Янгиликлар

Бу азиз юртда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас!

Чоп этилди Oktabr 18, 2019 Бу азиз юртда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас!da fikr bildirishni o'chirish

Бу дунёда бахтиёр, саодатманд яшаш – ҳар бир инсон орзуси. Бу йўлда ҳар ким кунни тунга, тунни тонгга улаб меҳнат қилади, изланади, талпинади. Лекин ҳаммага ҳам тақдирида битилганидан ортиғи бўлмайди.

Аммо пешонасига ёзилганига рози бўлмасдан, юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар, шароитларга қаноат қилмасдан мўмай даромад илинжида чет элларга иш излаб кетаётган юртдошларимиз, афсуски, теерорчи тўдаларнинг ғаламислари тузоғига тушиб қолганини кеч англаб етишмоқда.

Эсингизда бўлса, шу йил Рамазон ҳайити арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан “Меҳр” номли тадбир доирасида 156 нафар юртдошимиз Яқин Шарқ мамлакатларидаги оловли жанггоҳлардан мамлакатимизга қайтарилган эди.

Яқинда “Меҳр-2” номли инсонпарварлик тадбири натижасида 64 нафар бола Ватанимизга олиб келинди. Маълумотларга кўра, уларнинг ота-оналари Ироқ давлатига террорчилик гуруҳлари ва тақиқланган ташкилотлар таркибида бўлганликлари сабабли 10-20 йилга, айримлари эса умрбод озодликдан маҳрум этилибди.

Бу норасидаларда нима айб?! Улар шу пайтгача ўзбекистонлик бошқа тенгдошлари қатори шу азиз юртдаги мактабгача таълим муассасаларида, умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олишлари мумкин эди-ку! Наҳотки, катталар, яъни ота-оналар шуни англаб етмаган бўлсалар!

Яқинда Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Бўстон” санаторийсига жойлаштирилган ана шу болалардан бир гуруҳи билан мулоқот қилдик. Қақраб-қуриб бораётган гулга, чечакка сув қуйсангиз, яна секин-аста кўкара бошлагани каби бу болажонлар ҳам тинч диёрга қайтганидан мамнун эканлигини уларнинг кўзларидан англаш мумкин. Энди улар жажжигина юракларини ларзага солувчи мудҳиш ўқ товушларини эшитмасдан, сокин хотиржам диёрда униб-улғаядилар.

Муқаддас Ислом динида жамиятнинг ҳар бир аъзосига, ким бўлишидан қатъи назар, алоҳида эътибор билан қаралади. Махлуқни, яъни инсонни Холиқ туфайли яхши кўрамиз. Чунки барчамизнинг яратувчимиз яккаю ягона Аллоҳ таоло.

Ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмакка муҳтож, ота-онасидан айрилган етимларга икки карра кўпроқ меҳр улашиш динимизнинг асосий кўрсатмаларидан. Бежиз Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عَنْ سَهْلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ:

 « أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فِي الْجَنَّةِ هَكَذَا »  وَأَشَارَ بِالسَّبَابَةِ وَالْوُسْطَى وَفَرَجَ بَيْنَهُمَا شَيْئًا

Яъни: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар” (Имом Бухорий ривояти), демаганлар.

Бугун жуда хунук эшитиладиган ибора – “тирик етимлар” сўзи қулоққа бот-бот чалиняпти. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир, ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими!?

Ваҳоланки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:

« خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتُ فِيهِ يَتِيمٌ يَحْسَنُ إِلَيْهِ . وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتُ فِيهِ يَتِيمٌ يَسَاءُ إِلَيْهِ »

“Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Шу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бир эмас, ўн эмас, 64 нафар маъсум болага бошпана бўлган жаннатмонанд Ўзбекистон, ҳеч шубҳасиз, Ер юзидаги энг яхши маъводир.

Яқин Шарқ мамлакатларидаги қонли тўқнашувлардан, жанггоҳлардан 64 нафар болани тинч-осуда юртга қайтаришнинг савоби жуда улуғ, ота-онасидан, яқинларидан айрилган болаларни оталиққа олишнинг ажри жуда юксак. Албатта, бундай юртга Аллоҳ таолонинг раҳмати, файзу баракаси ёғилиши шубҳасиз.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби