Мақолалар

Қиёматда соясига олувчи оятлар

Чоп этилди Oktabr 20, 2019 Қиёматда соясига олувчи оятларda fikr bildirishni o'chirish

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ­дир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гу­ноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! (У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги нарсаларни билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У икки­си­ни муҳофаза этиш Уни толиқтир­мас» (Бақара сураси, 255-оят).

1, «Алиф, Лом, Мим. 2. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир» (Оли Имрон сураси, 1–2-оятлар).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ри­воят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръонни тиловат қилиб туринглар, зеро, у Қиёмат куни асҳобларини (қориларини) шафоат қилади. Икки “Заҳровайн” (мунаввар этувчи)ни – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Чунки иккови Қиёмат куни икки соя солувчи булут бўлиб келади ёки жамланган юнг бўлагидек бўлиб келади ва ўз аҳлларини (қориларини) соя­сига олади…”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Муслим ривояти).

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, у зот: “Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган қорилар олиб келинади. Бақара ва Оли Имрон суралари олдинда йўл бошлаб келади”, деб таъкидладилар» (Имом Муслим ривояти).

Асмо бинти Язид ибн Сакан розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг Исми Аъзами ушбу икки оятдадир: Бақара сурасида – Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм; Оли Имрон сурасида – Алиф. Лам. Мим. Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм…” оятлари деб уқтирдилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Раҳматуллоҳ ОБИДОВнинг  “Аллоҳнинг гўзал исмлари ва исми Аъзам” китобидан

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан