Мақолалар

“Аҳкомул Қуръон” пора ва порахўрлик ҳақида

Чоп этилди Oktabr 18, 2019 “Аҳкомул Қуръон” пора ва порахўрлик ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Машҳур ҳанафий олим Абу Бакр Жассос “Аҳкомул Қуръон” асарида таҳорат, намоз, рўза, ҳаж, закот, жиноят ва жазо, никоҳ, талоқ, боғийлик, динлараро муносабатлар, мерос ва бошқа бир қатор фиқҳий масалаларни баён этган.

Олим ҳар бир фиқҳий ҳукм­ни уни ифодалаган сўзларнинг луғавий маънолари билан ва оятларда келган ўхшаш ҳукм­лар, ҳадислар, саҳобалар ва тобеинларнинг сўзлари билан далиллаган.

Масалан, порахўрлик ҳукми ҳақида тўх­талиб, ушбу ояти каримани далил қилган: “(Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қу­лоқ соладиган ва ҳаромни ейдиганлардир…” (Моида сураси, 42-оят). Олим оятдаги “ҳаром” деб таржима қилинган “суҳт” калимаси илдизи билан суғуриб ол­моқ, йўқотмоқ маъноларини англатишини таъкидлайди ва бундай ёзади: «“Суҳт” сўзи порани англатади. Зеро, пора баракани йўқотиб, гуноҳкорни ҳалок қилади».1

Абу Бакр Жассос фикрини қувватлаб, саҳоба ва тобеинларнинг “суҳт” сўзи маъноси ҳақида айтган фикрларини келтиради:

Бир ривоятда Масруқ ро­зияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу­дан суҳт ҳақида сўрагани­да, у зот: “Суҳт порадир”, деб жавоб берган. Али кар­рамаллоҳу важҳаҳу ҳам суҳтнинг пора эканини таъкидлаган. Тобеин­лардан Иброҳим, Ҳасан, Му­жоҳид, Қатода, Масруқ ва Заҳҳок раҳимаҳумуллоҳлар ҳам “суҳт”нинг маъноси пора эканини айтганлар. Савбон раҳимаҳуллоҳ Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам­дан қилган ривоятда бундай дейилган: “Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасида восита бўлувчини лаънатладилар”.2

Абу Бакр Жассос раҳимаҳул­лоҳ юқоридаги ривоятлардан хулоса қилиб, бундай дейди: “Бу оятни таъвил қилган барча олимлар пора олиш ҳаром эканига иттифоқ қилишган”.

Абу Бакр Жассос поранинг ҳаромлиги ҳақида далилларни келтиргач, унинг турлари борасида тўхталади ва пора икки қисмга бўлинади дейди:

– ҳукм чиқаришда пора олиш ва бериш;

– ҳукм чиқаришдан бош­қа ўринларда пора бериш ва олиш.

Муаллиф ушбу таклифини бундай изоҳлайди: “Ҳукм чи­қа­ришда пора бериш берувчига ҳам, олувчига ҳам ҳаромдир”.

Ҳукм чиқариш билан боғ­лиқ бўлмаган ўринларда пора бериш ва олиш масаласи­га келсак, бу ҳолат султоннинг ҳузурида обрўга эга кишига мол бериб, ёрдам сўрашга ўхшайди. Бу ҳам шариат­да қайтарилган ишдир. Чун­ки мусулмон бировга қили­наёт­ган зулмни бартараф этиш­­га, яъни беғараз ёрдам беришга буюрилган. Аллоҳ бундай бую­ради: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қи­лингиз!..” (Моида сураси, 2-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­­ҳи ва саллам бундай де­ган­лар: “Банда ўз биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади” (Имом Термизий ри­­вояти).

Жобир ибн Зайд ва Шаъбий раҳимаҳумаллоҳ бундай деганлар: “Киши зулмдан қўрқса, жони ва молини сақлаб қолиш учун пора беришининг зарари йўқ”.

[1] Абу Бакр Жассос «Аҳкомул Қуръон». – Б. 606
[2] Қаранг: Ўша манба. – Б. 606-607

Бурҳониддин АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом фанлари” кафедраси тадқиқотчиси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан