Мақолалар

Бегона эмасмиз, дилбандим

Чоп этилди Oktabr 17, 2019 Бегона эмасмиз, дилбандимda fikr bildirishni o'chirish

Дунёда глобаллашув жараёни жадал кечаётган, ахборот хуружлари авж олаётган бугунги кунда инсон маънавиятига таҳдид ҳам кучайиб бораётгани сир эмас. Бугун дунё цивилизациясининг чўққисига чиққан мамлакатларда ҳам маънавий инқироз кишиларни қаттиқ хавотирга солмоқда. Эндиликда мутахассислар Ғарб дунёсида оилалар пойдеворига дарз етаётгани, лўнда қилиб айтганда, бир хонадон аъзолари ўртасида бегоналашув жараёни очиқчасига намоён бўлаётганини  таъкидлашмоқда.

Бир танишим дунёнинг ривожланган шаҳарларидан бирида бўлган воқеани айтиб берди. Она-бола ярим соатга белгиланган учрашувда тамаддихонага боришади. Қаҳва ичиб ўтиришади. Шу қисқа вақт ичида йигит соатига тез-тез қараб, шошаётганини билдириб туради. Ярим соат ўтар-ўтмас ўғил аэропорт томон чопади, бошқа мамлакатга учиши керак эди. Она эса… ишидан айрилган, яшаётган уйида ижара ҳақи тўлашнинг охирги куни ҳам тугаганди. Кундан-кун ёлғизлик, меҳр-муҳаббатга зорлик ичини кемира бориб, ниҳоят жонига қасд қилади.

Бу фожиа менга Алъер Камюнинг “Бегона” асаридаги Мэрсони эслатди. У қариялар уйида яшаган онасининг ўлими ҳақидаги хабарни эшитиб заррача изтиробга тушмайди. Аёл шўрликка ачиниб йиғлаётганларнинг ҳолати, ҳатто дафн маросими ҳам Мэрсога малол келади. Онаси учун бир томчи кўзёш тўкмаган ўғил жудоликдан сўнг ҳам ҳеч қандай виждон қийноғисиз яшайверади. Охир-оқибат қотилликка қўл уради…

Бундай ўйлаб кўрилганда ёзувчи ана шу воқеалар ривожини шунчаки тўқимагандир. Ғарб жамиятида рўй бераётган воқеалар, худди Мерсога ўхшаб ўз қобиғига ўралиб қолганлар қисмати роман сюжетига пойдевор бўлган.

Ёки “Шамолларда қолган ҳисларим” номли телесериални олайлик. Унда бош қаҳрамон аёл Скарлетт кўпинча ўзини дунёга келтирган онаси билан келишолмай яшайди. Ҳабаш энагасининг вафотидан чуқур қайғуга тушган Скарлетт онасига бу даражада эҳтиром кўрсата олмайди. Ҳамиша бегонадек муносабатда бўлади.

Демак, ғарб дунёсидаги бундай таназзуллар ҳозирги кунда ҳам давом этиб, бошқа иллатларни етаклаб келяпти.

Бир суҳбатдошим Американинг маҳобатли шаҳридаги емакхонада бўлган воқеани таажжуб билан сўзлайди. Бир стол атрофида ота-она, ўғил ва қиз овқатланишган. Кейин ҳар ким ўзи учун ҳақ тўлаган. “Нима учун мен уларга пул тўлашим керак, – деган норғул йигит планшетидан кўз узмай. – Ҳар кимнинг эрки ўз қўлида. Мол-мулким, ҳамёнимдаги пулим ҳақида ота-онамга ҳисоб бермайман. Ҳеч кимнинг хоҳишларимга қарши чиқишга ҳақи йўқ. Истасам, отамни мени ноҳақ тергагани учун судга беришим мумкин”.

Шуларни ўйлаб туриб, савол туғилади. Хўш, бизда аҳвол қандай? Халқимиз асрлар оша асраб-авайлаб келаётган қадриятларга, ота-онага, жигарбандларга меҳр туйғусига бегона кимсалар пайдо бўлмаяптими орамизда?! “Оммавий маданият” шаклида ёпирилиб келаётган ахборот тўфонларида ғарқ бўлаётганлар йўқми?!

Тўйхонада эдик. Ичкарига ажабтовур кийимларда уч йигит кириб келди. Ёнимизда ўтирган аёллардан бири ўртада ғоз юриб келаётган йигитчани ишора билан танитаркан, йигирма кун аввал дадасининг жанозасига келмаганини айтди. “Синфдошининг тўйига етиб келибди-я”, деб ғазаб билан улар томон шайланди. Шеригимизни панд-насиҳат билан ҳовуридан туширдик. Аслида насиҳатни анави йигитлардан бошлашимиз керак эди…

Гоҳида шаҳар кўчаларида тиззаси йиртиқ шим кийган, кофтасининг кўкрак қисмига инглизча сўзлар битилган, бурнига ё қошига зирак таққанча борлиқни унутиб бораётган қизларни учратиб ичим оғрийди. Шундай кўринишдаги қизлардан бирининг ёнига иккита оғир сумка кўтарган, ҳориб-чарчаган аёл келди. Онаси экан. Аммо қиз жуда хунук қарши олди. “Мени одамлар олдида шарманда қилиб, шунча юк билан, яна эски кийимларда юрибсиз”, деди ва такси тўхтатиб кетди. Онаизор автобусга ўтирди. Бу манзарадан жуда ранжидим.

Ахир биз отани улуғ билган, она пойини жаннатга қиёслаган, меҳр-оқибатдан қалбдан-қалбга кўприклар қуриб келган халқмиз. Отамиз вафот этса бағримиздан қонлар силқиган, онамиз дунёдан ўтса, кўзёшлари юрагига тўкилган халқ ворисларимиз. Аждодлардан қолган ана шу омонатни авлодларга биз ҳам гард теккизмай етказайлик. Фарзандларимиз, ёшларимиз таълим-тарбиясига эътиборли бўлайлик. Бу мақсад йўлида эринмайлик, ғайрат қилайлик.

Маъмура АБДУРАҲИМОВА,

Фарғона шаҳри

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонидан