Мақолалар

Мовароуннаҳрнинг машҳур хаттотлари

Чоп этилди Oktabr 18, 2019 Мовароуннаҳрнинг машҳур хаттотлариda fikr bildirishni o'chirish

Марказий Осиё хаттотлик санъати тараққиёти тарихининг биринчи даврида, асосан, мил. VII–X асрларда араб халифалигининг марказий шаҳарлари – Мак­ка, Куфа ва Басрада яратилиб, ке­йинчалик бошқа ҳудудларга тарқалган хат турларидан фойдаланган ҳолда арабий, форсий ва туркий тил­лардаги асарларни китобат қилиш асносида Мова­роуннаҳр хаттотлик мактаби вужудга келди.

Аҳмад ибн Умар Ашъас Абу Бакр Самарқандий (XI аср), Аҳмад Табибшоҳ Мовароуннаҳрий (вафоти 1215 йил), Али Банокатий (XIII аср), Жамшид Шоший (XIV аср) ва шу каби бошқа кўплаб хаттотлар ушбу мактаб вакиллари сифатида донг таратдилар.

Темурийлар сулоласи ҳукм­ронлиги билан боғлиқ ра­вишда XIV–XV асрларда юз берган иккинчи Марказий Осиё уйғониши даврида Мо­вароуннаҳр хаттотлик санъати тараққиёти тарихининг иккинчи босқичи бошланди. Бу даврда юртимизда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юк­салиш кузатилди. Шу даврдан бош­лаб Марказий Осиёнинг турли минтақаларида ўз хусусиятлари билан фарқ­ланиб турувчи бир неча хаттотлик мактаблари пайдо бўлди. Жумладан, XV асрда темурий ҳукмдорлар кенг қўллаб-қувватлашлари натижасида вужудга келган ва Султонали Машҳадий (1437–1520), Дарвеш Му­ҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил) каби вакиллари билан танилган Ҳирот хаттотлик мактаби ҳамда XVI асрда шайбоний ҳукмдорлар саъй-ҳаракати билан асос солинган ва Мирали Ҳиравий (вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (ваф. 1601 й.), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (XVI аср), Саййид Абдуллоҳ Бухорий (вафоти 1647), Ҳожи Ёдгор (вафоти 1663), Аҳмад Дониш (1826–1897) каби вакиллари билан донг таратган Бухоро хат­тотлик мактаби шуҳрат қозонди.

Бундан ташқари, XVIII аср бошларида Хива ва Қўқон хонликлари ҳудудида Хо­разм ва Фарғона хаттотлик мактаблари, XIX асрда эса Самарқанд ва Тошкент хат­тотлик мактаблари шакл­ланди. Хоразм хаттотлик мактаби ўзининг Мунис Хоразмий (1778–1829), Ко­мил Хоразмий (1825–1899) каби намояндалари билан танилган бўлса, Фарғона хаттотлик мактаби Мирзо Шариф Дабир (XIX аср), Му­қимий (1850–1903), Самар­қанд хаттотлик мактаби Очилдимурод Мирий Катта­қўрғоний (1830–1899), Аб­дулжаббор Ургутий Са­мар­­қандий (1885–1910), Тош­­кент хаттотлик макта­би эса, Муҳаммад Юнус Котиб (XIX аср) ва Муҳаммад Шоҳ­мурод Котиб (1850–1922) каби моҳир хаттотлари билан машҳур эди.

Ғафуржон РАЗЗОҚОВ,

Мир Араб олий мадрасаси мударриси, хаттот

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан