз вақтида кўриб чиқиш, судларга мурожаат ва аризаларни электрон тарзда йўллаш, видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлислари ўтказиш каби янги имкониятлар яратилмоқда.
Бу билан чекланилмасдан ишларни сайёр суд мажлисларида, яъни судга ариза берган томонларнинг яшаш манзилларида кўриш амалиёти йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 53 мингга яқин фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилгани буни тасдиқлайди. Шунингдек, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга жойида кўмак кўрсатиш мақсадида 5,5 мингга яқин учрашув ва очиқ мулоқот ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг маълум қилишича, 2019 йилнинг тўққиз ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 139 мингга яқин иш кўриб чиқилган. Кўрилган ишлар таҳлили 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 19,1 фоизга камайиш кузатилганини кўрсатди.
Ҳисобот даврида 69 миллиард сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томондан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 60 мингдан ортиқ суд буйруғи чиқарилди. Ушбу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сумма бўйича 68,1 фоизга, суд буйруқлари сони бўйича эса 71,3 фоизга камайди.
Кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 120 мингдан зиёд ҳал қилув қарори чиқарилди. Ушбу қарорлар бўйича талабларнинг 86,4 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди.
Ҳал қилув қарори қабул қилинган даъво тартибидаги 98 мингдан ортиқ фуқаролик ишидан 27 минг 701 таси никоҳдан ажратиш, 24 минг 233 таси битимлар билан боғлиқ бўлган бўлса,1 минг 165 таси ишга тиклаш, мингдан зиёдроғи тураржойдан кўчиришга оид ва бошқа ишлар ташкил қилди.
Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, ҳал қилув қарори қабул қилинган 27 минг 701 ишнинг 16 минг 739 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилди. Яъни шунча қонуний никоҳ бекор қилинди. Қарийб 11 минг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилди – қонуний никоҳлар бекор қилинмаган. Бундан ташқари, 4 мингга яқин даъво бўйича ишни юритиш тугатилган ёки кўрмасдан қолдирилган.
Бундан ташқари, Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 791 иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 255 қарор бекор қилинди ва 95 суд қарори ўзгартирилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА