Мақолалар

Оғиздаги тош

Чоп этилди Yanvar 24, 2019 No Comments

Бир куни Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўтирганида одобсиз, ёмон феълли одам у зотга ёмон гаплар айтди. Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одобсизга бир сўз демас, баъзида табассум қилиб қўярдилар. Бадбахт кишининг одобсизлиги ҳаддан ошгач, Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) гапиришга мажбур бўлди. Шунда Аллоҳнинг расули (алайҳиссалом) ўринларидан туриб кетдилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) дарҳол у зотнинг ортларидан эргашди:

– Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), нега у одобсизлик қилганда индамадингиз? Мен бир оғиз сўз айтгач, ўрнингиздан туриб кетдингиз?

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар:

– Эй Сиддиқ, у беадаб сенга ёмон сўзлар айтаётганда Аллоҳ таоло бир фариштани жўнатган, фаришта унга жавоб бериб турганди. Сен ғазаб билан гап бошлаганингда фаришта кетиб, ўрнига шайтон келди. Иблис бор жойда мен ўтирмайман!

Шундан сўнг Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) кераксиз сўзларни айтмаслик учун оғзига тош солиб юрадиган бўлди.

Бу ривоят ёдимга тушса, қалбимни доимо қўрқув эгаллаб олади. Ҳақ бўлган ўринда қайтарилган жавоб у ерда шайтони лаъинни ҳозир этса, бизларнинг оғзимиздан чиққан қанчадан-қанча ўринсиз сўзлар ҳисоби қандай бўларкин?! Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)дек зот одобсизликка жавоб қайтариб, бир муддат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан суҳбатдошлик саодатидан бебаҳра қолган бўлса, хайрли амаллари оз, тоат-ибодатлари ислоҳга муҳтож биздек бандаларнинг оқибати қандай бўларкин? Расул (алайҳиссалом)нинг шафоатларидан бизга ҳам улуш тегармикин?!

Зеро, у зот мустафо (алайҳиссалом) тилни ножўя сўзлардан асрашга, имкон қадар сукут сақлашга буюрганлар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши гапларни гапирсин ёки жим турсин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ислом динида тилга бу қадар катта эътибор берилишининг боиси, тилнинг қалбга яқинлигидир. Тил ва қалб ўртасидаги узвий боғланиш ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Банданинг қалби тўғри бўлмагунча имони тўғри бўлмайди. Тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Ана шулар тўғрисида ўйларканман, жаннатийлиги башорат қилинган Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) эмас, аслида бугунги кун кишилари оғзиларига тош солиб юришлари керакмасми, деган ўй ўтади кўнглимдан…

Шундай тошлар қаерда?!

– Ота-онасига гап қайтараётган бола оғзига тош солсаю, гуноҳдан омон қолса?!

– Мусибатдаги мўмин ана шу тошдан фойдаланса-,ю Яратган Раббисига осийлик қилишдан сақланса?!

– Жаҳли чиққан киши оғзига тош солсаю, шайтоннинг хурсанд бўлишига имконият қолдирмаса?!

Нигора МИРЗАЕВА

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 1-сонидан

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan