Мақолалар

Насимий ўлимига фатво берган руҳоний талвасаси ёхуд “Манда сиғар икки жаҳон…”

Чоп этилди Oktabr 16, 2019 Насимий ўлимига фатво берган руҳоний талвасаси ёхуд “Манда сиғар икки жаҳон…”da fikr bildirishni o'chirish

Туркий адабиётнинг буюк вакили Насимий таваллудининг 650 йиллигига
Жорий йилда қардош Озарбайжонда туркий адабиётнинг буюк вакили Саййид Имодиддин Али Насимий таваллудининг 650 йиллиги кенг нишонланмоқда. 
…Милодий 1417 йил. Суриянинг Ҳалаб шаҳри марказидаги қатл майдони одамларга тўлиб тошган. Бу ерда буюк мутасаввиф, оташнафас шоир, турк дунёсининг етук намояндаларидан бири Саййид Имодиддин Али Насимий Миср султони Муайяд томонидан қатл этилиши лозим. Кишилар ҳаяжонда. Бироқ, шоирни ўлимдан асраб қолиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Ниҳоят қўлига кишан урилган Насимийни қатл дастгоҳи олдига олиб келишди. Ҳукм ўқиб эшиттирилди. Бутун оломон даҳшатда. Инсоннинг терисини тириклай шилиб олиш… Бу қандай ваҳшийлик, қандай разолат. Шоир эса, қатл олдидан ҳеч қандай талвасага тушмагани кўриниб турарди. У юзида кинояли табассум билан рўпарасида турган дин пешволарига улуғвор назар соларди.
– Халойиқ, – бақиради шу пайт оломон ичидан Насимийнинг ўлимига фатво берган шайхулислом, – Бу бир кофир, динидан юз ўгирган муртад. Унинг қони қаерга бориб сачраса, ўша жойни кесиб ташлаш жоиз бўлади. Вужудингизга унинг қони тегишидан эҳтиёт бўлинг!
Жаллодлар маҳкумнинг қўл-оёғини махсус устунга боғлаб унинг вужудига тиғ соладилар. Томошабинларнинг аксарияти уввос солиб йиғлаб юборади. Бироқ, шоир бу азобларга матонат билан бардош беради. Шу чоқ Яратганнинг қудрати билан унинг бир томчи қони бояги «ҳазрат»нинг бир бармоғига сачрайди. У ҳеч ким кўрмасин, дея қонни этагига артмоқчи бўлганида уни кузатиб турган шоирнинг мухлисларидан бири дарҳол руҳонийнинг қўлидан тутиб колади. Қатл майдонига тўпланганлар унга бояги фатвони эслатишади.
– Мусулмонлар, – дея жон талвасасида ўз аҳдидан тона бошлайди руҳоний. – Мен бу гуноҳкорнинг гуноҳидан беҳад ғазабланганим учун шундай дегандим. Аслида на Қуръони каримда, на Ҳадиси шарифда бундай ҳукм бор. Мен жаҳл устида айтдим.
Кутимаганда қип-қизил қонга ботган шоир қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборади ва бадиҳа тарзида ушбу байтни ўқийди.
Зоҳидинг бир бармоғин кессанг, тониб Ҳақдин қочар,
Кўр бу мискин ошиғи, сарпо сўярлар йиғламас.
Хўш, Насимий ким эди ўзи? Уни нима учун бунчалик ваҳшийларча қатл этдилар?
Маълумотларга қараганда, Саййид Имодиддин Али Насимий милодий 1369 йилда Озарбайжоннинг Шамаҳи шаҳрида дунёга келади. Ёшлигидан илм-маърифатга, адабиётга меҳр қўяди. Туркий, форсий ва араб шоирларнинг асарларини қизиқиш ила мутолаа қилади. Шамаҳи ва Бокудаги мадрасаларда таҳсил олади. Тарихий манбаларда айтилишича, униг отаси ва акаси ҳам шеърлар ёзган экан.
У асли саййидлар авлодидан эди. Унга Али деб исм қўйишган, диний илмларни пухта ўргангани учун кейинчалик Имод-ад-дин яъни диннинг тиргаги, таянчи деган унвонга сазовор бўлган. У дастлабки шеърларига «Саййид», «Ҳусайн», тахаллусларини танлайди. Кейинчалик, ўз замонасининг таниқли шоири Фазлуллоҳ Наимийдан шеърият ва тариқат сирларини ўрганади, унга ҳамоҳанг тарзда шеърларида Насимий тахаллусини қўллай бошлайди. Наимий шоир бўлиш билан бирга ўз даврида катта шуҳрат топган ҳуруфийлик тариқатининг асосчиси ҳам эди.
Ушбу тариқатга кўра, бутун дунё моҳиятини ҳарфлар ташкил этади. ҳарфлар бўлмаганида, дунё ҳам, охират ҳам, еру осмон ҳам, ҳаёт ҳам бўлмасди. Шу боис ҳарфлар илоҳийдир. Уларда Оллоҳнинг жамоли тажаллий этади.
Тасаввуфий ғоялар асосида шаклланган бу оқим кейинчалик Кавказ, Кичик Осиё ва Хуросонда кенг тарқалади. Жамиятнинг диний қатлами ва ҳукмрон доиралар бу оқимга кескин қарши чиқадилар. Унинг тарафдорлари қатъий таъқиб остига олинади ва мутаассибларча ўлдирилади. Наимий эса, 1398 йилда Мироншоҳ Мирзо томонидан қатл этилади.
Насимий ўз устозининг йўлини давом эттириш учун ватанини ташлаб олис сафарга отланади. Хуросон, Эрон, Ироқ, Рум ва Шом ўлкаларида бўлади. Минглаб шогирдлар орттиради. Бироқ қаерда бўлмасин, дин аъёнлари унга қарши фитналар уюштирар, уни аёвсиз таъқиб этар эдилар.
Шогирдлари, издошлари эса, Насимийни бениҳоя севар, уни ҳурмат қилар эдилар. Бир неча бор, ҳаётини асраб қолиш учун шогирдлари унинг ўрнида ўзларини жаллод тиғига тутиб берганлар.
Насимий ўта закийлиги, ҳозиржавоблиги боис ҳамиша ракибларини мот кила олар, ўзининг ҳақ эканлигини ҳар ерда усталик билан исботлай оларди. Уни йўқ қилишни хоҳласалар-да, бунинг учун етарлича асос топа олишмасди.
Тарихий манбаларда унинг қўлга олиниши қуйидагича ҳикоя қилинади. Насимий Ҳалабда Жума намозини ўқиш учун масжидга кирганида унинг ковуши ичига «Ёсин» сураси битилган бир варақ қоғозни солиб қўйишади ва султонга «шоирнинг Қуръонни оёқости қилиб юргани» ҳақида хабар етказишади. Султон шоирни қаерда бўлмасин оёғини ерга теккизмай олиб келишни амр қилади. Кўп ўтмай Насимийни султон ҳузурига олиб киришади.
– Мавлоно, ковуши ичига «Ёсин»ни солиб юрган кимсага қай жазони маъқул кўрардингиз, – деб сўрайди Муайяд шоирдан.
– Бундай малъуннинг терисини шилмоқ лозим, валинеъмат, – дейди Насимий ҳеч нарсани тушунмай.
Шу заҳоти султоннинг амри билан шоирнинг ковушини ечиб кўрадилар. Оят битилган қоғозни кўриб, Насимий қанчалик усталик билан қўлга туширилганини англайди. Бироқ, султоннинг оёғига йиқилиб, тавба-тазарру қилиш, бу фитнани текшириб кўришни илтимос қилиш ўрнига бошини тик тутиб тақдирга тан беради.
– Ҳукмдорим, бояги гапим гап. Жаллодларга айтинг, менинг теримни шилиб олсинлар.
Насимийнинг қатл этилиши билан боғлиқ қатор ривоят ва афсоналар бизгача етиб келган. Улардан бирида айтилишича, Насимий терисини шилаётганларида ҳам, Мансур Халлож каби «Анал-ҳақ – мен Ҳақман, мен унинг бир заррасиман”, дея хитоб қилади. Шунда уни томоша қилаётган рақиблари:
– Эй нодон, ўзинг-ку, қонингга беланиб ётибсан. Яна қанақасига худолик даъво қиласан? – дея истеҳзо қиладилар.
– Ўзинг нодонсан, – дейди шоир бошини мағрур тутиб. – Мен абадият уфқига бош қўяётган қуёшман. Ҳеч кўрганмисан, қуёш ҳам ботаётган чоғида мендек қизаради.
Ҳазрат Алишер Навоий ҳам Насимийнинг ижодига катта ҳурмат билан қараган. «…Саййид Насимийнинг назми ўзга ранг тутубдур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур», дейди «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида. Бу билан ҳазрат Навоий Саййид Насимий ижоди бошқа шоирлар назмидан тамомила фарқ қилади, унинг шеърияти кўпроқ мажозий маънога эга, у ўз ижодида ишқи ҳақиқийни – Оллоҳга бўлган буюк муҳаббатни тараннум этган, деганлар. Мазкур асарда улуғ бобокалонимиз Насимий туркий адабиётда Мавлоно Лутфий билан баробар мавқега эга эканини таъкидлаб ўтган.
«Насойим ул муҳаббат» тазкирасида эса Насимийнинг қатл этилиш жараёни шундай тасвирланади:
«Ҳамоно тақлид аҳли ани қусур туҳматиға муттаҳам қилиб қатл қилдилар. Машҳур мундоғдурким, то терисин сўяр ҳукм бўлубдур, ул ҳолатда бу шеърни дебдурки,
назм:
Қибладур юзинг, нигоро, қошларинг меҳроблар,

Сувратинг мусҳаф, вале холу хатинг эъроблар.

Эй Насимий, чун муяссар бўлди иқболи висол

Қўй, терингни сўйса, сўйсун бу палид қассоблар».
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, унинг жасади халққа ибрат бўлиши учун етти кун шу дорда осилиб турган. Нур, маърифат ғанимлари уни жисмонан маҳв этган бўлсалар-да, унинг руҳоният мулкига дахлдор асарларини, шеъру ғазалларини халқ тилидан, дилидан суғуриб ололмадилар. Тириклик чоғидаёқ Насимийнинг ашъори шеърият мухлисларига ёд бўлиб кетган, кўплаб шеърларига куй басталаниб, қўшиқларга айланган эди.
Шогирдлари шоирнинг жасадини шу шаҳардаги қабристонда иззат-икром билан дафн этадилар. Унинг қабри устида мақбара тиклайдилар. Ҳалаб шаҳридаги ушбу зиёратгоҳ ҳозиргача сақланиб келаётир. Унинг мақбарасини зиёрат қилиб кетганлар ҳам фахрий «Насимий» унвонига эга бўладилар.
Насимийдан бизгача бой адабий мерос етиб келган. Унинг туркий ва форсий тилдаги девонлари қайта-қайта нашр этилган. Насимий ижоди нафақат озарбайжон, балки, ўзбек адабиётининг ҳам қимматли хазинасидан ўрин олган. Қадимда боболаримиз унинг шеърларини таржимасиз тушунганлар. Унинг ижоди Машраб, Нодира, Амирий каби мумтоз шоирларимиз ижодига сезиларли таъсир кўрсатган. Машраб шеърларидан бирида шоир фожиасини ачиниш билан ёдга олади:
Куфр айтди деб Насимийнинг терисин сўйдилар,

Гўшту пўстин сўйлатиб оламга гўё қилди ишқ.
Саййид Имодиддин Али Насимийнинг ғазаллари ўзбек назм ихлосмандлари қалб мулкига айланган. Зеро, бу улуғ мутафаккир ижоди бутун башариятга ва абадиятга дахлдордир.
Қуйида Сайид Имодиддин Насимийнинг машҳур ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:
Манда сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмазам,

Гавҳари ломакон ўзим, кавну макона сиғмазам.

Арш ила фаршу кофу нун, барчаси мандадир бугун,

Сўзлама, қўйгил энди ман шарҳу баёна сиғмазам.

Кавну макондур оятим, зоти анинг бидоятим,

Истар эсанг нишонами, мен бу нишона сиғмазам.

Шубҳа гумон ила киши, ҳақ била бўлмагай иши,

Ҳақ таниган билурки ман шубҳа гумона сиғмазам.

Сурата боқ-у, маънини сурат ичинда сан тани,

Жисм ила жон ўзим, вале жисм ила жона сиғмазам.

Ҳам садафу ҳам инжуман, ҳашру сирот ўтувчиман,

Бунча матою мол ила мен бу дўкона сиғмазам.

Ганжи ниҳон менинг ўзим, айни аён менинг ўзим,

Гавҳари кон менинг ўзим, баҳраю кона сиғмазам.

Гарчи муҳити аъзамам, Одам отимдир Одамам.

Кунфаякун бўлиб ўзим, ман бу макона сиғмазам.

Жон била ҳам жаҳон ўзим, даҳр ила ҳам замон ўзим,

Кўр бу латифани ки ман даҳру замона сиғмазам.

Анжум ила фалак манам, ваҳй манам, малак манам,

Сенки тилингни тий, бугун мен бу лисона сиғмазам…

Зарра манам, қуёш манам, чор ила панжу шаш манам,

Сурати кўр баён ила, чунк баёна сиғмазам.

Зот ила сифот ила, қадр ила, барот ила,

Гулбашакар навот ила, баста даҳона сиғмазам.

Нор манам, шажар манам, арша чиқан ҳажар манам,

Кўр бу олов тилин, ки ман, ушбу забона сиғмазам.

Шамс манам, қамар манам, шаҳд манам, шакар манам,

Руҳи равона мандадур, руҳи равона сиғмазам.

Гарчи бугун Насимиман, Ҳошимию Қурайшиман,

Бундан улуғдур оятим, ояти шона сиғмазам.
Рустам ЖАББОРОВ.

ЎзА