Мақолалар

Дин самимиятдир

Чоп этилди Oktabr 23, 2019 Дин самимиятдирda fikr bildirishni o'chirish

“Амаллар ниятга кўрадир. Ҳар ким ният қилган нарсасига эришади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг Расули учун бўлса, ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати мол-дунё ёки аёл учун бўлса, ҳижрат унинг учундир” (Муттафақун алайҳ).

Мазкур ҳадиси шарифда очиқ-ойдин айтилмоқда: “Нимани ният қилсанг, шунга яраша ажр оласан. Агар мол-дунё ёки бирор аёлга уйланиш учун йўлга чиққан бўлсанг, буни Аллоҳ ёки Расули учун қилгандек кўрсатма. Агар алдасанг, ўзинг алданиб қоласан”. “Дунё моли ёки бир аёлга уйланиш учун сафар қилинмайди”, ҳам дейилмаяпти. Бу каби мақсад ва унга интилиш табиий ҳол. Аммо бундай вазиятда амалларни Аллоҳ ва Расули учун, дея хаспўшлаш хато.

Расули акрам (алайҳиссалом)нинг: “Дин самимиятдир”, деган сўзлари мўмин учун ҳаёт мезонига айланиши лозим. Чунки амал дегани инсоннинг бутун хатти-ҳаракатларидан иборат охират озуқаси ҳисобланади.

Демак, “Дин самимиятдир” дегани:

– ўйинга, кўнгилхушликка айлантирмасликни;

– ўз манфаати учун мослаштирмаслик кераклигини;

– ҳар ишда Аллоҳ розилигини кўзлаш зарурлигини;

– амалларда нафсининг хоҳишларига бўйсуниш ўрнига, бандалик масъулиятини ўйлаш лозимлигини англатади.

Тирик одамнинг дунё ишлари билан шуғулланмаслиги имконсиз. Ҳар бир ишни ақли, қалби ва жисми билан амалга оширади. Муҳими, шу жараёнда дунё ва охиратни бир-бирига аралаштириб юбормаслик; охират учун амал қилаётгандек кўриниб, дунё манфаатларини қўлга киритишни кўзламасликдир.

Нигора АБДУМУХТОР қизи

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонидан