Мақолалар

Эрга итоат улуғ ибодатдир

Чоп этилди Oktabr 22, 2019 Эрга итоат улуғ ибодатдирda fikr bildirishni o'chirish

:عَنْ اَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ

«لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَدًا أَنْ يَسْجُدَ لأَحَدٍ لأَمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар инсонни инсонга сажда қилишга буюрганимда эди, аёлни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим”, деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифнинг асл моҳиятини ўрганиш, ҳаётга тўла татбиқ этиш, насиб этса, дунёда ҳам, охиратда ҳам саодат то­пиш учун айнан Аллоҳ таолонинг: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир…” (Нисо сураси, 34) ояти каримасини батафсил ўрганиш кифоя.

Оятнинг нозил бўлиш сабаби қуйидагича: «Ҳабиба бинти Зайд эри Саъд ибн Робиъга итоатсизлик қилди. Шунда Саъд уни бир шапалоқ урди. Ҳабиба отаси билан бирга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Унга қизимни тўшак қилиб берсам, уни урибди”, деб шикоят қилди. У зот алайҳиссалом: “Эридан қасос олсин”, дедилар. Улар қайтиб кетаётганида, Набий алайҳиссалом қайтариб: “Жаброил алайҳиссалом оят келтирди”, дея мазкур оятни ўқидилар. Сўнг: “Биз бир ишни хоҳладик ва Аллоҳ ҳам бир ишни ирода қилди. Аллоҳ ирода қилгани яхшидир”, дедилар (Имом Қуртубий ривояти).

“(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” (Нисо сураси, 34-оят). Ушбу жумлалардан эрга итоат этиш, унинг мол-мулки ва ўз иффатини сақлашга буюриш кўзланган. Демак, солиҳа аёлнинг сифати Аллоҳ ва эрига итоатли бўлишидир. Иккинчиси эса, нафақат эри ҳузурида, балки йўқлигида ҳам мол-мулки ва обрўси ҳамда ўз иффатини сақлай олишидир. Аёл бу ишларида Аллоҳнинг розилигини кўзлагани учун Парвардигор уни ўз ҳимоясига олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Шомга сафар қилди. У ерда аҳли китоблар ўз роҳиб ва олимларига сажда қилаётганларини кўрди. Қайтиб келганидан сўнг Пайғамбаримиз алайҳис­саломга (ҳурмат, эҳтиром, саломлашиш) саждасини қилди. Чунки Муоз ҳурмат-эҳтиромга энг ҳақли инсон Набий алайҳиссалом деб ҳисоблар эди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобанинг бу ишини маъқулламадилар. У зот алайҳиссалом саждага лойиқ зот Парвардигор эканини таъкидлаш билан бирга, аёлнинг зиммасида эрининг ҳақи кўплигини ба­ён этдилар.

Ҳадиси шарифдаги: “…аёлни ўз эрига  сажда қилишига буюрган бўлар эдим”, деган сўзни уламолар аёлнинг зиммасида эрининг ҳақлари кўп, шу боис у эрига сўзсиз итоат қилиши зарур, деб шарҳлаганлар. Аслида, фақат Аллоҳ таологагина сажда қилинади. У зотдан бошқага сажда қилиш мутлақо мумкин эмас. Агар мумкин бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, биринчи навбатда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлардилар. Чунончи, саждада таъзим бор, итоат ва бўйсуниш бор.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: “Одамнинг одамга сажда қилиши мумкин эмас. Агар одамнинг одамга сажда қилиши мумкин бўлганида, аёлнинг эрига сажда қилишини буюрган бўлардим. Чунки эрнинг аёлда ҳақлари кўп”, дейилган.

Бугун ушбу ҳадисга яхши риоя қилинмагани оқибатида кўплаб оилавий ажримлар кузатиляпти. Фарзандлар тирик етим бўлиб, жамиятда низолар кўпаймоқда. Абу Довуд Таёлисий “Муснад”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «На-бий алайҳиссалом: “Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда му­ҳофаза қиладиганидир”, деганлар».

Имом Аҳмад Абдурраҳмон ибн Авф ро­зияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, бир ой рў­засини тутса, фаржини сақласа ва эри­га итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади», деб марҳамат қилганлар.

Хулоса қилиб айтганда, аёл эрига итоат этиш орқали ҳам умр йўлдошининг меҳрини қозонади, ҳам савобга эришади. Энг муҳими, хотин эрига итоат этиш орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига риоя қилган, Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсунган бўлади. Натижа эса аён: оилада ҳузур-ҳаловат, хотир­жамлик ҳукм суриб, фарзандлар баркамол вояга етади.

 

Ўзбекистон халқаро ислом  академияси магистранти

Фарҳод АБДУСАМАД ўғли тайёрлади

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан