Мақолалар

Аҳлингга имконинг етганча инфоқ қил

Чоп этилди Oktabr 19, 2019 Аҳлингга имконинг етганча инфоқ қилda fikr bildirishni o'chirish

Муқаддас динимиз таълимотида айтилганидек, фарзанд Аллоҳ таоло инсонга берган энг улуғ неъмат бўлиши баробарида омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар унинг қадрига етишлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари лозим. Яъни, Аллоҳ таоло ато этган ўғил ё қизга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб фарзанд, тенгдошлари, замондошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган комил инсон бўлиб етишуви борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан бажаришлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

«Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)» (Таҳрим, 6).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳадисларида бундай марҳамат этилади: «Фарзандларингизга шаръан амр этилган ва қайтарилган нарсаларга риоя қилишни буюринглар, шу ишларингиз уларни дўзахдан сақлаганларингиз бўлади» (Имом Ибн Жарир ривояти).

Ислом таълимоти кишилик жамиятида ўз ўрнини, унинг дунёвий ва диний ҳаётида амалий суратда татбиқини топган илк саодат асридан бошлаб ёш авлод тарбиясига катта аҳамият бериб келади. Бу таълимот ва йўл-йўриқлар жамият асосининг пойдевори, уммат истиқболи бўлмиш ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтадилар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا أفضلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ

Яъни: «Ота боласига гўзал одобдан яхшироқ нарсани беролмайди» (Имом Термизий ривояти).

Буюк ҳамюртимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деган: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб, ўрганади ва улар билан дўст бўлади».

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм