Мақолалар

“Фил” ва “аждаҳо” муросага яқин

Чоп этилди Oktabr 21, 2019 “Фил” ва “аждаҳо” муросага яқинda fikr bildirishni o'chirish

Дунё матбуотида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Хитой раиси Си Цизиньпиннинг учрашувини «Ҳинд фили ва Хитой аждаҳоси тинч яшашга қарор қилишди», қабилида таърифламоқдалар. Дарҳақиқат, Осиёда тинчлик ва барқарорлик иши кўп жиҳатдан мана шу икки қудратли давлатга боғлиқ.
Хитой ва Ҳиндистон раҳбарларининг учрашуви узунлиги 3,5 минг чақирим бўлган чегарадаги кескинликни юмшатишга ҳисса қўшди. Икки давлат манфаатлари тўқнаш келадиган Кашмир масаласида бош вазир Нарендра Моди ва ХХР раиси Си Цзиньпин учрашувидан кейин силжиш бўлди. АҚШ билан савдо урушига тортилган Хитой савдо айланмасидаги тақчилликни камайтириш мақсадида Ҳиндистон экспорти учун ўз бозорини кенгроқ очишга ваъда берди. Аммо палак отган эски зиддиятлар ечилмаган. Деҳлини ҳаммадан кўра, Пекиннинг Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ошиб бораётган таъсири кўпроқ ташвишга соляпти. Осиёнинг икки гиганти ўртасидаги муносабатларга узоқ вақтлардан бери давом этаётган рақобат соя солиб келган. 1960 йиллар бошида у қисқа муддатли урушга, оқибатда қўшни ҳудудда исёнчиларни қўллаб-қувватлашга айланиб кетди, сўнгра савдода баҳслар келиб чиқди. Ўз мамлакатларида Цзиньпин ҳам, Моди ҳам жуда кенг миқёсда устун лидерларки, бу каби ҳодисалар узоқ ўн йилликлар мобайнида кузатилмаган. Ҳар ҳолда Ҳиндистоннинг шарқий қирғоғидаги йирик порт шаҳар Ченнаида ва унга қўшни тарихий Мамаллапур шаҳрида улар бир-бирларини диққат билан тингладилар ва муайян маънода умумий тил топишишга эришдилар.
New York Times газетасининг ёзишича, Хитой Ҳиндистонни АҚШ билан янада яқинлашишдан тийиб туришга интилади. Ҳиндистон эса ХХР билан савдо алмашинувида мувозанатни тиклашни истайди, ҳозирча ХХР 60 миллиард долларлик устунликка эга.
Яна бир келишмовчилик соҳаси – бу чегара чизиғининг ўтиши борасидаги баҳслар. 2017 йилда ушбу баҳс Ҳимолай тоғларининг баланд қисмида ҳарбий қисмларнинг қарама-қаршилигига айланиб кетишига бир бахя қолди. Аслида Деҳли ҳам, Пекин ҳам яхши ўзаро муносабатлар уларнинг жаҳонда етакчи кучга айланишларига қаратилган режаларнинг амалга ошишига хизмат қилишини яхши тушунадилар.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Виджай Гокхаланинг сўзларига кўра, ХХР тақчилликни қисқартириш учун Пекин қадамлар ташлашга тайёрлигини маълум қилган. Шу боис юқори даражадаги амалдорлар гуруҳини ташкил этишга қарор қилинган. Ҳиндистон томонидан уни молия вазири Нирмала Ситараман, Хитой томонидан бош вазир ўринбосари Ху Чуньхуа бошқаради. Ушбу механизм орқали ҳиндлар ўз дорилари ва ахборот технологиялари компанияларининг Хитой бозорига кириб боришига умид қилмоқда. Хитой ўз навбатида, Ҳиндистонни АҚШ босимига ён бермасликка ва Huawei телекоммуникацион операторининг Ҳиндистонда 5G тармоғини яратиш таклифини қабул қилишга ишонтирган.
Гокхаланинг айтишича, Кашмир масаласи муҳокама қилинмаган. Бироқ, жаноб Си Цзиньпин Кашмир ҳудудида мудофаа соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш таклифини илгари сурган, бу билан ўзаро ишончни мустаҳкамлашни қасд қилган бўлиши мумкин. Агар Хитой ҳақиқатан ҳам бундай ташаббусни илгари сурган бўлса, бу муаммони ҳал қилиш йўлида сезиларли ташланган қадам бўларди. Зеро, Ҳиндистон ХХРнинг “кичик укаси” ҳисобланган Покистон билан кўп йиллик кескин баҳсларга гирифтор бўлган. Расмий Деҳли мамлакат Конституциясидан Кашмирнинг ҳиндларга тегишли қисмидан алоҳида мақомни бекор қилувчи моддани олиб ташлагач, Покистон ҳиндларни мусулмонларни камситиш ва ҳатто геноцидда айблади. Покистон бош вазири Имрон Хон ядровий уруш эҳтимолларини ҳам тилга олди.
Пекин, ўз расмийларининг баёнотига кўра, Покистонга дипломатик қўллов кўрсатишга тайёр, бироқ ҳарбий можарога аралашиб қолиш иштиёқида эмас. Ахир, Хитойнинг ҳам Покистон каби Кашмирнинг бир қисмига даъвоси бор. Кашмир шимолидаги баланд тоғли Аксай Чин Пекин назорати остида. Хитойликлар у ердан Покистонга йўл тортишган.
Бир сўз билан айтганда, Пекин ва Деҳли ораларидаги зиддиятни изга солишга қарор қилишди. Покистонда эса бу воқеа Хитой томонидан хоинлик сифатида баҳоланиши мумкин. Аммо Исломобод сармоялар ва кредитларга муҳтожлиги сабабидан Пекинга эътироз билдиролмайди.
Албатта, Пекин ва Деҳли икки мамлакат ўртасида янги саҳифа очилишини истайди. Бунинг учун чегара муаммоси барҳам топиши керак. Тўғри ҳинд-хитой чегарасида келишмовчилик ечилмади. Аммо узоқ вақт давомида бирор ўқ узилгани ҳам йўқ. Мабодо бирор участкада қарама-қаршилик бошланган тақдирда ҳам, воқеа жойининг ўзида ҳарбий қўмондонлар масалани тинч йўл билан ҳал қиляпти. Бошқа томондан асабийлашишга ундовчи муаммо бор. Кашмир – ҳамон оғриқли нуқта. Савдо масаласига келадиган бўлсак, уни мувозанатга келтириш осон бўлмайди.
Нарендра Моди билан учрашув якунлангач Си Цзиньпин тоғли мамлакат Непалга йўл олди, унинг назорати устидан Ҳиндистон ва Хитой бир неча йиллардан бери кураш олиб бормоқда. Непални ташқи дунё билан боғловчи барча муҳим савдо йўллари Ҳиндистон қўлида қолмоқда. Лекин Чиннинг “Бир макон – бир йўл” лойиҳаси Непалнинг иқтисодий юксалишига хизмат қилмоқда. Хитойликлар катта йўллар, аэропортлар, электростанцияларни қуриш ёки яхшилашда ёрдам кўрсатишди. Навбатда Катмандуни Хитойнинг Тибети билан боғловчи темир йўл қурилиши турибди. Хуллас, Непал масаласида ҳам Пекин ва Деҳли ўртасида рақобат бор. Ҳиндистонда олиб борилган мулоқотлар ана шу рақобатни ҳамкорликка айлантирса ажаб эмас.
Абдували Сойибназаров,
сиёсий шарҳловчи