Мақолалар

РАСУЛУЛЛОҲДАН ТАБАРРУК

Чоп этилди Yanvar 24, 2019 No Comments

“Табаррук” арабча сўз бўлиб, луғатда “баракани талаб қилиш”; шаръий истилоҳда эса, “Аллоҳ таолодан бир нарса сабабли яхшиликни исташ”ни билдиради.

Пайғамбаримиздан қолган нарсалар (кийим, таом, шароб, идиш, соч-соқол, намоз ўқиган жойлари ва ҳоказо)ни табаррук қилишга уламоларимиз иттифоқи бор. Саҳобаи киромлар шундай қилишгани ҳақида ҳадис ва сийрат китобларида кўп маълумотлар зикр этилган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

Таҳорат сувларининг табаррук қилиниши. Расулуллоҳнинг муборак баданларига теккан нарса ила табаррукланишга ўта ҳарис бўлган саҳобаи киромлар у зотнинг таҳорат сувларини талашишарди. Етмай қолганлар сувдан насибадор бўлган саҳобалар қўлидаги намликдан табаррукланишган. “Фатҳул борий” китобида келади: “Саҳобаи киромларга бир хизмат айтсалар, уни шошилиб қилишарди. Таҳорат қилсалар, таҳорат сувларини талашишарди” (Бухорий ривояти).

“Авнул маъбуд” номли китобда бундай дейилади: “Бузоа қудуғи атрофида яшайдиганлардан бирортаси хасаталанса, қудуқ суви билан ювингин, унга Расулуллоҳнинг таҳорат сувлари тушган, дейиларди. Бемор ювингандан сўнг  гўё кишандан халос бўлгандек ўзини енгил ҳис қиларди”.

Мўйи муборакларининг табаррук қилиниши. Саҳобалар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг муборак мўйларидан бир тола бўлса ҳам олиш ғамида эди. Қайси бирларига бундан насиба тегса, идишга солиб, сув қуйиб, табаррук деб ичишарди. Уларнинг бу муҳаббатини кўрган Набий (алайҳиссалом) сочларини олдирсалар, асҳобга бўлиб берардилар.

Холид ибн Валид Ярмук урушида бош кийимини йўқотиб қўйди. Топилгандан кейин: “Буни яхши кўришим сабаби шу: Расулуллоҳ умра қилиб бўлиб сочларини қирдирдилар. Саҳобалар мўйи муборакдан насибадор бўлиш учун шошишди. Мен ҳаммадан ўзиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг пешона сочларига эришдим ва шу бош кийимим ичига қўйдим. У билан қайси жангга кирган бўлсам, мўйи муборак баракотидан ғалаба қозонганман”, деб айтди.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сочларини сартарош олаётганини кўрганман. Асҳоблари атрофларида айланиб туришарди. Бирор сочлари ергача етмас, албатта, бир саҳобий қўлига тушарди” (Имом Муслим).

Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида қуйидаги ривоятни келтиради: “Умму Салама (розияллоҳу анҳо) онамиз Пайғамбаримизнинг муборак сочларидан бир нечтасини идишда сақлар эди. Саҳобаи киромдан бирортасига кўз тегса ёки бемор бўлса, бир идишга сув тўлдириб онамизнинг ҳузурига келарди. Шунда онамиз Пайғамбаримизнинг муборак сочларини сувга ботирар, саҳобалар табаррук сувни ичиб, Аллоҳ қудрати билан шифо топишарди”.

Таомларининг табаррук қилиниши. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан қолган таомни ейишда бир-бирлари билан мусобақалашишарди. Бунга қуйидаги ривоят мисол: «Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳга ичимлик олиб келинди. Ундан ичдилар. Ўнг тарафларида ёш йигит Ибн Аббос, чап тарафларида эса катта ёшли саҳобалар ўтиришганди. Расулуллоҳ Ибн Аббосдан чап тарафдаги катта ёшли саҳобаларга ўзларидан қолган сувни биринчи узатишни сўрадилар. Ибн Аббос эса: “Ё Расулуллоҳ, сиздан менга келадиган насибани ҳеч кимга бермайман”, деб узр айтди. Шундан кейин Пайғамбаримиз сувни Ибн Аббосга узатдилар”.

Мазкур мавзуда сўз кетар экан, Пайғамбаримиз Мадинага янги борганларида Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу) уйида меҳмон бўлганлари ёдга тушади. У зот (алайҳиссалом)ни йўқлаб ҳар тарафдан Абу Айюбникига таом келар, хонадон соҳиблари ҳам овқат тайёрлашарди. Пайғамбаримиз ҳузурларидан қайтиб чиққан егуликнинг муборак бармоқлари теккан жойидан Абу Айюб хотини билан табаррукона ейишарди. Уламоларимиз шу ривоятни далил келтириб, улуғ устозлардан қолган таомни табаррук қилиб ейиш жоиз эканлигини айтишади.

Муборак либосларининг табаррук қилиниши. Асҳоб Пайғамбаримиз либосларига эришиш ва уни уйда сақлашга ўта ҳарис эдилар. Муборак либосни табаррукона кийишар, у ювилган сув эса беморларга Худонинг қудрати ила шифо бўлганини кўп кўришганди. Асмо бинти Абу Бакр уйидан яшил чопон чиқариб: “Бу муборак либосни Расулуллоҳ киярдилар. Биз уни ювиб, сувини беморларга берамиз. Муборак чопон баракотидан Аллоҳ таоло уларга шифо ато этади”, дегани ривоят қилади.

Муовия (розияллоҳу анҳу) айтади: “Менда Расулуллоҳнинг муборак кўйлаклари бор. Агар вафот этсам, уни менга кийгизиб қўйинг. Шояд Аллоҳ таоло унинг баракотидан менга раҳм қилса”.

Қўллари теккан муборак нарсаларни табаррук қилиш. Пайғамбаримиз ҳузурларига ҳар хил касалликка чалинган беморлар келса, муборак қўллари билан оғриқли ёки шишган жойни силардилар. Хасталар Аллоҳ таоло қудрати ила бироздан кейин ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб қайтишарди.

Собит (розияллоҳу анҳу) Анас ибн Молик ҳузурига келиб, қўл, кўзларини ўпар, “Бу қўллар Расулуллоҳни ушлаган, бу кўзлар эса у зотни кўрган”, дер эди.

Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз намоз ўқиган жойда намоз ўқишга ҳам ўта ҳарис эди. Ҳатто уйларига таклиф қилиб, бирор жойида намоз ўқиб берсангиз, биз шу жойни намозгоҳ қилиб оламиз, дейишарди.

Утбон ибн Молик (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз ҳузурларига бориб: “Ё Расулуллоҳ, кўзим хиралашиб қолди. Масжидга борадиган йўлимга ёмғир ёққан пайтда сел келади. Шу сабабли баъзида жамоатга келолмаяпман. Қани эди, уйимга бориб бирор жойида намоз ўқиб берсангиз, мен ўша ерни зарурат бўлган пайтда ўзимга намозгоҳ қилиб олардим”, деди. Пайғамбаримиз рози бўлдилар. Эртасига эрталаб ҳазрат Абу Бакр билан бирга бордилар. Утбон ибн Моликдан: “Уйингизни қаерида намоз ўқишни яхши кўрасиз?” деб сўрадилар. Уй эгаси ўзига ёқадиган жойни кўрсатди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатилган ерда намоз ўқидилар ва ҳазрат Утбон бу табаррук жойни  намозгоҳ қилиб олди.

Дарҳақиқат, саҳобалар Пайғамбаримизнинг: “Мен сизларга фарзандингиз, аҳли-аёлингиз, молларингиз ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча комил мўмин бўлолмайсиз”, деган маънодаги ҳадисларига оғишмай амал қилишган. Биз ҳам улардан ўрнак олиб, Расулуллоҳ суннатларига қаттиқ эътибор берайлик. Бажараётганларимизда бардавом бўлайлик, бажаролмаётганларимизни адо этишга ҳаракат қилайлик. Унутилаётган суннатларни эса тирилтирайлик. Шояд икки дунёда Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларида юзимиз ёруғ бўлса…

Ғуломиддин ХОЛБОЕВ,

ЎМИ Фатво бўлими ходими

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan