Мақолалар

Муросаю мадора ажрашишдан афзалдир

Чоп этилди Oktabr 21, 2019 Муросаю мадора ажрашишдан афзалдирda fikr bildirishni o'chirish

«Қайси бир хотин эридан (унга нисбатан) кўнгилсиз  бў­лиши ёки унинг воз кечишидан қўрқса, ўрталарини  ислоҳ қилиб олишларида уларга гуноҳ йўқдир. Сулҳ (ажралишдан) яхшироқдир. Нафсларга бахиллик (қизған­чиқлик) битилган. Агар (хотинларингизга) яхшилик (чи­ройли муомала) қилсангиз ва тақволи бўлсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир (яъни, ажрини берур)» (Нисо сураси, 128-оят).

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ушбу ояти карима эри у билан узоқ яшашни истамайдиган, турли  баҳоналар ахтариб, ундан ажрашмоқчи бўлаётган аёл ҳақида нозил бўлган” (“Асбоб ан-нузул”, Аҳмад ибн Воҳидий Найсобурий).

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоят қилишича, ояти каримада аёл муросаю мадора йўлини танлаб, фарзанд туғиб бериш иштиёқида бўлса-да, аммо эри уни ёқтирмаса, шунда унга: “Мени талоқ қилманг, сиздан бошқа суянчим йўқ”, дейдиган нозик хилқат эга­ларининг шаъни ҳимоя қилинган (“Асбоб ан-нузул”, Аҳмад ибн Во­ҳидий Найсобурий).

Ояти каримада келган “баъл” сўзи эр деган маънони англатади. Шу билан бирга, лалми ерга нисбатан ҳам мазкур сўз ишлатилади. “Нушуз” эса эрнинг хотинига жафо қилиши, нафақа ва яшаш жойидан маҳрум этиши, меҳр-шафқат кўрсатмаслигидир. Ай­рим ҳолларда жеркиб бериши ёки уришини ҳам ифо­далайди (“Кашшоф”, Имом Замах­шарий).

Ояти каримадаги “шуҳҳа” сўзи бахиллик, қизғанчиқлик, хасислик каби маъноларни англатади. Демак, нафс қизғанчиқ қилиб яратилган. Шу боис у доимо ўзини ўйлайди. Аллоҳ таоло инсонга “нафс” деб аталувчи бир табиатни бериб қўйганки, у фақат роҳат-фаро­ғат, шахсий манфаатни жалб қилади, бахиллик, ҳасад, кў­ролмаслик каби салбий сифатлар унда мужассам. Инсон бутун умрида ўз нафси билан курашиб ўтади. Шу кураши сабабли ажру савоб ва улуғ мартабаларга эришади. Оятда нафснинг энг ашаддий жиҳатларидан бири, бу бахиллик бўлиб, у оилавий можароларнинг асосий сабаби қилиб кўрсатилмоқда. Мана шу бахилликни енгган одам оилада ҳам, ҳаётда ҳам фаровонликка эришади.

Оила жамиятнинг ажралмас бўлаги бўлиб, қатъий қонун-қоидаларга бўйсунади. Наслнинг соғлом, солиҳ ва бардавом бўлиши, шу тариқа жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Аллоҳ таоло уни ўз ҳимоясига олган ҳамда унинг биринчи омили сифатида муросаю мадора қилишни белгилаб берган.

Ҳадиси шарифда: “Мўмин (эр) одам мў­мина (хотини)га ғазаб қилмасин. Агар у (аёл)нинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.

Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бу борада ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг хотинини ёқтирмагани учун талоқ қилмоқчи бўлган кишига айтган сўзлари жуда муҳим: “Ҳолингга вой! Оилангни муҳаббатдан бошқа нарсалар устига қурдингми? Риоя қани, уят қаерда қолди?”

Эътибор қилинса, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу танбеҳидан оила қу­ришдан мақсад ҳавои нафс эмас, балки аксинча, солиҳ фарзанд – насл қолдириш, Аллоҳ амрига мувофиқ жуфт бўлиб яшаш экани маълум бўлмоқда.

Баъзи эркакларнинг арзимас нарса боис хотинини сўкиши, уриши ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиши кишини ташвишга солади. Арзимас айб топиб, фарзандларингиз онаси, кечалари ухламай бола катта қилган, саҳар туриб уйингизни супурган, кийимингизни тозалаб, сизга ширин таомлар тайёрлаб берган заифа аёлга ғазаб қиласизми? Албатта, аёл кишининг айби бўлиши мумкин. Хатолар такрорланмаслиги учун унга яраша шароит яратиб бериш эркак кишининг вази­фаси эканини унутмаслик лозим.

Ҳадиси шарифда: “Яхшиларингиз (аёлларни) ҳеч қачон урмайдиганингиз” (Имом Ибн Можа ривояти), дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни аёлини уришдан қатъий қайтарганлар. Бино­барин, мусулмонлар орасида яхшилардан бўлишга истаган ҳар бир имон эгаси танмаҳрамига нисбатан фақат муло­йим, меҳрибон ва вафодор бўлишга инти­лиши лозим.

Нисо сурасида: «…Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (19-оят) деб марҳамат қилинган.

Мухтасар айтганда, мўмин киши аёлини қадрлаши, у билан муросаю мадора қилиши, ҳикматларда ай­тил­ганидек, уйлангунча иккала кўзини катта очиши, уйлангандан кейин бир кўзини юмиши, яъни аёлининг хато­ларини кечириб яшаши лозим. Шундагина оилалар мустаҳкам бўлади.

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ

Тошкент шаҳридаги “Катта Қозиработ” жоме масжиди имом-хатиби

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан