Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат

Чоп этилди Oktabr 21, 2019 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган бундай муҳаббатни фақат динига жиддий эътибор қилган инсонгина ҳис эта олади. Бунинг оқибатида, унинг асосий ғами яратилиш ҳикматига бўйсуниш бўлади, бошқача айтганда, унинг асосий ғами Улуғ ва Олий Зот Аллоҳга қуллик қилиш бўлиб, бу инсон фоний дунё ва унинг зеб-зийнатларидан кўра, абадий ҳаётни афзал санай олади.

Энди, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кў­ришга ундайдиган муҳим омилга келсак, бунинг замирида, айнан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқали биз ҳақ динга йўлланганимизни ва Ўз пайғамбарини жўнатиш билан Аллоҳ таоло бизни жаҳаннамдан қутқарганини ва у зотга эргашибгина бу боқий ҳаётда муваффақият ҳамда нажотга эришиш мумкинлигини анг­лаб етиш ётади. Илм соҳиблари, тақводор зотлар ва Ислом даъва­тини тарқатиш билан машғул кишилар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар энг аввало, Аллоҳнинг элчисига эргашганлари ва у зот (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) инсонларга келтирган нурнинг бир бўлагини қабул қилганлари туфайли севилишга лойиқдирлар. Қариндошлар, аҳлу аёл, фарзандларга бўлган севгига келсак, бу асли дунёвий севги бўлиб, у ўзаро хуш кўриш, ёқтириш ёки моддий манфа­ат­лар­дан келиб чиққан бўлади ва дунё тугаб:

 «…киши ўз инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию, болачақасидан ҳам қочадиган….» (Абаса, 34 – 36), кун келиши билан ниҳоясига етади.

Шу йўсинда инсон қалбининг кўпроқ қисмини аёлларга, болаларга, олтин-кумуш жамғариш каби дунёвий неъматларга муҳаббат эгаллаган бўлса, у ҳолда инсон ушбу нарсаларга эришиш йўлидаги жамики нарсаларни сева бошлайди. Қалбдаги бу севги энди дин аҳлига ва улар етакчиси, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га бўлган севги билан рақобатлаша бошлайди.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм