Мақолалар

Ким мусулмонлиғ айласа даъво…

Чоп этилди Oktabr 19, 2019 Ким мусулмонлиғ айласа даъво…da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло бандаларга доимо бир-бирлари билан гўзал муомалада бўлиш, тилидан ҳам, қўлидан ҳам бошқаларга озор етказмасликка буюради: (Садақа бермасдан) яхши гап (қилиш) ва (бера олмагани учун) кечирим (сўраш) кетидан озор етказиладиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир” (Бақара сураси, 263-оят).  Англашиладики,  бировга моддий кўмак бериб, ортидан қўполлик қилишгандан чиройли муомалада бўлиш афзал саналади.

Аллоҳ таоло Ўз расулига: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар…” (Оли Имрон сураси, 159-оят) дея мулойимлик, ширинсуханлик сабаб атрофларида саҳобаи киромлар жам бўлганини эслатиб, дағаллик ва тошбағирлик келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлардан огоҳлантирмоқда. Биз мўминлар ҳар иш-амалимизда ана шу зот алайҳиссаломдан ўрнак оламиз, суннатга эргашамиз. Демак, муомалада ҳам шу йўлни тутишимиз шарт.

“Тиғ яраси битади, тил яраси битмайди”, дейди халқимиз. Кўнгилга берилган озорни унуттириш мушкул бўлгани сабабли ҳам инсон сўзлаётган сўзига эътиборли бўлиши лозим. Шундай қадим бир ривоят бор: “Бир ота набирасининг инсонларга доимо қўпол муомалада бўлишидан ранжир, унга танбеҳ берарди. Бироқ йигит ҳеч  уларни қулоғига илмасди.  Ота набирасига эсда қоларли бир дарс бермоқчи бўлди.  Уни чақириб,  қўлига мих ва болға берди ва айвон олдидаги устунни кўрсатиб деди: “Ҳар гал кимнидир кўнглига озор етказсанг, қўполлик қилсанг, устунга биттадан мих қоқ!”

Набира бобосининг айтганини қилди ва ҳеч қанча вақт ўтмай устун мих билан тўлаётганини кўрди. Шундай аста-секин жаҳлини жилолашга уринибди. Бир неча ойдан кейин эса  бобосининг ёнига келиб:

  • Бобо, бугун устунга битта ҳам миқ қоқмадим! – дебди хурсанд ҳолда.

Шунда бобо навбатдаги вазифани топширибди:

  • Энди эса, ранжитган инсонларингдан бирма-бир кечирим сўра ва биттадан михни суғур!

Орадан бир қанча муддат ўтиб, йигит яна қайтиб келибди, устунда битта ҳам мих қолмаганини айтибди.  Бобо сўрабди:

  • Хўш, устундаги излар-чи?! Уларни ҳам йўқ қила олдингми?!

Йигит устунга қараганича жим қолди.  Чунки узр сўраб, суғуриб ташлангани  билан  устунда  бир неча чуқур излар қолган эди…

Инсон кўнглида ҳам ноўрин айтилган сўзлардан сўнг ана шундай излар қолади. Бунга йўл қўймасликнинг ягона йўли чиройли муомала қилишдир.

Мавлоно Жалолиддин Румий бу борада шундай ёзган эдилар:

Гар тикан кирса оёққа, бегумон

Тиззага олгунг оёқни шул замон.

Игна бирла чиқмаса ул бир йўла,

Лаб босиб, олмоқ бўлурсан тиш ила.

Бас, тикан ботса оёққа бул азоб,

Дилга санчилса не бўлғай, бер жавоб?

Яъни, ўз вужудимизга истамаган азиятларни, ўзгаларнинг қалбига беришимиз ножоиздир. Абу Ҳомид Ғаззолий: “Ҳар ким ёмон кишилар билан муомалада вазмин бўлса, ул иш садақадир”.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун кишилар ўртасида тансиқ нарсага айланиб бораётган яхши муомала, ширин сўз, гўзал хулқ борасида эътиборли бўлсак, бундан жамият обод, инсонлар ҳаёти фаровон бўлади.

Самариддин ҲАЙИТОВ

Мирзо Улуғбек туманидаги «Мулла Қосим домла» жоме масжиди имом ноиби

«Ислом нури» газетасининг 2019 йил, 17-сонидан