Мақолалар

Йўқчилик ва тўқчилик

Чоп этилди Oktabr 16, 2019 Йўқчилик ва тўқчиликda fikr bildirishni o'chirish

Дунё бўйлаб қашшоқликка қарши курашиш учун миллиардлаб маблағ ажратилмоқда. Африкада ичимлик суви таъминотини яхшилаш, Ҳиндистонда уй-жой қуриш ёки Лотин Америкасида таълимни оёққа турғазиш учун катта-катта ақча сарфланмоқда. Хўш, кўрилаётган чора-тадбирлар қашшоқликка қарши курашда натижа бермоқдами? Балки йўқчиликка қарши курашнинг бошқа самарали йўллари мавжуддир?

Бу йил иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти айни шу ҳаёт-мамот масаласида изланишлар олиб бораётган америкалик уч олим – Ҳарвард университети вакили Майкл Кремер ҳамда Массачусетс технология институти тадқиқотчилари, эр-хотин Абҳижит Банержи ва Эстер Дуфлога берилди.

Хўш, уч олим қандай янгиликка қўл урдики, номдор мукофоту бир миллион доллар ақчага эга бўлди?

«Улар қашшоқликка қарши курашда янги ёндашувни асослаб бердилар. Учовлон, таъбир жоиз бўлса, катта муаммони қисмларга бўлдилар ва мушкул саволларга жавоб топишнинг энг мақбул йўли бевосита тажриба эканини исботладилар», – дейилади Швеция фанлар академияси қарорида.

Ҳар йили Жаҳон банки ва бошқа халқаро тузилмалар қашшоқликка қарши кураш учун миллиард-миллиард пул ажратади. Бу ёқда саховатпеша бойлари, ҳотамтой зодагонлар ҳам бақадриҳол кўмак беради. Одатда, қашшоқликка қарши кураш учун маблағ ажратаётган ташкилотлар ёки бойлар пулни ўзи билганча сарфлайди: биров камбағал қишлоққа мактаб қуриб беради, биров ичимлик суви келтиради. Аммо иқтисодчи Майкл Кремер масалага илмий ёндашиб, маблағ қай мақсадда сарфланса самарали бўлишини аниқлаш учун бевосита тажриба ўтказишга қарор қилди. Шу мақсадда у Африканинг олис Кения ўлкасига отланди. Абҳижит Банержи ва Эстер Дуфло эса Ҳиндистонда айни шундай тажриба ўтказишди.

Қашшоқ қишлоқларда ўтказилган тажрибалар кутилмаган натижа берди. Масалан, Африкада камбағал аҳоли орасида таълим ривожлантириш учун одатда ўқитувчилар олиб келинади, ўқувчиларга мактаб формаси совға қилинади, стипендия жорий этилади. Буларнинг бари яхши, албатта. Аммо иқтисодчи олимлар тажриба асосида маблағни бундан кўра минтақа халқлари орасида паразитлар – зараркунандалар тарқалиши олдини олишга йўналтириш самаралироқ эканини исботладилар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосасига кўра, турли паразитлар қашшоқ мамлакатлар болаларнинг ақлий ривожланишига катта тўсиқ бўлиб келмоқда. Олимларнинг хулосаси асосида қашшоқ ўлкаларда саломатликни сақлаш учун кўпроқ маблағ ажратила бошлади.

Тиббиётда тажриба, дала синовлари муҳим ўрин тутади. Америкалик уч олим ҳам ушбу усулни иқтисодиётга муваффақиятли тарзда татбиқ этди. Қашшоқликка қарши кураш мақсадида улар махсус тадқиқот лабораторисига (Poverty Action Lab) ҳам асос солди.

Қисқа қилиб айтганда, Майкл Кремер, Абҳижит Банержи ва Эстер Дуфло тажриба йўли билан қашшоқлик оқибатларини бартараф этиш самарали эканини исботлади. Муҳими, учовлон барча қулайликларга эга сокин илм даргоҳларини тарк этиб, ибтидоий босқичда қолиб кетган қишлоқларга боришга журъат топа билди.

Жаҳон банки тадқиқотларига қараганда, сайёрамиз аҳолисининг ҳар ўн нафардан бири қашшоқликда умр кечирмоқда. Бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Масалан, Amazon ширкати эгаси Жефф Безос айни пайтда дунёнинг энг давлатманд кишиси саналади. Унинг бойлиги 112 миллиард долларга етди. Ушбу маблағнинг атиги 1 фоизи 105 миллион аҳоли яшаётган Эфиопия соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжини тўлиқ қоплашга етади.

С.Салим

Манба: Xabar.uz