Мақолалар

Фарзанд – оиланинг мустаҳкам занжири

Чоп этилди Oktabr 22, 2019 Фарзанд – оиланинг мустаҳкам занжириda fikr bildirishni o'chirish

Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабни давом эттирувчи, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Бежизга фарзандлар «жаннат райҳонлари» деб тавсифланмаган. Аммо фарзанд одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат, бахт ва хурсандчилик келтиради. Акс ҳолда…

Оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қил­маган инсон бўлмаса керак. Бироқ ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат, деган фикр мутлақо нотўғри. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмо­нан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тар­биялаш ҳақида қайғуришлари керак. Одатда, оталар оилани боқиш ва моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кўпинча кўчада бўлиб, оналар, асосан, уй ишлари ва фарзанд тарбияси билан машғул бўладилар. Гўё фарзанд тарбияси фақат онанинг вазифасидек бўлиб қолган. Лекин аслида, шариат кўрсатмасига кўра, фарзандлар тарбиясида ота ва она бирдек масъулдир. Ҳатто ота бу борада онадан ҳам масъулиятлироқ ҳисобланади. Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шакл­ланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали, меҳрибон табибнинг беморга муносабатига ўхшаш бўлиши даркор. Маълумки, солиҳ фарзандлар осмондан тушмайди, бал­ки ота-она назоратида оила ичида тарбияланиб етишади. Болалар тарбия­сига ёш вақтларида бепарво қараш, ёмон кишиларга аралашиб юришларига йўл қўйиш зарарли оқибатларга олиб келади. Содда қилиб айтганда, болалар – ҳар турли ёзув ёзиш мумкин бўлган оқ қоғозга ўхшайди. Унга мумкин қадар яхши ва гўзал ёзувлар ёзилиб қолиши ҳамма учун манфаатлидир. Улар тарбиясига астойдил киришиш, солиҳ кишилар бўлиб ети­шишлари учун бутун имкониятларни ишга солиш зарур.

Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий айтади: «Ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдида бурчи бор. Чунончи, ҳар бир ота ўз фарзанди номусли аёлдан туғилишига ҳаракат қилсин, токи туғилганидан кейин одамлар фар­зандга турли таъналар қилиб юрмасин. Болага чиройли исм қўйсин. Унга илму маърифат ўргатсин. Ота-она фарзандини ҳамиша ҳалол овқат билан боқсин. Ҳаромдан келган таом болага ёмон таъсир кўрсатади ва уни ҳаромхўрликка ўргатади. Бунинг учун, аввало, ота-онанинг ўзи ҳалол овқат ейиши керак. Шундагина пуштидан бўлган бола покиза туғилади. Она ҳам ҳомиладорлик пайтида ҳаром ва нораво овқатлардан, ношаръий ишлардан тийилиши керак».

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм