Мақолалар

Васият

Чоп этилди Oktabr 20, 2019 Васиятda fikr bildirishni o'chirish

Касални зиёрат қилувчи уни тавбага ва васиятга ундамоғи керак. Киши ўлимидан олдин жанозасини ўқишга бир кишини тайинлаши, махсус сифат ва махсус ўринга дафн этилишини васият қилиши, кафанлаш ва бошқа ишларда васият қилиши лозим. Бунга далиллар:

عَنْ هِشَامٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: دَخَلْتُ عَلَي أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ فَقَالَ: فِي كَمْ كَفَّنْتُمُ النَّبِيَّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ قَالَتْ: فِي ثَلاَثَةِ أَثْوَابٍ بِيضٍ سَحُولِيَّةٍ، لَيْسَ فِيهَا قَمِيصٌ وَلاَ عِمَامَةٌ. وَقَالَ لَهَا: فِي أَيِّ يَوْمٍ تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ قَالَتْ: يَوْمَ الْإِثْنَيْنِ. قَالَ: فَأَيُّ يَوْمٍ هَذَا؟ قَالَتْ: يَوْمَ الْإِثْنَيْنِ. قَالَ: أَرْجُو فِيمَا بَيْنِي وَبَيْنَ اللَّيْلِ. فَنَظَرَ إِلَي ثَوْبٍ عَلَيْهِ كَانَ يُمَرَّضُ فِيهِ، بِهِ رَدْعٌ مِنْ زَعْفَرَانٍ فَقَالَ: اغْسِلُوا ثَوْبِي هَذَا، وَزِيدُوا عَلَيْهِ ثَوْبَيْنِ فَكَفِّنُونِي فِيهَا. قُلْتُ: إِنَّ هَذّا خَلَقٌ. قَالَ: إِنَّ الْحَيَّ أَحَقُّ بِالْجَدِيدِ مِنَ الْمَيِّتِ، إِنَّمَا هُوَ لِلْمُهْلَةِ. فَلَمْ يُتَوَفَّ حَتَّي أَمْسَي مِنْ لَيْلَةِ الثُّلاَثَاءِ وَدُفِنَ قَبْلَ أَنْ يُصْبِحَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Ҳишом розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади:

“Оиша розияллоҳу анҳо бундай дейди: “Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. У: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни нечта (мато)га кафанлагансиз?” деди. (Оиша) “Учта саҳулий оқ матога. Уларнинг орасида кўйлак ҳам, салла ҳам йўқ эди”, деди. (Абу Бакр) унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси куни вафот этганлар?” деди. “Душанба куни”, деди. У: “Бугун қайси кун?”, деди. “Душанба куни”, деди. (Абу Бакр розияллоҳу анҳу) (Ўлимим) шу тунда бўлишини умид қиламан”, деди. У эгнида турган даволанганда кийган кийимига қаради. Унда заъфароннинг доғи бор эди. “Мана шу кийимимни ювинглар ва унга икки мато қўшиб, мени уларга кафанланглар”, деди. Мен: “Бу чириб кетган-ку?” дедим. У: “Янгисига маййитдан кўра тирик ҳақлироқдир. Бу қон-йиринг учун, холос”, деди. Сешанбага ўтар кеча киргач, вафот этди ва тонг отмай туриб дафн қилинди” (Имом Бухорий ривояти)[1].

وَعَنْ عَمْرٍو بْنِ الْعَاصِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ لِابْنِهِ وَهُوَ فِي سِيَاقِ الْمَوْتِ: إذَا أَنَا مُتُّ فَلَا تُصْحِبْنِي نَائِحَةً وَلَا نَارًا فَإِذَا دَفَنْتُمُونِي فَشَنُّوا عَلَي التُّرَابِ شَنًّا ثُمَّ أَقِيمُوا حَوْلَ قَبْرِي قَدْرَ مَا يُنْحَرُ جَزُورٌ وَيُقْسَمُ لَحْمُهَا حَتَّى أَسْتَأْنِسَ بِكُمْ وَأَعْلَمُ مَاذَا أُرَاجِعُ بِهِ رسل رَبِّي. رواه مسلم

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида: «Агар вафот этсам, дод-вой солиб йиғлайдиганларни ва ўт ёқувчиларни ортимдан эргаштирманглар. Агар дафн қилсанглар, тупроқни оз-оздан ташланглар. Сўнг қабрим тепасида ҳайвон сўйиб, тақсимлашга кетадиган вақтча туринглар. Мен сизларга ҳамроҳ бўлиб, Раббим элчисига нима деб жавоб беришга тайёрланиб олайин», дедилар (Имом Муслим ривояти)[2].

Маййит васият қилган ҳамма нарса ҳам бажарилавермайди. Балки унинг васиятлари илм аҳлларига етказилади. Агар улар рухсат беришса, амал қилинади. Акс ҳолда, васият бажарилмайди. Масалан: «Мени тобут билан дафн қилинглар», деса, бу васиятига амал қилин­майди. Фақат эҳтиёж туфайли қилиниши мумкин. Яна қабрни бошқа жойга кўчиришларини васият қилса, унга ҳам амал қилинмайди. Фақат Макка, Мадина ёки Байтул Мақдис каби муборак ерларга кўчирилиши жоиз. Шунингдек, дафн этилаётганида бошининг тагига ёстиқ ва шунга ўхшаш нарсалар қўйишни, (эркак киши бўлса) ипак билан кафанлашни, шариатда белгиланганидан ошиқча кафан қилишни, баданини ёпишга етмайдиган кийим билан кафанлашни, жанозасини анча кечиктиришни, зиёрат қилишлари учун қабрига мақбара қу­ришни ва шариатда жоиз кўрилмаган шунга ўхшаш ишларни васият қилса, уларнинг бирортаси бажарилмайди. Аммо қабри ёнида Қуръон тиловати қилинишини, садақа берилишини ва шу каби Аллоҳга қурбат (яқинлик) ҳосил қиладиган ишларни ёки шаҳридаги улуғлар ётадиган қабристонга кўмишни васият қилса, адо қилинади[3].

 

[1]Олтин силсила”, 2-жуз. Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Ҳилолнашр”, 2013, 315-бет.

[2] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Хотиб ат Табризий. “Мишкатул масобеҳ”. “Маййитни дафн қилиш” боби. Байрут: “Мактабатул исломий”. 3-босма. 1985. 1-жуз, 386-бет.

[3] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Ал-азкор мин каломи саййидил аброр». Тошкент: «Мовароуннаҳр» нашриёти, 2014, 209–210-бетлар.

 

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан